Мақолалар

У қоқилмас уловдир

Инсон комиллиги унинг фазилатларига боғлиқдир. Фазилатлари ортган сари камолотга эришиб боради. Инсон камолига боис фазилатлардан бири сабрдир. Сабр нафснинг буйруқларига эргашишдан тийилишдир, динимиз амрларини нафс майлларидан устун қўйишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр ҳақида бундай деганлар: “Бош тана учун қанчалик керак бўлса, сабр ҳам иймон учун шунчалик кераклидир”.

Иймон тақозо қилган иффат, ўзини босиш, шижоат, ҳилм, бағрикенглик, қаноат каби яхши хулқлар сабрда мужассамдир. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида жуда кўп ўринларда сабрга чақиради ва сабр қилганларга юксак мукофотлар борлигини баён қилади. Жумладан: Аммо сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор”, дейди (Ҳуд сураси 11-оят).

Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда – борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида эса шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган хадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминларгагина бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таоло яна: “Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”, дейди (Бақара сураси, 153-оят).

Банда Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни ва ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтиши учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаши учун ҳам сабрли бўлиши керак. Уламоларимиз сабрни учга бўлганлар:

Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.

Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.

Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Инсонга заррача озор етса, билингки, буларнинг ҳаммаси бошга келган мусибат ҳисобланади. Инсоннинг бошига тушадиган мусибат ва мушкулотлар эса Аллоҳ томонидан синов тариқасида, бандасининг иймонини имтиҳондан ўтказиш учун юборилади. Масалан, уйда чироқнинг ўчиб қолиши ёки табиий газнинг маълум вақтгача келмаслиги ҳам мусибат. Бундай пайтларда шошма-шошарлик  билан  оҳ-вой қилишни ўрнига, сабр-қаноат ва чидам билан туришлиги керак бўлади. Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр қоқилмас уловдир, қаноат қайрилмас қиличдир”, деганлар.

Ҳадиси шарифда “Сабр ёруғликдир” дейилади. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намоён қилади. Яна бошқа ҳадиси шарифда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар. Сабр ҳақида ҳикматли сўзлар жуда кўп. Улардан бирида бундай дейилади: “Ким боқийликни истаса, мусибатларга сабрли қалб ҳозирласин”. Чунки Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Бунинг учун киши иродали бўлмоғи, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам неьмат деб билиб, Парвардигорнинг хукмларига сабр билан собит туришлиги мақсадга мувофиқдир. Сабр ва чидам йўлини тутган одам гуноҳ қилишдан қўрқади, ёмон ишлардан юз ўгиради, саботли бўлади, ғафлатда қолмайди, ризқ бўлмиш ноз-неъматлар қадрини билади, яхшилик қилиш, ёмонликдан узоқ бўлиш ҳаракатига тушиб, тавба қилиш бахтига эришади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳамма ишларимизда сабр ва қаноатли бўлишлигимизни насиб айласин!

Абдуҳалим ТЎХЛИЕВ,
Ёзёвон тумани бош имом-хатиби

3411 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top