Мақолалар

Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади

Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хўш, бу борадаги ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нималардан иборат? Уларга дунё жамоатчилиги ҳамда халқаро экспертлар қандай баҳо бермоқда? Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда кечди.

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Президентимиз томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда, — дейди муфтий ҳазратлари. — Бу иқтисодиётни ривожлантириш бўладими ёки жамиятни янада демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувликни таъминлаш, таълим, тиббиёт, спорт ва маданиятни янги пағонага олиб чиқиш ёхуд дунё жамоатчилигига очилиш, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш бўладими, буларнинг барчаси, аввало, халқимизни рози қилиш, тинч ва фаровон ҳаётга эришишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, бугун ана шу ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўз тақдири мисолида яққол ҳис қиляпти.

   Барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам аҳамияти беқиёс ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Янгидан барпо этилаётган масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташриф буюраётгани, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани юртимизда ислом илмини янада равнақ топтиришга, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, маърифат ва эзгулик моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ва тарғиб этишга хизмат қилишини, мўмин-мусулмонларга янада кенг шарт-шароитлар яратишини нафақат халқимиз, балки жаҳон аҳли юксак эътироф этаётир.

Бу борадаги ишларнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканини инсон онгу тафаккури, қалбига қаратилган таҳдидлар, айниқса, ғўр ёшлардан турли номаъқул мақсадларда фойдаланиш тобора кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали давр яққол кўрсатиб турибди. Шу билан бирга, мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзларининг амалий тасдиғи, ҳаётий исботига айланмоқда.

— Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани рост. Шунга қарамай, бугунги кунда айрим юртдошларимиз, асосан, ёшлар тор фикрлаш, илмсизлик қурбонига айланаётгани сир эмас. Чет давлатларга ишлаш учун бориб, буткул ёт оқимлар таъсирига берилиб қолаётган, ҳатто ўз эътиқодини хато ҳисоблаб, ундан воз кечаётган ёки ота-онасига терс бораётган, боласини тирик етим қилиб ташлаб кетаётган, ҳирсга, нафсга қул бўлаётган кимсалар — сўзимиз исботи. Шу каби муаммоларни бартараф этишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Дарҳақиқат, ҳар бир онгли инсонни чуқур ўйлантириб, ташвиш ва хавотирга соладиган ушбу масалалар — бугунги куннинг долзарб мавзуси. Айтиш жоиз бўлса, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, соғлом маънавий муҳит, эртанги кунимиз ободлиги, фарзандларимиз, набираларимиз тақдири ва келажаги айни шу масалаларни самарали ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ.

Шу боис Президентимиз дин ва маърифат аҳли, ёшлар масаласига дахлдор мутасадди идоралар вакиллари билан бўладиган ҳар бир суҳбатда, учрашув ва йиғилишларда мазкур муаммоларга эътибор қаратади, уларни самарали ҳал этиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар беради. Жумладан, 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуида ўтказилган анжуманда шу йўналишда олиб борилаётган ишларни атрофлича таҳлил қилиб, уларни танқидий баҳолаб, ўз ечимини кутаётган долзарб вазифаларга батафсил тўхталиб ўтган эди.

Ўз навбатида, билдирилган таклиф ва тавсияларга жавобан диний идорамиз томонидан юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни турли адашган оқимлар таъсиридан асрашга қаратилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Ушбу дастур мазмун-моҳиятида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси тўла акс этгани эътиборлидир.

Дарҳақиқат, жамиятда учраётган иллатларни бартараф этишнинг энг мақбул йўли илм-маърифатдир. Тилимиздаги “жаҳолат” атамаси билимсизликни англатади. Яъни жоҳиллик ҳақиқатдан бехабарлик, асл моҳиятни билмасликдир. Дини мубинимиз инсон тарбиясида, аввало, жоҳилликни бартараф этишга алоҳида диққат қаратади. Жумладан, бу борада қатор ишларни олиб боряпмиз. Аввало, хорижга меҳнат сафарига кетаётган ёшлар билан ўз дини, она Ватани ва оиласига содиқ бўлиш ҳақида суҳбатлар ўтказиляпти. Зеро, чет элда турли ботил ғояларга алданмаслик, миссионерлар тузоғига тушиб қолмаслик учун киши, аввало, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини яхши англаши, ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозим. Динга қизиқиш кетидан алданиб қолмаслик учун фақат эътиборли уламоларга қулоқ тутиш ва расмий нашрларни мутолаа қилишни тавсия этяпмиз. Шунингдек, йигитларимизга Ислом дини таълимотларида оила ва фарзандлар моддий таъминоти эр кишининг зиммасидаги бурч экани тушунтирилмоқда.

Мамлакатимиздаги энг тажрибали имом-хатиблар Россия, Қозоғистон,  АҚШнинг турли ҳудудларига хизмат сафарлари уюштириб, шу мамлакатларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан маърифий суҳбатлар ўтказаётир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва етакчи диний соҳа ходимларининг интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифалари фаол ишлаб турибди. Уларда тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш ёки онлайн савол-жавоб қилиш имконияти яратилган. Хорижда фаолият юритаётган ватандошларимиз доимий тарзда ушбу тармоқларга боғланиб, ўзларини қизиқтираётган, жоиз бўлса, қийнаётган масалаларга жавоб олмоқдалар.

Шунингдек, четдан қайтган юртдошларимиз хонадонларига борилиб, улар билан очиқ, самимий суҳбатлар уюштирилмоқда. Бундан ташқари, имом-домлаларимиз жума мавъизаларида ҳамюртларимизга турли ақидапараст оқимлар ғояси халқимиз эътиқод қилиб келаётган мотуридия ақидаси ва ҳанафий мазҳабига мутлақо ёт эканини тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан мисоллар билан, ишончли далиллар асосида мунтазам тушунтириб бормоқда.

Келгусида хорижда ишлаётган яқинларимизга ўзимизда чоп этилган диний-маърифий адабиётлар, турли зарарли иллатлардан огоҳлантирувчи буклетларни етказиб бериш, улар билан мулоқотнинг янада самарали усул ва услубларини ҳаётга татбиқ этишни режалаштирганмиз.

Тарбиячи, аввало, тарбияланган бўлиши лозим, дейди халқимиз. Ушбу ҳикматдан келиб чиқиб, имом-хатиблар, профилактика инспекторлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли ходимлари учун малака ошириш ўқувлари ташкил этилмоқда. Бу ўқувларда улар муборак динимизнинг асл моҳияти ҳамда адашган оқимларнинг ғаразли ғоя ва мақсадлари билан таништириляпти.

 Турли алдовларга учиб, тўғри йўлдан адашган ва эндиликда қилган ишининг нотўғри эканини англаб етган фуқароларимиз, уларнинг фарзандларини жамоат ишларига, дунёвий турмуш тарзига, хусусан, турли маънавий-маърифий тадбирлар, илм-фан ва касб-ҳунар тўгараклари, спорт мусобақаларига жалб қилиш эътиборимиз марказида.

— Яқинда бир гуруҳ сиёсий арбоблар, уламолар, диншунос олимлар билан бирга АҚШ пойтахтида бўлиб қайтдингиз. Ушбу сафардан кўзланган мақсад-муддаолар нималардан иборат эди?

— Океанортида АҚШ давлат департаменти, АҚШ Тинчлик инстутити, Хелсинки комиссияси раҳбарияти, АҚШ сенати аъзолари, АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртис, АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Дейл Браунбек билан мулоқотлар ўтказдик. Учрашувларда Ўзбекистонда диний эркинликлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ютуқлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари турли йиғинларда мамлакатимизда диний эркинликлар, конфессиялараро тинчлик ва тотувликни таъминлаш борасидаги янгича ёндашувлар тўғрисида маълумот етказдилар. Соҳа мутахассислари ва экспертларига мамлакатимизда диний эркинликни таъминлаш ва ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида кенг ахборот тақдим этилди. Ушбу соҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган, мамлакатимиз ҳаётини янада фаровонлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим ва узвий қисми экани алоҳида таъкидланди. Эътиборлиси, мазкур мулоқотларда Ўзбекистонда эътиқод ва дин эркинлиги каби инсоннинг асосий ҳуқуқлари изчил таъминланаётгани юқори баҳоланди.

АҚШ сафари давомида Вашингтон шаҳридаги “Муҳаммад” номли жомеда мўмин-мусулмонлар билан дилдан мулоқот қилдик. Суҳбатдошларимизга Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, улар бебаҳо илмий меросининг жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, мўмин-мусулмонлар ҳаёти, янги очилаётган масжид-мадрасалар ва илмий мактаблар фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб бердик.

Ўзбекистон делегациясининг бу каби мулоқотлари мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганининг яна бир тасдиғидир.

— Ўзбекистонда диний эркинликлар, жумладан, эътиқод ва ибодат амалларига ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Фуқароларимиз исталган динга эътиқод қилиши ва ўша диннинг арконларини бажаришига бирор-бир чегара қўйилмаган. Лекин баъзи хорижий сайтлар ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда салбий фикрлар айтилганига кўзимиз тушади. Бунинг боиси нимада, деб ўйлайсиз?

— Дин ва эътиқод масаласи инсон маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб, улар кеча ёки бугун пайдо бўлган тушунчалар эмас. Ҳар бир замон ҳамда  маконда дин ва эътиқод каби ўта ҳассос туйғуларга дахл қиладиган кучлар, уларни турлича талқин этадиган шахслар учраб туради. Мамлакатимизда дин ва эътиқод бобида яратилган шарт-шароитларни, мусулмонларга берилаётган имкониятларни ғаразли мақсадда талқин қилаётганларга шу жиҳатдан баҳо берган маъқул.

Интернетдаги баъзи ахборот манбаларида масжидларимиз атрофида ички ишлар идоралари ходимларининг туриши намозхонларнинг диний арконларини эмин-эркин бажаришига тўсқинлик сифатида баҳолангани ҳақиқатга қанчалик мос? Ушбу ҳолатга виждонан ёндашсак, холис назар билан қарасак, бу аксинча, ибодат қилувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга, хотиржамликка хизмат қилаётганини англашимиз қийин эмас. Ёки баъзи юртдошларимизнинг диний қарашлари учун босим остида қолаётгани ҳақидаги уйдирмаларни олайлик. Бугун юртимизда билиб-билмай адашган, турли алдов ва фириблар қурбони бўлган инсонлар ҳам авф этилиб, уларга бағрикенглик кўрсатилаётганини ким билмайди?! Президентимиз ташаббуси билан ҳатто 156 нафар ўзбекистонлик аёл ва боланинг Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ўчоғидан Ватанимизга қайтарилганини жаҳон афкор оммаси юксак инсонпарварлик намунаси сифатида эътироф этди. Диний қарашлари туфайли “қора рўйхат”га киритилган минглаб юртдошларимиз бугун эмин-эркин. Уларни “Сен рўйхатдасан, нима қиляпсан?”, деб ҳеч ким безовта қилаётгани йўқ. Бугун уларнинг олдига бораётганлар ҳам назорат учун эмас, яхши ниятда, “Нима камчилиги бор экан, қандай ёрдамимиз тегаркан?”, деган ўйда бормоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, уларнинг иссиқхоналар қуриши, ишга жойлашиши, жамиятда ўз ўрнини топиши, маҳалла билан аралашиб кетишига кўмаклашиляпти.

Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни тайёрлашда фаол иштирок этмоқдалар. Уламолар ўзларининг аниқ ва асослантирилган таклифларини тақдим этдилар ҳамда улар қонун лойиҳасига киритилди.

Бу борадаги ишларимиз мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилишига ишонамиз.

 

 “Халқ сўзи”.

2903 марта ўқилди

Мақолалар

Top