Мақолалар

Уламоларни яхшилик билан эслайлик!

Уламолар ҳақида ёмон гап гапириш, ғийбат қилиш мунофиқлик бўлади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдан кимдир уламоларни, имомларни, аҳли илмларни ёқтирмаслик, орқасидан гапириш мунофиқлик саналадими, деган маънода савол берганда, Шайх ҳазратлари “Мунофиқнинг каттаси бўлади” деган маънода жавоб берганлар.

Ижтимоий тармоқларда Динни холис етказиш ҳақида мақола қўйилса, остида аҳли илмлар, имомлар ҳақида ёмон гаплар, ғийбатлар ёзиб изоҳ қолдириш ҳам юқоридагидек ҳукмда бўлади.

Бундай ишлардан эҳтиёт бўлайлик!

Қайси имом домланинг айблари бўлса, номларини ёзиб, оммага эълон қилмай, ўзларига айтиш керак. Чиндан насиҳат қилишни истаган, насиҳатни ўша инсоннинг ўзига айтади. Шарманда қилишни истаган эса, ўша инсоннинг исмини, камчиликларини ёзиб, оммага эълон қилади. Зеро, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Агар менга ёлғиз ўзим турганимда насиҳат қилсанг, чиндан насиҳат қилган, агар одамлар ичида турганимда насиҳат қилсанг, шарманда қилган бўласан” деганлар.

Салафи солиҳларимиздан бирлари: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади, ким уни еса, ўлади” деганлар. Ғийбат қилиш биродарининг гўштини ўлганидан кейин ейишга тенглаштирилганини ҳисобга олсак, уламоларни ғийбат қилаётган одам заҳарли гўшт еяётган бўлади. Бундай гўштни еган кимса ўлар экан, шу ғийбатга қулоқ солган киши эса касал бўлар экан.

Дуоларимизда уламоларимизни, устозларимизни, имом домлаларимизни, аҳли илмларни унутмайлик! Ўтганларини ҳам, ҳаётларини ҳам яхшилик билан эслайлик!

Аллоҳ таоло ўтиб кетган барча уламоларимизни, устозларимизни, имом домлаларимизни, аҳли илмлар ва мударрисларни раҳматига олсин! Ҳозирда яшаб турганларини Ўз паноҳида асрасин! Ўзининг розилигини кўзлаб қилаётган хизматларининг ажру савобини кўпайтириб берсин! Барчамизни Ҳақ Йўлда собитқадам қилиб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2301 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Тезкор бургут Одамлар нима деркин?! »

Мақолалар

Top