Мақолалар

Жаннат ва дўзах абадийдир!

Аллоҳ таоло кофирларнинг жаҳаннамда, мўминларнинг жаннатда абадий қолишларини баён этиб шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أُوْلَئِكَ هُمْ شَرُّ الْبَرِيَّةِ إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُوْلَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ جَزَاؤُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ جَنَّاتُ عَدْنٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَداً رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ذَلِكَ لِمَنْ خَشِيَ رَبَّهُ

“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадурлар, у ерда абадий қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонларидир. Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшиларидир. Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турган жаннат “адн”дир. У ерда абадул абад қолажаклар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У зотдан рози бўлдилар. Бу Роббисидан қўрққанлар учундир (Баййина сураси, 6-8-оятлар).

Ушбу оятда кофирларнинг дўзахда, мўминларнинг эса жаннатда абадий қолишлари баён этилмоқда.

Хўш, “Абадий” нима дегани?

“Абадий” – “Ниҳояси йўқ”, “Ҳеч қачон тугамайдиган” деганидир.

Менинг ёшим 36 да. Сизники 40 да. Яна бировники 80 да. Бутун бир умр 80-90 йил бўладиган бўлса, шу муддат ичида қанча воқеалар бўлиб ўтади.

Аммо «абадий» деган сўз 36 йил ҳам, 40 йил ҳам, 100 йил ҳам, 1000 йил ҳам, 5000 йил ҳам, 500 000 йил ҳам, 5 миллион йил ҳам, 100 миллиард йил ҳам, 80 триллион йил ҳам эмас.

Абадий жаннат – ниҳоясиз, ҳеч қачон тугамайдиган роҳат-фароғат, неъмат масканидир.

Сиз жаннатда истаган мевангизни ниҳоясиз муддат еяверасиз.

Сиз жаннатда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида тўхтовсиз иштирок этасиз, этаверасиз, тинглайверасиз, юзларига назар солаверасиз, миллиард йиллар давомида суҳбатлашасиз, аммо муддат тугамайди, вақт чегараланган эмас.

Сиз жаннатда Роббул оламийннинг Карамли Жамолини ҳар куни кўрасиз, тўхтовсиз кўрасиз, ТУГАМАЙДИГАН БАХТ ичида бўласиз.

Абадий дўзах эса, азоби ҳеч қачон тўхтамайдиган, тугамайдиган жойдир. Аллоҳ барчамизни бундан асрасин!

Аллоҳ таоло барчамизни абадий Жаннатига дохил айлаб, Карамли Важҳига назар солишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2924 марта ўқилди

Мақолалар

Top