Мақолалар

Анъанавий мусулмончилигимиз асослари

Бугун дунёнинг барча мамлакатларида турфа тилларда гаплашадиган турли миллат ва ҳатто ташқи кўринишию, танасининг рангигача бир-биридан фарқ қиладиган 1 миллиард 600 миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади. Милоднинг VII асрида биргина инсон – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқали тарқалган ислом динига эътиқод қилувчиларининг сони бугунга келиб дунё аҳолисининг деярли 23 % ини ташкил қилди.

Ислом дини – дунёнинг энг навқирон дини (бизнинг эътиқодимиз бўйича ундан кейин бошқа дин эълон қилинмаган, бўлмайди ҳам), энг порлоқ, энг гўзал, энг мўътадил, энг халқпарвар, энг бағрикенг дини эканлиги бутун дунёда эътироф этилмоқда.

Шу дин сабабли насл насабимиз буюк бўлган, шу сабабли ҳаётимиз тартибга солинган, шу орқали инсоний хулқ-атворимиз шаклланган, шу асосида оиламиз, жамиятимиз ташкил топган. Имонимиз шу дин устига қурилгандир.

Шу динда туғилганмиз. Шу дин сабабли она тупроғимизни (тупроқдан яралиб, тупроққа қайтганимиз учун) севганмиз, Ватан қадрини билганмиз, уни асраганмиз, шаънини улуғлаганмиз, кўзимизга тўтиё қилганмиз, унга хиёнат қилмаганмиз, унинг ҳажрида кўз ёш тўкканмиз, жонимизни фидо қилганмиз. Мусулмончилик бизнинг онамиз, ватанимиздир.

Бу дин “Бухорий, Ибн Сино, Фарғоний, Самарқандийлар авлодимиз” деб, улар билан фахрланишимизга имкон яратган. Бугун биз “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман” деб ғурурланиимиз шу дин иноятидандир. Мусулмончилик бизнинг фахримиз, ғуруримиздир.

Мусулмончилик бизнинг қон-қонимизга, онгу-шууримизга теран сингиб кетгандир. Бизнинг молимиз, жонимиз, шаънимиз мусулмончиликдадир. Мусулмончилик бизнинг ҳаётимиздир.

Дин бизга Бухорий, Мотуридий, Марғиноний, Термизийлар каби буюк аждодлардан, истибдод даврида бу динни худди чўғ ушлагандай кўтариб, бизгача етказиб берган раҳматли ота-боболардан, момолардан меросдир. Асрлар давомида бу динни авлоддан-авлодга соф ҳолида етказиб, асраб келамиз. Миллатнинг анъаналари диндан яралган ёки анъаналар динга сингиб, миллат ва диннинг бир бутунлигини касб қилган. Бугун бизнинг онгимизда миллат ва дин сўзлари бир маънони англатади: ўзбек – мусулмон; Ўзбекистон – мусулмон диёр. Мусулмончилик меросимиз, ўзимизга хос анъанамиздир.

Бизнинг мусулмонлигимиз энг катта бойлигимиздир ва бундан буён ҳам шубҳасиз шундай бўлиб қолади.

Бироқ айрим ҳолларда бу бебаҳо бойлигимизни арзонга сотиб қўймоқдамиз. Ўз анъаннавий динининг қадрига етмай, қандайдир тайинсиз одамларнинг ғоясига эргашган ғўр ёш мисолида оладиган бўлсак, у ўзининг шаънини, обрўйини, тарихини, маданиятини, анъанасини, аждодлари меросини арзимаган “нарх"га баҳолади.

Мамлакатимизнинг биринчи президенти (Худо раҳматига олсин) 1998 йилда дунё минбаридан туриб терроризм хавфидан барчани огоҳ қилган эдилар. Ўша пайтда уларнинг сўзларига эътибор бермаганлар, бугун келиб ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам террорчилик содир этилаётгани мисолида, ўша минбарда айтилган сўзларнинг қанчалик ҳақ эканлигини эътироф этмоқда.

Биз огоҳ халқмиз. Аммо 1999, 2004 йилларда биз ҳам террорчиликдан жабр кўрдик. Доим бир-биримизни огоҳликка, ҳушёрликка чорлаб келаётган бўлсакда, айрим фарзандларимиз террор тузоғига илиниб қолаётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Ўзимизнинг жигарларимиз Суриядаги жангларда қон кечмоқда, охир-оқибат кафангадо бўлмоқда. Уларнинг ҳаммаси дин номидан алданган ғўр ёшлардир. Бундан келиб чиқадики, биз фарзанларимизга асл дин нима эканлигини яхши тушунтира олмаганмиз, унинг асл моҳиятини тўғри етказиб беролмаганмиз. Оқибатда улар интернетда танишган “ҳижрат”, “жиҳод”, “куфр”, “дорул ҳарб”, “шаҳидлик” ва яна бир қанча қасддан моҳияти ўзгартирилган тушунчалар билан заҳарланган. Натижасини кўриб турибмизки, улар ўз она тупроғини оёқости қилишга тайёр жирканч махлуқларга айланган. Бу эса миллат учун фожеадир.

Аслида ҳар бир инсон ўзлигини чин юракдан ҳис қилса, фарзандлари, ён атрофидагилари тақдирига бепарво бўлмасдан, буни тушунтирса, ўйлаймизки бизни ҳеч ким, ҳеч қандай ғоя билан йўлдан уролмайди.

Биз диннинг муқаддаслиги, унинг бизга аждодлардан мерос эканлиги, у фақат тўғри йўлни топишимиз учун бизга берилган илоҳий маслак эканлиги, у ҳеч қачон ёмонликни тарғиб қилмаслигини уқтиришимиз лозим.

Дин инсонга берилган қисқа, омонат ҳаётни тўғри кечиришга ундовчи, унинг ҳар бир лаҳзасида дунёни гўзал ва обод қилишга чорловчи дастурдир.

Аммо хунрезлик билан шуғулланаётган террорчилар қайси динга амал қилмоқдалар?!. Жиҳод деб ёш болалар, ҳомиладар аёллар, қариялар, қўйингки, дуч келган бегуноҳ инсонни вахшийларча ўлдираётганларнинг эътиқоди тўғрими ёки тинчликни асраган, оналар ва болалар соғлиги учун қайғурган, кексаларни эъзозлаган, динидан, миллатидан қатъи назар, барчани бирдек севган, юрт равнақи учун, келажак авлоди учун бунданда обод, бунданда фаровон юртни мерос қолдиришга ҳаракат қилаётганларникими?!

Гўзал, тинч, осуда ҳаётимизга кўз тегмасин. Ўзимизни, фарзандларимизни, жамиятимизни, авлодимизни, келажагимизни асраш йўлида олиб бораётган саъй ҳаракатларимизга Яратганнинг ўзи қувват берсин.

 

Муҳаммадамин Насриев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ходими

4863 марта ўқилди

Мақолалар

Top