Мақолалар

“Маҳкумлар кун тартибини бузмаган ҳолда намоз ўқишлари мумкин”

Бугун, 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Тошкентдаги Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда мутасаддилардан маҳкумларнинг диний ибодатлари учун яратилган шароитлар ҳақида сўралди.

Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бошқармаси бўлим бошлиғи Жамшид Султоновнинг Азон.уз мухбирининг саволига жавобан айтишича, юртимиздаги барча жазони ижро этиш муассасаларида ягона кун тартиби мавжуд бўлиб, бу тартиб муайян динга мансуб маҳкумларга мослаб тузилмаган. Жамшид Султонов буни маҳкумлар орасида турли динларга мансуб кишилар борлиги билан изоҳлади.

“Ким кун тартибини бузмаган ҳолда ўз ибодатлари билан шуғулланадиган бўлса, унга ҳеч ким эътироз билдирмайди, унга нисбатан жазо чоралари қўлланмайди, – деди Ж. Султонов. – Айтайлик, кимдир эрталаб соат тўртда туриб намоз ўқиса ёки саҳарлик қилиб, кун бўйи рўза тутишга кучим етади деса, ҳеч ким унга мажбурлаб тушлик қилдирмайди”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2737 марта ўқилди

Мақолалар

Top