Мақолалар

Қурбон ҳайити куни бажариладиган 10 амал
  1. Ғусл қилиш.
  2. Янги кийимларни кийиш.
  3. Хушбўйланиш.
  4. Қурбон ҳайити намозидан қайтиб, ўзининг қурбонлиги гўштидан егунга қадар ҳеч нарса емай туриш.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқиш суннатлигини нотўғри тушуниб, қурбон ҳайитида куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга улар ушбу кун саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бу нотўғридир. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амаллардандир. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.

 

  1. Масжидга имкон бўлса пиёда, эрта бориш ва йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) ҳамда такбир (Аллоҳу акбар) айтиш.

 

  1. Ҳайит билан муборакбод этиш.

Саҳобалар: “Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин”, деб бир-бирларини ийд билан табриклашарди.

  1. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш.

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.

 

  1. Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

 

  1. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

3214 марта ўқилди

Мақолалар

Top