Мақолалар

1 Октябрь – “Устоз ва мураббийлар” куни

Авваломбор барча устоз ва мураббийларни, заҳматкаш ва меҳрибон устозларимизни “Устоз ва мураббийлар” байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Дилларимиздаги энг яхши тилакларимиз сизга бўлсин. Таълим-тарбия йўлларида ҳорманг-толманг. Ушбу савобли ишларингизда Аллоҳ таоло доимо мададкор бўлсин.  

Бугунги кунда юртимизда минглаб мактаб, лицей, коллеж, диний мадрасалар, диний олийгоҳлар   дунё стандартларига жавоб берадиган қилиб бунёд қилинди, қайта таъмирланди. Узоқ қишлоқ ва тоғли ҳудудларда ҳам мана шундай гўзал илм даргоҳларини кўриб кўзинг қувонади. Айниқса, турли-туман китобларнинг чоп этилиши, бизни хурсанд қилади. Эрта тонгдан мактабга тўп-тўп бўлиб бораётган ёшларни кўриб кўзинг қувонади. Уларнинг мурғак қалблари, узоқни кўзлаган орзулари, шоду хуррамликларини кўриб, болаликка қайтгинг келади. Бугун чет тилларида равон сўзлашаётган, дунё ўқувчилари орасида биринчи ўринни эгаллаб келаётган ёшларни кўрганда: “Асли ибн Синолар, Беруний ва Бухорийларнинг авлодлари-да, асли-насли тоза ёшлар-да!”,деб фахрланамиз. Бугун касбга қизиқиб уни мукаммал эгаллаган ёшлар, дунёнинг турли шаҳарларида ўз қобилиятини кўрсатаётганларини кузатиб: “Устозингга, отангга балли”, деймиз. Демак юртимизда яшаётган ҳар бир ватандошимизнинг ютуғи ва муваффақиятидан нафақат улар, уларнинг устоз ва ота-оналари, балки бутун юрт одамларининг қалбида ғурур, юзларида сурурни кўрамиз. Айниқса, спорт соҳасида Рио олимпиадасида эришилган ютуқлар замирида ҳам устозлар меҳнати ётибди. Параолимпиядачиларимизнинг ютуқларичи, 32 қатнашчидан 31 таси медал билан қайтиши катта ютуқ ва яна қайтараман, устозлар тарбиясининг натижасидир.  Ёшларимиз эришаётган ютуқларни кўрганда, юртимиз байроғи баланд кўтарилганда хурсанд бўлмаган юртдошимиз бўлмаса керак. Ёшлар  ютуқларининг бош сабабчиси, хизматчиси ва юқори даражаларга кўтарувчи бу устозларнинг меҳнатидир! Бугунги кунда диёримизда фаолият олиб бораётган Тошкент Ислом университети, Тошкент Ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларидаги шароитлар, таълим олаётган ёшларни кўриб, ҳар қанча фахрлансанг арзийди. Биз таълим олган даврдаги шароитлар билан ҳозирги шароит, қулайликларни тенглаб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси истиқлол, ҳуррият ва албатта тинчлик сабабидандир. Бу эса давлатимиз раҳбарияти  ёш авлод ва  фарзандларни илм олишлари учун кўрсатаётган жонбозликлар бизни янада билмимизни кучайтиришга ундайди. Бугунги кунда дунёнинг кўп жойларида содир бўлаётган келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар, турли тўфонлар боис миллионлаб ёшлар илмсиз, бахт нималигини, болалик сурурини кўрмасдан, қалбларида қўрқув, кўзларида ёш билан умр ўтказишмоқда. Шу боис Аллоҳ берган тинчликнинг қадрига етиб, илм чўққиларини забт этайлик.

Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни гапирмасак ҳам бўлади. Эндигина спорт сари қадам қўйган спортчини дунё миқёсига кўтаргунча чекиладиган меҳнатлар ёки   бор маҳоратини ёш болага ўргатадиган ҳунарманднинг меҳнати, сабр-қаноатини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ўзим ҳам мадрасада дарс берганман, бу касбнинг нақадар шарафли ва машаққатли эканини яхши биламан. Ўйлаб кўринг, ўзингиз билган нарсани бировдан ҳар куни сўраш, ўргатиш, онгига жойлаш осонми? Бу меҳнатнинг шарафли томони – шогирдларнинг, бир марта устоз деб чақиришларидан ортиқ бахт ва олқиш оламда йўқ. Бунинг савобини айтмайсизми, ҳисобсиз!? Ўйлаб кўрсак, бир одамни илмсизлик, жоҳиллик ва иймонсизликдан сақлаб қоламиз. Гуноҳ ва маъсият ботқоғига тушиб, ҳаётда қоқилмасин деб, қўлимиздан келган, ўзимизда бўлган бор илмни уларга берамиз. Гоҳида ўқувчи ва шогирдларга қаттиқ танбеҳлар берилади. Мақсадимиз эса уларнинг хатоларини тўғрилаб, ислоҳ қилиш. Саъдий демишларким: “Ота-онанинг меҳридан, устознинг жаври яхшидур”, деб.

Яна  ақоид китобларида ёзилмишки, бир устоз ва толиби илм бир  қабристон ёнидан ўтсалар, қирқ кун қабристондан азоби қабр кўтарилар экан. Устознинг ҳурмати-ю, ўқувчининг иззатини кўринг. Фақат бир шартни айтибдиларки, устоз риё ва тамагирлик қилмаса, устоз ва талаба Аллоҳ таоло, элу юртим манфаати учун холис хизмат қиламан деган ниятда ўқисалар ва таълим берсалар ажру мукофаати каттадир. Бу шарафли масъулиятга азалдан катта аҳамият бериб келинган. Ниятни биринчи ўринга кўтаришган.  Устознинг нияти холис бўлиб, талабаларга ўрнак бўладиган амални қилсин. Шогирдларини гуноҳ ишлардан қайтариб турсин, бунинг учун ўзи амал қилсин. Айтганига амал қилмаса, шогирдларга сўзининг таъсири бўлмайди. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир одам ўғилчасини етаклаб келди ва : “Ҳурматли устоз! Ўғлим жуда кўп асал ейди. Унга камроқ егин десам, сўзимга қулоқ осмайди, шунга бир насиҳат қилиб қўйсангиз”, деди. Имом Аъзам ҳазратлари бир ҳафтадан кейин келишларини таъйинлади. Бир ҳафта ўтгач яна у зотнинг олдига боласини етаклаб келди: Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ болани бошини силаб: “Ўғлим, кўп асал емагин! Асални кўп емоғинг соғлигингга зарардир”, дедилар. Бола: «Хўп бўлади», деди. Шунда унинг отаси ниҳоятда гўзал одоб билан, қўлини кўксига қўйиб (Улуғ инсонлардан савол сўралганда, кўзига тик боқилмайди, овоз кўтарилмайди, бироз бош эгилиб, қўл кўксига қўйилиб, тавозе билан сўралади): “Ҳазрат, шу гапингизни нимагадир аввал келганимизда айтмадингиз?”, деди паст овозда.  “Чунки ўша куни ўзим, асал егандим, ўзим асал еб болага асал емагин, десам гапимнинг таъсири бўлмасди”, дебдилар.

Устоз бағрикенг ва кечиримли, шогирдларининг ҳақига дуо қилувчи бўлади. Арзимас нарсаларга жаҳли чиқмаслиги, шогирдларидан кўнгли қолмаслиги, айниқса, уларни дуои бад, қарғашдан ўзини тиймоқлиги зарур. Зеро, ота-она каби устознинг дуоси ҳам радсиз қабул бўлади.

Шогирд устознинг ғазабини келтирадиган, ранжитадиган ишлардан ўзини тийсин. Устоз томонидан берилган вазифаларни аъло даражада тайёрлаб, устозни хурсанд қилсин, чунки устозлар шогирдларининг зукколиги, вазифаларини ўз вақтида бажариши ва одобини кўриб хурсанд бўладилар. Устоз шогирдининг жоҳиллик ботқоғидан, олимлик даражасига кўтарилаётганидан мамнун бўлади. Шогирдлар илм даргоҳини битириб кетсаларда, ўз устозларининг аҳволидан хабар олиб, уларнинг яхшилиги, устозлар сабаб етган мартабаларини изҳор қилиб, устозлар фоний дунёни тарк этган бўлсалар, уларнинг ҳақига дуо қилиб турсинлар.

Устозлардан бири бемор бўлди. Кўргани бордик. Ҳол-аҳвол сўраб турганимизда, бир  одам хизмат қилиб турди. Суҳбат асносида бу кишининг кимлигига ишорат қилдик. Мақсадимизни англаган устоз: “Бу одамнинг оталари, отамнинг яқинларидан бўлган, бу йигит отамнинг орқасидан намозда иқтидо қилган ва озгина таълим олган. Отам билан отасининг ошналиги, отамдан илм олганининг ҳурмати учун менга хизмат қиляпти”, деди. Оталарининг вафот этиб кетганига қирқ йилдан ошган бўлсада, уларга бундай эҳтиромни кўриб, ҳайрат бармоғимизни тишладик. Дунёда мана шундай устозларнинг қадрига етадиган, уларнинг дуоларини оладиган, вафот этса, ҳатто фарзандларини ҳурматлайдиган, бутун жаҳон тасанно дейдиган ажойиб, одобли ва садоқатли халқмиз. Хулқу одобнинг энг олийсини мерос қолдирган  аждод устозларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин.

 

Ўзимдаги яхши хислатлар учун,

Хулқимдаги гўзал жиҳатлар учун,

Илм хазинасидаги ҳикматлар учун,

Миннатдорман устоз, минг бор миннатдор.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Билганлар билан билмаганлар баробар бўладиларми?”, деб марҳамат қилган. Олим билан жоҳил, ҳунарли билан ҳунарсиз, тенг келадими? Шу боис олимлари билан дунёга донг таратган юртимиз ёшларидан ақлли, одобли ва албатта бахтли ёшлар етишиб чиқади. Ёшларимизнинг бахти ва саодати учун жон куйдириб, меҳнат қилиб, бор илм ва иқтидорини ишга солаётган устозларга омад тилаймиз. Бундай улкан ишларни қилишда Парвардигори олам барчамизга куч-қувват берсин. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, тинчлик ва хотиржамлик неъмати бундан-да зиёда бўлсин. Яна бир бор барча устозларни касб байрами, устозлар ва мураббийлар  куни билан муборакбод этиб, уларга соғлик-саломатлик, ишларида ривож тилаймиз. Илм талабида юрган барча ўқувчи ва талабаларимизга бахт саодат, узоқ умр, илмли, ҳаёли ва албатта бахтли бўлишини тилаймиз. Фоний дунёни тарк этган устозларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин.

Шу ўринда марҳум устозларни эслаб, уларга Аллоҳ таолонинг раҳматларини сўраб бир шеър битгандикким, бугунги қутлуғ кунда барча толиблар, ўқувчи ёшлар ва мактабларда устозлар таълимини кўрганлар,  ўтиб кетган устозларини эслаб ҳақларига дуолар қилсалар, нур устига нур бўлади.

Ривоят қилинадики бир одам тўй қилмоқчи бўлиб, аҳли илмлардан бирига тўйга айтилганлар рўйхатини ўқиб берибди. Шунда олим: “Отангни меҳмонга айтдингми?”, дебди. Унинг саволидан ажабланган йигит: “Отам ўтиб кетган бўлсалар, уларни қандай меҳмонга чақираман!”, дебди. “Отангнинг яхши амалларини эслаб, хатми Қуръон ёки кичик бир эҳсонингда яхши ишларини  ёд этиб, дуо қилишинг  меҳмон қилганинг бўлади”, дебди. Албатта юртимизда кенг нишонланаётган устозлар ва мураббийлар кунида, ўтган устозларимизни эслаб ҳақларига дуо қилишимиз уларнинг руҳини шод қилади.

 

                                    УСТОЗЛАР

Мўминларни ҳақ йўлига бошлаган,

Ҳикматлар уммонига ўзин ташлаган.

Панду ҳикмат тилларидан тушмаган,

Устозлар суҳбатин қўмсар бу кўнгил.

            

Поклигу тақвонинг йўлини тутган,

Шогирдлардан фақат улуғлик кутган,

Уларнинг бахти деб роҳат унутган,

Устозлар дуосин истар бу кўнгил.

            

Бизни гоҳо койиб, гоҳо эркалаб,

Шўхлигимиз ўтар ёшликка йўйиб,

Меҳр ила шогирдлар бошини силаб,

Устозлар қўл тафтин соғинар кўнгил.

         

Тамага ул шайтон қилади вос-вос,

Аллоҳ розилигин ҳамма тополмас.

Ҳаққимизга холис дуо қилса бас,

Деган холисларни излар бу кўнгил.

          

Сулаймон қори-ю, Усмонжон устоз,

Темирхон пиримиз валийлиги хос.

Салоҳиддин домла ҳақиқий мумтоз,

Сизларни эсласа қувнар бу кўнгил.

              

Аллоҳ раҳматига дохил бўлингиз,

Фирдавс жаннатларда шодон кулингиз,

Аллоҳ жамолини шаксиз кўрингиз,

Дуолар қабуллигин кўзлар бу кўнгил.

             

Намуна эдилар, ахлоқда тенгсиз,

Шогирдлари илмда мисоли денгиз,

Шайх устоз доимо қалбимиздасиз,

 Қайдасиз, устозлар, бўзлар бу кўнгил.

(“Қолмасин кўнгилда доғ” шеърий китобимдан)

 

Чилонзор тумани “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла)

        

 

 

26703 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қайтар дунё АЗИЗ УСТОЗЛАРГА »

Мақолалар

Top