Мақолалар

Жаннат тупроғи

Бошланғич синфларга араб тилидан дарс ўтадиган муаллим ўқувчилардан имтиҳон олибди. Имтиҳон жавобларини текширгач, жавоб варақаларини яна ўзларига тарқатибди. Шунда ўқувчилардан бири: “Устоз, менинг жавобларимга бирорта ҳам тузатиш қўймагансиз. Барчасини тўғри бажарганим кўриниб турибди. Аммо нега менга ўн баллдан саккиз балл қўйдингиз?” деб сўрабди. Муаллим: “Сенинг сўз тузишдаги камчилигинг туфайли икки балл кам қўйдим” деб жавоб берибди. “Мен ўн балл олишни хоҳлайман” деб устози билан тортишиб кетибди ўқувчи. Ҳақиқатан ҳам у имтиҳондаги барча саволларга тўғри жавоб берган ва ёзма ишни ҳам жуда яхши ёзган эди. Бироқ устоз унинг синфдаги энг иқтидорли, аълочи ўқувчи эканлигини тан олгиси келмаётган эди. Устоз ўқувчига: “Агар менга жаннат тупроғидан олиб келсанг, сенга ўн балл қўйиб бераман” деб шарт қўйди. Устоз бу шарти билан ўқувчини чорасиз қолдиришни ва ўн балл қўймасликни хоҳлаётган эди. Эртаси куни ўқувчи муаллимга ҳамёнини тўлдириб тупроқ олиб келди. Устози ундан “Бу нима?” деб сўради. “Жаннат тупроғи” дея жавоб берди ўқувчи. “Қаердан олдинг буни?” деб ҳайрон бўлди устоз. Ўқувчи шундай деб жавоб берди: “Онамни тупроқ устидан юргиздим ва ўша тупроқдан ҳамёнимга солиб, олиб келавердим. Эсингизда бўлса, бир куни бизга “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳадисни айтган эдингиз”. Бу жавобни эшитган устоз нима қилишини билмай, довдираб қолди. Кейин шогирдининг заковатию фаросатига қойил қолиб, унга ўн балл қўйиб берди.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати”
китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

3261 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top