Мақолалар

Охиратда сояда туриш учун нима қилиш керак?

Жазирама иссиқда дарахт, уй, том кабиларнинг соясида туриш кишини иссиқдан бироз салқинлаб олишига ёрдам беради. Ҳа, инсон қаттиқ иссиқ бўлган пайтларда соя-салқин жой топишга интилади. Бу дунёнинг иссиғидан соя жойларга қочишга интилган инсон солиҳ амалларни кўпроқ бажариб охират иссиғидан соя-салқин жойга қочишга уринмайди ёки уринувчилар жуда озчиликни ташкил этади.

Бу дунёда қуёш биздан 150 миллион километр узоқликда туриб сочаётган нури, тарқатаётган иссиғига шунчалик бетоқат бўлиб, салқин жойларга қочамиз. Лекин охиратда қуёш бандаларнинг бошларига яқин олиб келинади.

Қани айтингчи, ундай масофадан келаётган иссиқликни тасаввур қила оламизми?

Ўша кунда соя-салқин жойларда туришга бу дунёдагидан кўра кўпроқ муҳтож бўлишимизни яхшилаб ўйлаб кўрайлик!

Қуёш бошимиз устида туриб иссиқ пуркаётган, одамлар бу дунёдаги амалларига қараб турли даражада терларига ботаётган вақтни ўйлаб кўрайлик!

Ана шундай оғир дамларда соя-салқин жойларда роҳатланадиганлар ҳам бўлади. Буни биламизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўнг томон эгаларига бериладиган неъматларни зикр қилиб шундай марҳамат қилган:

وَأَصْحَابُ الْيَمِينِ مَا أَصْحَابُ الْيَمِينِ فِي سِدْرٍ مَّخْضُودٍ وَطَلْحٍ مَّنضُودٍ وَظِلٍّ مَّمْدُودٍ وَمَاء مَّسْكُوبٍ وَفَاكِهَةٍ كَثِيرَةٍ لَّا مَقْطُوعَةٍ وَلَا مَمْنُوعَةٍ وَفُرُشٍ مَّرْفُوعَةٍ

“Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари не(саодатлилар)дир! Улар тиконсиз сидрзорлардадир. (Сидр-ҳушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар уни ҳиди учун яхши кўрар эканлар. Аммо тикани жуда кўп бўларкан.) Сермева бананзорлардадир. Ва ёйилган соялардадир. Оқар сувлардадир. Сероб мевалардадир. Тугамайдиган ва ман қилинмайдиганлардадир. Баланд-баланд кўрпачалардадир” (Воқеа сураси, 27-34-оятлар).

Ушбу оятда ўнг томон эгалари жуда кўп неъматлар ичида бўлишлари баён этилиб, шулар орасида “Ва ёйилган соялардадир” деган неъмат ҳам зикр қилинмоқда. Демак, “ёйилган соя” жаннат аҳли учун ато этиладиган неъматлардан бири экан.

Маълумки, охиратда маълум тоифа кишилар Аллоҳнинг соясида бўлишади. Ушбу ҳадиси шариф шу ҳақида:

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمْ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلاَّ ظِلُّهُ: الإِمَامُ الْعَادِلُ وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ وَرَجُلاَنِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ: إِنِّي أَخَافُ اللهَ وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ أَخْفَى حَتَّى لاَ تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Етти тоифа кишиларни Аллоҳ таоло У Зот соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда Ўз соясига олади. (Булар:) одил имом, Парвардигорига ибодат қилиб улғайган йигит, қалби масжид билан боғлиқ бўлган киши, Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриб, У Зот учун йиғилган ва ажрашган кишилар, мансаб ва чирой соҳиби бўлган аёл ундан (лаззат олишни) талаб қилганида, “мен Аллоҳдан қўрқаман”, дея рад қилган киши, ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган тарзда махфий садақа қиладиган киши, ёлғиз қолганида Аллоҳни зикр қилиб кўз ёш тўккан киши” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти).

Ушбу ривоятда қиёмат куни Аллоҳнинг иноятига сазовор бўлувчи кишилар зикр қилинмоқда.

Ҳадисдаги “Аллоҳнинг сояси” уламолар томонидан бир неча хил таъвил қилинган:

  1. Арш сояси;
  2. Тубонинг сояси;
  3. Жаннат сояси;
  4. Аллоҳнинг раҳмати, ҳимояси ва паноҳи.

Аллоҳнинг Аршининг соясида, раҳмати остида туриш учун раҳбар адолатли бўлиши, йигит Аллоҳга ибодат қилиб улғайган бўлиши, қалбларимиз масжидларга боғлиқ бўлиши, бир-биримизни Аллоҳ учун яхши кўриб, Унинг розилиги учун тўпланиб, Унинг розилиги учун ажрашишимиз, аёл киши зинога чорлаганда “мен Аллоҳдан қўрқаман” дея олишимиз, садақани риёдан сақлаб, ўта махфий тарзда беришимиз, ёлғиз қолганимизда гуноҳларимизни, Аллоҳнинг иқобини эслаб кўз ёши тўкишимиз керак.

Биз бу ҳадисда зикр қилинган амалларни ихлос билан бажарсак, ана ўшанда охиратдаги қуёш иссиғидан омонда, роҳат ичра бўламиз. Бироқ соянинг узунлиги қанчалик бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Маълумот ўрнида: қуйидаги расмга эътибор беринг. Коста-Рика, Колумбия, Таиланд каби давлатларда ўсадиган дарахт бўлиб, соянинг узунлиги ўртача 25-35 метрлар орасида бўлиб, баъзан 50 метргача етар экан.

 

Аллоҳ таоло барчамизни қиёмат куни Ўзининг Аршининг соясида турадиганлар сафида қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

3750 марта ўқилди

Мақолалар

Top