Мақолалар

Яхшилик қилишдан чарчамайлик!

Динимизда яхши амаллар савобли ишлар деб юритилади. Ҳар бир қилинган ёмон иш гуноҳининг катта-кичиги бўлгани каби яхши амалларни ҳам савобли, кўпроқ савобли ва ҳаттоки жуда катта савоб иш, деб талқин қилинади. Кундалик ҳаётимизда ҳар куни қилиб юрган ишларимиз савоб ёки гуноҳ эканини фарқласак, савоб бўладиган арзимас ишларни ҳам қилишга саъю ҳаракат қилишимизга сабаб бўлади.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшилик зое кетмайди, гуноҳ унитилмайди, “Дайён” (исмли Аллоҳ) ўлмайди. Ҳохлаганингни қил! Бир кун ҳисоб берасан!” дедилар (Байҳақий ривояти).

Демак, яхшиликнинг савоби узилмайди ва зое бўлмайди балки, у Аллоҳ таолонинг наздида абадий ва боқийдир. Эзгу амалларнинг ирода қилган ва уни амалга оширган киши учун албатта савоб берилади. Дунёда ҳам охиратда ҳам изсиз кетмайди. Шунингдек, гуноҳ ишлар ҳам унитилмайди. Албатта қилинган гуноҳ ишга ҳам лойиқ жазо муқаррар. Зотан, Аллоҳ таоло каломида эслатганидек,

(Мусо) айтди: “Улар ҳақидаги маълумот Раббим ҳузуридаги Китоб (Лавҳул-маҳфуз)дадир. Раббим адашмас ва унутмас”.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Эй, Мусо! Сен ўзинг ва биродаринг Ҳорун Менинг оятларимни одамларга етказинглар ва Мени зикр қилишда сустлик қилманглар! Иккингиз Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у “Мен – худоман”, деб ҳаддидан ошди. Унга юмшоқ сўз айтинглар! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса”-деганида, Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар: “Эй, Раббимиз! Дарҳақиқат, биз даъват этсак у бизга ғазаб қилишидан ёки баттар ҳаддан ошиб кетишидан қўрқамиз”-дедилар.  Шунда Аллоҳ таоло  айтди: “Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман. Бас, сизлар унинг олдига бориб: “Биз Парвардигорингнинг элчиларидирмиз. Исроил авлодини биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин! Биз сенга Раббинг томонидан ҳужжат келтирдик. Ҳидоятга эргашганларга салом омонлик бўлур. Бизга шундай ваҳий қилинди: “Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончи қилган ва имон келтиришдан юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур” деб Фиръавн олдига келиб, Аллоҳнинг сўзларини етказганларида у: “Иккингизнинг Раббингиз ким, эй, Мусо?” деб сўраган. Шунда шу ояти карима нозил бўлган.

Дарвоқе, баъзи гуноҳларни Аллоҳ таоло банда астойдил, чин дилдан тавба қилиши ёки яхши амални адо этиши орқали ўчириб юбориши ҳам бор. Аммо бир ҳақиқатни унитмаслик керак, ҳар қандай гуноҳ ўзидан из қолдириши ёки таъсири бўлиши аниқдир.  Банда бунга кўпда эътиборсиз қарайди. Охир оқибатда гуноҳлардан сақланишдан узоқлашиб бораверади.

“Дайён” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлиб, маъноси “Қаҳҳор”, “Қозий”, “Ҳоким”, “Саъис”, “Ҳосиб” ва “Мужазий” маъноларига маънодошдир. Яъни, бандадан содир этилган бирор бир амални зое қилмайди. Балки, яхшисига мукофот, ёмонига жазо берувчи Зот деганидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Қиёмат куни бандалар маҳшаргоҳга жамланганларида, барча ҳудди ёнида турган одам гапираётгандек “Мен “”Дайён”ман, Мен “Малик”ман”, деган нидони эшитишади” (Муслим ривояти).

Халқимизда бир мақол бор: “Яхшилик қил сувга сол. Билса балиқ, билмаса Холиқ билади”. Яқинда бир йигит айтиб қолди. “Бизни уйимизда бир мушук бўларди, аёлим уни ёқтирмасдан ҳар кўрганида қувиб соларди, зулм етказиб, озор берарди. Аёлимни шу ишларини кўрганимда “Қўй унга озор берма, бу ҳам ахир Яратганнинг бандаси. Унга озор беришдан кўра унга егулик бер”,  деб койирдим. Мушукга раҳмим келиб танаввул қилишига нарсалар бериб, силаб қўярдим. Бир кеча мушукнинг овозини эшитиб уйғониб кетдим, туриб қарасам деразани олдида ўша мушук миёвлаётган экан. Олдига боришим билан мени кўриб, деразадан сакраб тушиб кетиб қолди. Хайрон бўлдим деразадан назар солсам ҳовлида қаттиқ шамол бўляпти. Шунда кўзим кийимлар осилган дорга тушди, тезда аёлимни уйғотдимда “тур тезда ювган кирларингни йиғиб ол”, дедим. Аёлим кийимларни йиғиб бўлдию ёмғир тезлаб шарроз ёғиб юборди, шунда аёлимни чақириб “қара мушук сени бир кунлик меҳнатингни сақлаб қолди, сен эса уни қувиб юрасан. Ким эҳтиром кўрсатса, ҳурмат топади, бирор яхши амал Худо учун қилинса, бекор кетмайди. Яратган ҳатто ҳайвонларга қилинган яхшиликларга ҳам ажр мукофот битади”, деб йигит ҳикоясини якунлади.    

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозим, эзгу амаллар бажарган инсонларга дунёда ҳам охиратда ҳам фақат яхшилик бўлиб қайтади. Ёмон фасод ишларни қилган одамларга фақатгина қилган амалларига яраша ёмон оқибат насиб бўлади. Яратган барчаларимизни оқибатларимизни хайрли қилсин дея дуо қилиб қоламиз.  

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

6412 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top