Мақолалар

Аллоҳнинг раҳмати кенг

Биз мўминлар шундай саодатли умматмизки, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини кенг қилиб, мағфират эшикларини биз учун очиб қўйган. Бунга қуйидаги оят далолат қилади. Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбарига шундай амр қилган:

“Менинг ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади”, деб айтинг” (Зумар, 53).

Ушбу оят маъносига кўра, банда билмай туриб бирон гуноҳ иш қилиб қўйиб, кетидан чин дилдан истиғфор айтса ва ўша ишни қайта қилмасликка қатъий қарор қилса, гарчи унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, Аллоҳ таоло у банданинг гуноҳларини Ўз раҳмати ила кечириб юборади. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати кенгдир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг ояти Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

Ато ибн Ясор айтади: “Бу уч оят – “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг”дан “ўзларингиз сезмаган ҳолингизда”гача (Зумар, 55) – Мадинада Ваҳший ва унинг дўстлари ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир ривояти).

Абу Саиддан ривоят қилинади: “Ваҳший мусулмон бўлганида Аллоҳ таоло “улар Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга дуо-илтижо қилмайдилар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар” оятини нозил қилди. Шунда Ваҳший ва унинг ҳамроҳлари: “Биз олдин бу гуноҳларнинг ҳаммасини қилганмиз-ку?!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини нозил қилди” (Ибн Абу Ҳотим  ва Ибн Мардавайҳ ривоят қилган).

Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё ва ундаги бор нарсадан кўра менга ушбу оят – ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг – ояти афзалдир”, деганларида, бир киши: “Эй Расулуллоҳ, қайси бир инсон ширк келтирса ҳам (Аллоҳ унинг гуноҳларини кечириб юбораверадими?)” деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар ва кейин: “Йўқ, фақат ширк келтирган(ларнинг гуноҳи кечирилмайди)”, деб уч марта айтдилар” (Аҳмад, Ибн Жарир, Байҳақий, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ривояти).

Албатта, Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратига сазовор бўлиш ўткинчи дунё ашёларига эришишдан кўра яхшироқ. Аммо бунинг учун ширк деб аталмиш иллатдан саломат бўлиб, мўмин ҳолида яшаш ва мўмин ҳолида Аллоҳнинг даргоҳига бориш керак.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу шундай деган: “Ушбу оят Қуръони каримдаги энг умидбахш оятлардан биридир”.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулишиб ўтирган бир гуруҳ саҳобалар олдига чиқиб, “нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар мен билган нарсаларни билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, дедилар ва кетдилар. Шунда қавм йиғлай бошлади. Аллоҳ у зотга ваҳий қилиб, “эй Муҳаммад, бандаларимни ноумид қилма!” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларига қайтиб бордилар ва: “Хурсанд бўлинглар, яқин бўлинглар ва тўғри бўлинглар!” дедилар” (Бухорий “Ал-адабул-муфрад”да ривоят қилган).

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу одамларга ваъз-насиҳат қилаётган кишини кўриб, унга: “Эй одамларга ваъз айтувчи, сен бандаларни Аллоҳнинг раҳматидан ҳеч қачон ноумид қилма”, деб “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини тиловат қилди. (Байҳақий, Табароний, Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим , Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Абу Дунё ривояти).

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одамларни Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид қилмаган, уларнинг маъсиятга ботишларига рухсат бериб қўймаган, уларни Аллоҳнинг азобидан омонда қилиб қўймаган, бошқа нарсадан таъма қилиб Қуръонни ташлаб қўймаган фақиҳ ҳақиқий фақиҳдир. Зеро, илм йўқ ибодатда яхшилик йўқ, тушуниш бўлмаган илм илм эмас, тадаббур бўлмаган қироат қироат эмас” (Ибн Зурайс ва Абулқассом ибн Башир ривояти).

Зайд ибн Аслам розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ўтган умматларда бир киши жуда кўп ибодат қиларди, ҳатто ўзига оғир ҳам қилиб қўярди. Аммо ваъз-насиҳат қилса, одамларни Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид қиларди. У вафот этди ва: “Эй Парвардигор, мен учун Сенинг ҳузурингда нима бор?” деди. У Зот: “Жаҳаннам”, деди. Шунда банда: “Шунча қилган ибодатим ва ҳаракатларим қаерда қолди?!” деди. Шунда унга: “Сен одамларни Менинг раҳматимдан ноумид қилардинг. Бугун Мен ҳам сени раҳматимдан ноумид қилман!” дейилди” (Абдураззоқ ва Ибн Мунзир ривояти).

Абу Айюб Ансорий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ гуноҳ қиладиган бир қавмни яратади ва уларни мағфират қилади”, деб айтганларини эшитганман” (Муслим ва Ибн Абу Шайба ривояти).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар еру осмонни тўлдириб юборадиган даражада (кўп) гуноҳ қилсаларингиз, кейин Аллоҳга истиғфор айтсангиз, У Зот (гуноҳларингизни) албатта кечиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ гуноҳ қилувчи (бошқа) қавмни келтиради. Сўнг улар истиғфор айтадилар ва Аллоҳ улар(нинг гуноҳлари)ни кечириб юборади”, дедилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Зиё Мақдисий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан, авваламбор, Аллоҳнинг мағфирати улуғлиги ва У Зот бандаларига меҳрибон экани, иккинчидан, хато-гуноҳ ишларни қилиш инсон табиатига хослиги, шунингдек, киши бир хатога бехосдан йўл қўйганида дарров ўзини ўнглаб, хатоси учун пушаймон бўлиши ва Аллоҳга кўп истиғфор айтиши лозимлигини билиб оламиз.

Агар киши бирон маъсият ишни қилиб қўйгач, афсус-надомат чекса, Аллоҳ ана ўша бандани яхши кўради, гуноҳини тан олмай, кибр-ҳаво қилган кимсалардан эса ғазабланади. Ушбу маънодаги ҳадисни Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирон гуноҳни бехосдан содир этиб, сўнгра муттасил тавба қилувчи бандасини яхши кўради” (Аҳмад, Абу Яъло ва Байҳақий ривояти).

Демак, бизлар биринчи навбатда, Аллоҳ таолога осий бўлмасликка ҳаракат қилишимиз, агар ногаҳон шундай ҳолат юз берган тақдирда дарров Улуғ ва Меҳрибон Парвардигоримизга илтижо қилиб, хатоларимизга пушаймон бўлишимиз лозим экан. Шунда ҳам гуноҳлардан фориғ бўламиз, ҳам Аллоҳнинг розилигига эришамиз.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли,

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби

 

3241 марта ўқилди

Мақолалар

Top