Мақолалар

Тарихдаги энг қисқа мактуб ва хутба

Тарихда энг қисқа ва балоғатли мактублар, мавъизалар кўп бўлган. Шулардан иккита ибратлисини келтирамиз.

“Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)га:

“Менга етиб келган хабарга кўра, ҳукм мажлисларида суяниб ўтирар экансан. Эй Осснинг ўғли, тавозеъ билан ўтир! Акс ҳолда ҳокимликдан оламан. Кийим кийишга кўп эътибор берма! Аллоҳдан қўрқиш ва (гуноҳларинг учун) надомат либосини кий! Агар киши учун ўз кийимларида шараф бўлганида, у энг гўзал либосларини Ҳарамда ечмаган бўларди”.

Маълумки, Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра қилиш ниятида борадиган одам Ҳарам ҳудудига киришдан олдин белгиланган жойда барча либосларини ечиб, эҳром кийиб олади.

 

*****

 

Яқин тарихдаги энг қисқа ва маъноли хутба

 

Бу воқеа Тунисдаги Зайтуна жомеъсида бўлган эди. Мамлакат муфтийси Муҳаммад Тоҳур ибн Ошур раҳимаҳуллоҳ Жумъа куни минбарга чиқиб, намозхонларга юзланиб, “Бозорлардаги аёллар кимники?” деб сўради. Намозхонлар сукутда. Имом яна “Бозорлардаги аёллар кимники?” дея саволини такрорлади. Бу сафар ҳам намозхонлар жим.

Шунда улуғ муфтий: “Модомики, аёлларингиз очиқ-сочиқ, ярим-яланғоч экан, ўқиган намозларингизда яхшилик йўқдир. Такбир айтинг!” деди.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

3251 марта ўқилди

Мақолалар

Top