Мақолалар

Омонатнинг кўтарилиши Қиёматнинг аломатидир!

Аллоҳ таоло охиратда нажот топувчи мўминларнинг сифатларини Қуръони Каримда баён этиб, шундай марҳамат қилган:

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ

“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Мўминун сураси, 8-оят).

Демак, мўмин киши омонатга риоя қилиши керак экан.

Ҳадис китобларда Қиёматнинг кўплаб аломатлари санаб ўтилган. Масалан, вақтнинг қисқариши, бозорларнинг яқинлашиши, фаҳш ва зинонинг кўпайиши ҳамда кенг ёйилиши, турли касалликларнинг урчиши ва ҳоказо. Ана шундай аломатлардан бири омонатларнинг кўтарилишидир. Яъни кишилар омонатга риоя қилмай қўйишидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِذَا ضُيِّعَتِ الأَمَانَةُ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ قَالَ : كَيْفَ إِضَاعَتُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ ؟ قَالَ : إِذَا أُسْنِدَ الأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон омонат зое бўлса, қиёматни кутавер», дедилар.

«Унинг зое бўлиши қандоқ, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.

«Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан омонат нафақат савдо-сотиқ ёки молиявий нарсаларда, балки, маънавий соҳада ҳам, жумладан раҳбарлиқ ишбошиликда ҳам бўлишини англаб оламиз.

Уламоларимиз ишнинг ўз аҳлидан бошқага топширилишини, дин ва дунё ишларида мазкур ишлардан хабарсиз, мутахассис бўлмаган кишиларнинг уларга бош бўлиши, деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, диний илмларни пухта ўтганиб, ҳар илмнинг ўз олимидан ижозат олмаган кимсалар диний ишларга бошчилик қилсалар, билмасликлари оқибатида қиёмат бўлишини кутаверадиган нарсаларга қўл урганликлари тажрибадан маълум. Албатта, бундоқ нарсалардан эҳтиёт бўлмоқ лозим.

Омонат зое бўлса, барча иш чаппасига кетади.

Ошпаз омонатни зое қилса, таомга турли нопок нарсалар тушиб, овқат бузилади.

Ҳайдовчи омонатни зое қилса, йўловчиларнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Ўқитувчи омонатни зое қилса, келажак авлод илмсиз, жоҳил бўлади.

Қурувчи омонатни зое қилса, бинолар қулаб, шаҳарлар вайрон бўлади.

Шифокор ононатни зое қилса, беморлар ҳалок бўлади.

Ота-она омонатни зое қилса, фарзандлар тарбияси бузилиб, ахлоқсиз болалар кўпаяди.

Эр-хотин омонатни зое қилсалар, оилалар бузилади.

Уламолар омонатни зое қилсалар, Дин ҳукмларига тўлиқ амал қилиш йўқолади, мусулмонларнинг ҳуқуқлари топталади.

Раҳбарлар омонатни зое қилсалар, халқ адолатсизлик ва зулмдан эзилади.

Хуллас, бир ишни номуносиб кишига топширилса, у ўзига берилган мансаб ва вазифанинг билимдони, лойиқ кишиси бўлмагани учун, табиийки, ўша ишда жуда кўп хатоларни содир этади, ишни тўғри йўналишда олиб бормай, омонатни зое қилади, бунинг ортидан эса кўнгилсизликлар кети узилмайди.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни омонатдор бўлишимизни насиб этсин!

 

Islom.uz маълумотлари асосида тайёрланди

2922 марта ўқилди

Мақолалар

Top