Мақолалар

"Отамни урардим..."

Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Тунда отам билан Байтуллоҳни тавоф қилар эканмиз, бу пайтда кўзлар уйқуга кетган, овозлар тинган пайт эди. Баногоҳ атрофдан бир кишининг ҳазин ва аянчли овозда шеър ўқиётгани эшитилди.
Буни эшитган отам менга: “Анави гуноҳлари учун Роббисидан афв сўраётган одамнинг сўзларини эшитдингми? Уни менинг олдимга олиб келсанг, яхши бўлар эди”, деди. Мен Байтуллоҳ атрофида юриб уни изладим ва мақоми Иброҳим олдида намоз ўқиётган ҳолда топдим. Унга Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари сизни сўраяпдилар, дедим. У намозини тугатиб менга эргашди. Отамнинг олдига келиб: “Ота, мана ўша киши”, дедим. Отам унга қараб: “Кимсан?”, деб сўради.
У: – Арабман, деди.
– Исминг нима?
– Исмим Манозил ибн Лоҳиқ.
– Нима бўлди, бошингга бирон иш тушдими?
– Менинг бошимга гуноҳлари умидсиз қилган, айблари адо қилган, ўзи эса хатолар денгизига шўнғиган одамнинг куни тушди.
Отам: – Менга ҳикоянгни сўзлаб бер, деди. У ҳикоясини бошлади:
– Мен ўйин-кулгуга берилган ёш йигит чоғимда отам менга доим насиҳат қилар, ёшликнинг адашиш ва тойилишларидан эҳтиёт бўлишимни, Аллоҳнинг куч-қувват ва интиқоми золимлардан узоқ эмаслигини айтар эди. У ҳар гал менга насиҳат қилганида, мен уни урар эдим. Бир куни уни одатдагидан қаттиқроқ урдим. Шунда отам Байтуллоҳ олдига келиб, каъбапўшга осилганича мени дуойибад қилди.
Отам дуойибадини тугатмай туриб, мен мана бу дардга йўлиқдим, деди ва ўнг томонини очди. Унинг ўнг томони шол бўлиб қолган эди.

Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан

2687 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top