Мақолалар

Саломлашганда бажариладиган 6 амал

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Энг яши амал қайси?” деб сўрашди. Шунда У зот алайҳиссалом: Таом улашишинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. "Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ" деб салом бериш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келди ва “Ассаламу алайкум”, деб салом берди. У зот унга жавоб қайтардилар ва “Ўнта”, дедилар. Кейин яна бир киши келиб, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деди. У зот унга ҳам жавоб қайтардилар ва “Йигирмата”, дедилар. Сўнгра яна бир киши келди-да, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деди. У зот унга жавоб қайтаргач, Ўттизта, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Табассум билан сўрашиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши амалдан бирор нарсани арзимас санама, ҳатто биродаринг юзига очиқ чеҳра билан йўлиқишни ҳам”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Икки қўл билан кўришиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон бир-бирларига йўлиқиб, қўл бериб кўришар экан, улар ҳали ажралмай туриб, албатта, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Аллоҳ ҳамд ва истиғфор айтиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Гўзал сўз сўзлаш.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “одамларга ширинсўз бўлинг...” (Бақара сураси, 83-оят)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши сўз садақадир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Салом бериш билан хайрлашиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин, қайтмоқчи бўлса, яна салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан ҳақли эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2822 марта ўқилди

Мақолалар

Top