Мақолалар

Намознинг аҳамияти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Росулиҳи Муҳаммадин ва ала олиҳи асҳабиҳит тоййибийна тоҳирийн.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (ансорий) саҳобаларидан бири Абу Муаллақ деган куня билан аталарди. У ўзининг ва бошқаларнинг моли билан савдо қиладиган тожир эди. Унинг вазифаси (ибодати) ва парҳези бор эди.

Бир куни савдо сафарига чиққанда, унга қуролланган ўғри йўлиқди ва: “Мато (буюм)ингни қўй, чунки, мен сени ўлдирмоқчиман” деди. Абу Муаллақ ундан: “Қонимни нега истайсан, ахир сенинг ишинг мол билан-ку?” деб сўради. Ўғри: “Мол меники. Мен фақат сенинг қонингни истайман” деди. Шунда Абу Муаллақ: “Агар мени ўлдирмасликдан бош тортадиган бўлсанг, у ҳолда менга имкон бер, тўрт ракат намоз ўқиб олай” деди. Ўғри: “Истаганингча ўқийвер” деди.

Абу Муаллақ розияллоҳу анҳу таҳорат олди, кейин намоз ўқиди. Охирги саждада: “Я Вадуд! Я Зал аршил мажийд! Я Фаъъаалу лима юрийд! Асъалука биъиззикаллазий лаа юром. Ва мулкикаллазий лаа юзом. Ва бинурикаллазий малаъа аркаана аршик. Ан такфияний шарро ҳазал лисс. Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний!” деб дуо қилди.

Шу пайт от минган бир киши қўлидаги найзасини отнинг икки қулоғи ўртасида кўтариб олиб, кела бошлади. Келиб, найзасини ўғрига санчиб, уни ўлдирди. Кейин тожирга юзланди. Тожир ундан: “Сен кимсан? Аллоҳ сен сабабли менга ёрдам берди” деб сўради. У: “Мен тўртинчи осмондан келган фариштаман. Дуо қилганингда, осмон эшикларида қарсиллаш, гумбурлаш бўлди. Кейин иккинчи марта дуо қилганингда, осмон аҳлида шовқин бўлди. Кейин учинчи марта дуо қилганингда, “Қийинчиликка тушиб қолган кишининг дуоси” дейилди. Шунда мен Аллоҳдан ўғрини ўлдиришни менга топширишини сўрадим” деди. Кейин у: “Ҳурсанд бўл!” деди.

Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: “Билгингки, ким таҳорат қилиб, тўрт ракат намоз ўқиб, ушбу дуолар билан дуо қилса, у қийналган киши бўлсин ёки қийналган бўлмасин, дуоси ижобат қилинади”. Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ “Мужабид даъва” ва “Ҳаватифул жинон” номли китобларида келтирган.

Бу ривоятда келган дуо (“Я Вадуд! Я Зал аршил мажийд! Я Фаъъаалу лима юрийд! Асъалука биъиззикаллазий лаа юром. Ва мулкикаллазий лаа юзом. Ва бинурикаллазий малаъа аркаана аршик. Ан такфияний шарро ҳазал лисс. Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний!”) Аллоҳнинг изни билан қийналган банданинг мушкули осон бўлишига сабаб бўлади.

Ривоятда келтирилган саҳоба бошларига мушкул иш тушганда нима қилдилар? Намозга киришдилар. Аллоҳга сажда қилиб, Ундан ёрдам сўрадилар. Чунки, у киши бундай қилишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солганда у зот намозга киришар, намоз ўқиб, Аллоҳдан ёрдам сўрар эдилар.

Бу ривоятлар намознинг шаъни, аҳамияти нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Муҳим ишлардан яна бири – намозни хушуъ билан адо этишдир. Хушуъ – намоз ўқиётганингда Аллоҳдан бўлган қўрқувни ёки Унга бўлган муҳаббатингни қалбингда ҳозир қилиб, ҳис қилиб туришингдир.

Намозни хушуъ ила адо этишга ёрдам берадиган омиллардан бири киши ўқиётган намозини “Эҳтимол, бу менинг охирги намозимдир” деб ўқимоғидир.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб “Менга таълим беринг ва мухтасар қилинг” деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Видолашувчи одамнинг намозидек намоз ўқи...” деганлар. Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Агар инсон намозни дунёдан кетаётган одамдек ўқиса, хушуъсини, одобларини ўрнига қўйиб, чиройли адо этишга ҳаракат қилади. Эҳтимол, ўша ўқиган намозидан кейин яна намоз ўқиш насиб қилмас.

Аллоҳ таоло Қуръонда “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида  ўзларини камтар тутувчидирлар” деган (Муъминун сураси, 1-2-оятлар).

Оятдаги “камтар тутувчидирлар” калимаси арабчада “хошиъун” бўлиб келган. Бунинг маъноси “хушуъ қилувчилар” деганидир.

Агар саждада бўлсанг, дуони кўпайтир. Албатта, бу гап нафл намозларга тегишли. Нафл намоз ўқиётган одам сажда чоғида Аллоҳга ихлос билан дуо қилиши лозим. Чунки, банда саждада турганда Аллоҳга энг яқин ҳолатда турган бўлади.

Марфуъ ҳадислардан бирида айтилишича, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, рукуъларида “Аллоҳумма лака рокаъту ва бика аманту валака асламту хошаъа лака самъий ва басорий ва муххий ва изомий ва асабий” дердилар. Агар рукуъдан бошларини кўтарсалар, “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ Роббана валакал ҳамд милъас самавати ва милъал арзи ва милъа ма шиъта мин баъду” дер эдилар. Агар сажда қилсалар, “Аллоҳумма лака сажадту ва лака асламту сажада важҳия лиллазий холақоҳу ва соввароҳу фаҳсана сувароҳу ва шаққа самъаҳу ва басароҳу табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн” дер эдилар”. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Бир куни саҳобалардан бирлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намоз ўқиётган эди. Рукуъдан бошини кўтарганда “Роббана лакал ҳамд ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳ” деди. Бундай ҳамд айтишни Пайғамбар алайҳиссалом ўргатмаган эдилар. Буни ўша саҳобанинг ўзлари айтган эдилар. Лекин мазкур саҳоба бу ҳамд шариатга мувофиқ келишини билганлари учун айтган эдилар. Намоз ўқиб бўлингач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “(Рукуъда) гапирган ким?” дедилар. Бояги саҳоба “Мен, эй Расулуллоҳ” дедилар. Набий алайҳиссалом у кишининг қилган ишларини инкор қилмадилар. “Нега мен қилмаган нарсани ўзингча қилдинг?! Агар ўша иш хайрли бўлганда, сендан аввал ўзим қилган бўлардим” демадилар. Балки у саҳобанинг қилган ишини тасдиқладилар ва унга “Мен ўттиздан ортиқ фаришталар ўшани қайси бирлари аввал ёзиб олиш учун шошаётганларини кўрдим” дедилар.

Яъни сен айтган калималарни биринчи бўлиб ёзиш мақсадида фаришталар мусобақа қилаётганларини, ёзиш учун шошаётганларини кўрдим, дедилар.

Аллоҳ таолодан бизга Ўзини зикр қилиш учун, Ўзига шукр қилиш учун ва Ўзига чиройли ибодат қилиш учун ёрдам беришини сўраймиз. Чунки, Аллоҳни зикр қилишга, Унга шукр қилишга ва Унга чиройли ибодат қилишга бизнинг ўзимизда куч-қувват йўқ. Фақат Роббимиз бизга куч-қувват берсагина, мазкур ибодатларни қиламиз. Вассаламу алайкум вароҳматуллоҳи вабарокатуҳ.  

  

Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси   

4778 марта ўқилди

Мақолалар

Top