Мақолалар

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиийликда айблайдиганларга раддия

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Тарихда, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қадрларини пастга уриш ва обрўларини кетказиш мақсадида баъзи ғаразгўйлар томонидан у зотнинг шаънларига тўғри келмайдиган ҳар хил бўҳтонлар тўқилган ва у кишини муржиъа тоифасидан деб айблашга уринганлар. Бундай тоифалар ҳозир ҳам учраб туради. Буларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тўғрисида билдирган салбий фикрлари, Аҳли суннанинг ушбу буюк олимининг қадрларига ва обрўларига путур етказа олмайди.

Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний «ал-Милал ва-н-ниҳал» асарида муржиийларни адашган фирқалар қаторида санаб ўтган.  
«Муржиия» калимаси араб тилидаги «иржо» сўзидан келиб чиққан бўлиб, икки хил маънони англатади: 
1) Кечиктириш, орқага суриш, бирор нарсани вақтинча орқага ташламоқ (қўйиб турмоқ). Бунга Қуръоннинг «Аъроф» сураси, 11-оятининг маъносини мисол келтириш мумкин: «Айтдилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни ҳозирча қўятур…» (Аъроф» сураси, 11-оят). 
2) Бирор нарсага умид қилиш.

Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний ушбу асарларида таъкидлашларича, муржиия таълимотининг ақидасига «иржо» сўзининг биринчи маъноси мос келади. Чунки, муржиийлар мўмин банда бажариши лозим бўлган барча амалларни (фарз, суннат ва ҳ.к.) орқага сурганлар. «Иржо» сўзининг иккинчи маъносини ҳам уларнинг ақидасига қўллаш тўғри келади. Чунки, муржиийларнинг ақидасига кўра, худди кофирга тоат фойда бермаганидек, ҳар қандай гуноҳ-маъсият иймонга зарар етказмайди.

Саййид Афифий «Ҳаят ал-имам Аби Ҳанифа» асарида келтиришича, «Шарҳ ал-мавоқиф» асари муаллифи айтишига қараганда, муржиий тоифасига мансуб Ғассон номли киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиий тоифасидан деган. У мусулмонлар тан олган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқоди билан бир хил эканлигини даъво қилиб, ўзининг мазҳабини ривожлантириш мақсадида ушбу гапни айтган (Афифий. Ҳаят ал-Имам Аби Ҳанифа. 190-бет).

Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳасадгўйлари кўп бўлган. Улар у зот ҳақида ҳар хил бўҳтонлар тўқиганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан муржиийлик айби қўйилиши ҳам шулар жумласидандир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми. 195-бет, «Sharq» нашриёти, 2011й.).

Аллома Абул-Маҳосин Қувнавийнинг таъкидлашича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи хаворижларнинг ақидасига зид ўлароқ, кабира гуноҳ қилган одамни Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилганлар. Агар хоҳласа, афв этади, деганлар. Бу эса, ўз навбатида у кишига нисбатан муржиий, деб таъна тоши отилишига сабаб бўлган (Алий Қорий. Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар. 18, 185-бетлар. Дамашқ, Дор ан-нафоис, 2009й.). Аслида эса, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳласа гуноҳи кабираларни кечиши мумкинлиги – Аҳли сунна ақидаси эканлиги ҳаммага маълум.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳли сунна ва муржиийлар эътиқоди орасида катта фарқ мавжуддир. Муржиийлар ақидасига кўра, Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилади. Тоатлар ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлар иймонга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайди. Аҳли сунна ақидасига кўра эса, иймон келтиришда Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қалбда ихтиёрий тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши лозим. Шу билан бирга мўмин одамга тоатлар фойда беради ва гуноҳ-маъсиятлар унга зарар бўлиб, дўзах томон етаклайди (Бобиртий. Шарҳ ал-Васият. 110-бет).

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарларида, муржиийларга хеч қандай алоқалари йўқ эканлигини ўзлари очиқ ойдин кўрсатиб: «Биз муржиийларга ўхшаб, тоатларимиз қабул қилинган ва гуноҳларимиз афв қилинган, демаймиз», деганлар.

Аллома Омадийнинг айтишига қараганда, муътазила тоифаси дастлабки даврларда тақдир масаласида ўзларига хилоф чиққанларни муржиий, деб атаганлар ёки Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи иймон зиёда ва кам бўлмайди деганлари учун, амални иймондан кейинга сурди, деган фикр билан у киши ҳақида муржиийлик гумон қилинган (Ғовжий. Абу Ҳанифа Нуъмон. 280-бет).

Зафар Аҳмад Усмонийнинг айтишларича, иймон зиёда бўлади ва камаяди, амал эса иймоннинг моҳиятидан деб, айтмайдиганларни муҳаддислар тарафидан муржиий дейилиши кўп учрайди. Бу истеъмол аслида таъна эмаслиги шариат масалаларида моҳир кишилар учун махфий эмас. Бу масалада баҳс қилиш, тортишиш муҳаққиқ уламолардан мутақаддим ва мутааххирлари ҳам таъкидлаганларидек, лафзийдир, яъни ҳақиқий эмас, балки юзакидир (Зафар Аҳмад Усмоний. Қоваид фий улум ал-ҳадис. 141-бет. Ҳайдаробод, Матбаа ал-маориф аш-шарқийя, 1994й.).

Муҳаддис ва фақиҳ аллома Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳи «Файз ал-Борий ала саҳиҳ ал-Бухорий» номли китобларида айтишларича:  
«Иймон салаф уламолар наздида уч нарсадан, яъни эътиқод, сўз ва амалдан иборат. Аввалги иккитаси яъни тасдиқ ва иқрор ҳақида гапирилди. Амал иймондан бир бўлакми ёки йўқ? Гап шу ҳақида қолди. Бу хусусида тўрт хил қараш мавжуд:

1, 2) Хавориж ва муътазилийлар мазҳаби бўйича амаллар иймонннинг бўлаклари ва амални тарк қилувчи иймондан чиқади. Бу масалада хавориж ва муътазила орасида фарқ бор. Хаворижлар амални тарк қилувчи иймондан чиқиб, кофир бўлишини айтишса, муътазилийлар эса, у иймондан чиқади, лекин кофир бўлмайди балки иккисини орасида бўлади дейишади. Бу билан улар «манзила байна ал-манзилатайн», яъни «икки мартаба орасида мартаба» ақидасига суянадилар. 
3) Муржиийлар амалга ҳожат йўқ, нажот топишнинг йўли тасдиқ холос дейишади. Демак, муржиийлар аввалги икки тоифадан кескин фарқ қилади. 
4) Аҳли сунна вал жамоа эса, хавориж ва муътазила билан муржиийларнинг йўлларини ўртасини тутишган. Уларнинг мазҳаби бўйича, амалларни бажариш ҳам зарур. Лекин, тарк қилган одам кофир эмас балки фосиқ. Улар хавориж ва муътазилалар каби қаттиқ туриб олмадилар ҳам ёки муржиийлар каби енгил ҳам қарамадилар.

Бу борада Аҳли сунна иккига бўлинади. Аксар муҳаддислар иймон амаллардан таркиб топган дейишса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳамда аксар фуқаҳо ва мутакаллимлар амаллар иймон остига кирувчи эмас, деганлар. Аммо, улар тасдиқ қилмаган одам кофир, тасдиқ топилиб, амалларни бажармаган шахс кофир эмас, балки фосиқ деган қарашда бир хил фикрдадирлар. Демак, Аҳли сунна ичидаги ихтилоф фақат ифодада (лафзда) қолди. Чунки, салаф уламолар амалларни иймоннинг бўлаклари қилган бўлсаларда, лекин амалларни бажармаслик билан иймон йўққа чиқиши эътиборидан эмас, балки амаллар йўқ бўлса ҳам иймон қолаверишлиги нуқтаи назаридан ёндошганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи амалларни иймондан бир бўлак, демаган бўлсаларда, лекин амалларга қатиқ эътибор берган, қизиқтирган ва амалларни иймоннинг қувватига сабаб қилганлар. Муҳаддисларнинг иймонни баён қилиб ифодлашда муржиийларнинг ифодасидан очиқ фарқ қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг иймонни баён қилиб ифодалашлари эса, амаллар иймоннинг бўлаги бўлмаслигида муржиийларнинг таърифига ўхшаб кетди. Шунинг учун ҳанафийлар муржиийликда айбландилар. Бу кўриб турганингиздек, ҳанафийларга нисбатан ноҳақликдир!

Агар сўзларни ифода этиш суратларидан бирида, муржиийларнинг сўзига ўхшашлик борлиги ҳанафийларни муржиийликка мансуб дейишга етарли бўлганда эди, муҳаддисларни ҳам муътазилийликка мансуб, дейиш лозим бўлиб қолади. Чунки, муътазила тоифаси ҳам, муҳаддислар каби, амаллар иймоннинг бўлаги дейишган. Лекин, муҳаддислар муътазила тоифасига мансубликдан пок ва йироқдирлар. Мутаассиблик билан тарафкашлик қилиб, ҳанафийларни муржиийликка мансуб қилганларнинг қараши хатодир. Дин бир-бирини айблаш ва ҳар хил лақаблар тўқиш эмас, балки тўлалигича насиҳатдир. Ҳар қандай маъсиятлардан сақланишга куч ва тоатларга қувват фақат Буюк ва Олий Аллоҳнинг мадади билангина бўлади». (Анвар Шох Кашмирий. «Файз ал-Борий ала саҳиҳал-Бухорий», 53-54 бетлар. Карачи, Дор ал-улум, 1998й.).

Аҳли сунна вал жамоанинг машҳур олимларидан Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақида ат-Таҳовия» номли асарлари ўз номидан ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва у кишининг икки шогирдларининг ақидавий қарашлари асосида ёзилганлиги ва улар Аҳли сунна имомлари эканлигига далолат қилиб турибди (Аслида, ушбу асарнинг асл номи «Баён ақоид аҳл ас-сунна вал жамоа ала мазҳаб фуқаҳо ал-милла Аби Ҳанифа ва Аби Юсуф ва Муҳаммад ибн ал-Ҳасан», яъни «Аҳли сунна вал жамоа ақидаларини миллат фақиҳлари Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан мазҳабидаги баёни» бўлган).

Шунингдек, Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари, ҳамда улардаги ақидавий масалаларни оммага кенг ёйишда беқиёс хизмат қилган Абул-Муъин ан-Насафийнинг «Табсира ал-адилла» асари ҳамда ақоид илмининг мотурудия йўналишида кўзга кўринган уламоларидан Фахрал-ислом Абул-Юср Паздавий, Умар Насафий («Ал-Ақийдатун Насафия» муаллифи), Саъдуддин Тафтазоний, Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқа уламоларнинг асарлари ҳам, уларни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидавий қарашларининг давомчилари эканлари ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдавий имоми эканликларининг ёрқин тасдиғидир.

Шайх Ибн Абдилбарр раҳматуллоҳи алайҳи «Жомиъи баён ал-илм ва фазлиҳи» китобида таъкидлашларича, улуғ имомлар тўғрисида ҳар хил гаплар гапирилган. Уламолар шу гапларни ўша улуғ имомларга нисбатан бошқалар ҳам қўллашига рози бўлмаганлар. Балки, буни рақобатчиларнинг бир-бирларига айтган гапларидан деб ҳисоблаганлар. 
Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳи гапида давом этиб, қуйидаги мазмундаги сўзларни айтганлар: «Ким улуғ ишончли уламоларни бир-бирлари тўғрисида айтган гапларини қабул қилишни хоҳласа, саҳобаларни бир-бирлари ҳақида айтган гапларини ҳам қабул қилиши лозим бўлиб қолади. Агар шундай қилса, қаттиқ адашади ва аниқ зиён кўради. Шунингдек, улуғ имомларни бир-бирлари тўғриларида айтган дағал гапларини қабул қилса ҳам адашади ва зиён кўради. Агар қабул қилишни хоҳламаса, адолати ҳақиқий, диққат-эътибори ҳаммага маълум, кабира гуноҳлардан сақланган, мурувватли, ўзгаларга ёрдам беришни лозим тутган, яхшилиги кўп ва ёмонлиги деярли йўқ инсонлар тўғрисида ҳужжат-далилсиз гаплар қабул қилинмаслигида қўйилган шартларга амал қилсин. Саъид ибн Мусайяб ва бошқа тобиъийн ва мусулмонларнинг имомларига мақтов айтганлар беҳисобдирлар. Одамлар уларнинг фазилатларини жамладилар, сийратлари ва улар ҳақидаги хабарлар билан шуғулландилар. Ким саҳобаларнинг фазилатларидан сўнг Имом Моликнинг фазилатлари тўғрисида, Имом Шофиъийнинг фазилатлири ҳақида ва Имом Абу Ҳанифанинг фазилатлари хусусида ўқиса, шу билан машғул бўлса ва уларнинг ажойиб сийратлари ва юрган йўлларини ўрганса, бу унинг учун мақтовга сазовор амал бўлади» .

 

Абдулҳодий Ғиёсов

ummat.uz

6178 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top