Мақолалар

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМГА ЎХШАГАН САҲОБА

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу бўлиб, уламоларимиз у кишининг Ислом динига тўртинчи ёки бешинчи бўлиб кирганликларини айтишади.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу мулоҳазали, сертавозеъ, камтар киши эдилар.

У киши ҳижратдан олдин Маккада Исломни очиқ эълон қилган зотларнинг бири эдилар. Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъламин нубала” китобида у киши ҳақида шундай деган: “У зоҳидлик, сидқ, илм ва амалда етакчи эди. Ҳақни баралла айтувчи инсон бўлиб, Аллоҳ розилиги йўлида қиладиган ишларида маломатчининг маломатидан қўрқмасди”.

У киши Табук ғазотида туялари секин юргани сабабли мусулмонлар қўшинидан ортда қолганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ Абу Заррга раҳмат қилсин, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, ёлғиз тирилади», дедилар».

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Заррдан кўра тили ростгўй ва вафодорга осмон соя солмаган ва ер уни кўтармаган. У Ийсо алайҳиссаломга ўхшайдир», дедилар.

Бас, Умар унга ҳасад қилгандек бўлиб:

«Унинг бундоқлигини ҳурматини қилайликми, Эй Аллоҳнинг Расули,», деди.

«Ҳа, унга шундоқ қилинглар!» дедилар у зот».

Термизий ривоят қилган.

 

Ушбу ҳадиси шарифда Абу Зарр Ғифорийнинг фазилатлари нақадар юқори экани маълум бўляпти. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифда келган гаплари бошқа бирор саҳоба ҳақида келмаган.

 

Аллоҳ таоло Абу Зарр Ғифорий ҳазратларидан рози бўлсин!

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

4641 марта ўқилди

Мақолалар

Top