Мақолалар

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги “Заркент бобо” зиёратгоҳида аёллар ва болалар томонидан қабр тавоф қилинаётгани, устунлар ўпилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этилаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Ундаги вояга етмаган болалар ҳам катталар ортидан бу амалларни бажараётгани энг ташвишланарли ҳолатдир.
Таъкидлаш жоизки, ушбу зиёратгоҳ Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси аввал ширк амаллардан сақланиш ҳақида фатво эълон қилганини таъкидлаган ҳолда “Заркент бобо” зиёратгоҳи мутасаддиларидан мазкур ҳолатга жиддий эътибор қаратишни тавсия этади.
Ислом таълимотига мувофиқ, мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар.
Афсуски, айрим кишилар билимсизлиги ва жоҳиллиги сабаб бўлиб, мазкур қабрни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби динимизга зид амалларни қилиб келмоқдалар.
Қуръони каримда:
“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).
Ушбу жойдаги зиёратчилар қабр атрофидаги ҳар бир устунни ўпиб, тавоф қилишмоқда. Шу билан бирга зиёратгоҳга чиқишда ҳар бир зинага сажда қилиб чиқаётган аёллар ва болаларни кўриб қаттиқ ачинасиз. Зиёратга келганлар ўша қабр устунларини силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани муборак динимизда катта ширк ҳисобланади.
Бир неча йил аввал шундай ҳолатлар юзасидан “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатво эълон қилинган. Шунингдек, зиёратгоҳларга зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар ҳам қўйилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ва шу каби идора тасарруфида бўлмаган зиёратгоҳларнинг масъулларини шу каби кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида фуқароларга зиёрат одобларини тушунтириш масаласида ҳамкорликка чақиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Заркент бобо” зиёратгоҳи мутасаддилари билан ҳамкорликда кузатилаётган вазиятга барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ҳолатни доимий назоратга олишни маълум қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2922 марта ўқилди

Мақолалар

Top