Мақолалар

Тавба қилмоқ инсон бурчи

Инсон ҳаётида билиб-билмай турли хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради, Аллоҳ таоло қайтарган бирор амални қилиб қўяди. Маълумки, гуноҳ ва хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир.

Уламоларнинг таъкидлашича : “Ҳар бир гуноҳга тавба қилмоқ вожибдир. Агар гуноҳ бирор кишига тааллуқли бўлмасдан Аллоҳ билан банда орасида бўлса, унинг учта шарти бордир:

1. Гуноҳдан четлашшиш.

2. У гуноҳни қилганига пушаймон бўлиш.

3. Ҳечам энди уни қилмасликка қасд қилиш.

Агар бу шартлардан бири топилмаса кишининг тавбаси дуруст бўлмайди. Агар гуноҳ бирор инсонга таъаллуқли бўлса унда тавбанинг шартлари тўрттадир: юқоридаги учта шарт ва тўртинчиси эса – у инсоннинг ҳаққидан ўзини озод қилиш. Агар мол-дунё ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса уни эгасига қайтаради. Агар жазо қоим қилинадиган даражада туҳмат қилган бўлса жазосини тортади ёки ҳақ эгасидан кечиришини сўрайди. Агар ғийбат қилган бўлса уни ўзига (узр сўраб) ҳалол қилиб олаади. Киши барча гуноҳлардан тавба қилиши лозимдир. Агар баъзи гуноҳларидан тавба қилса ҳақ аҳли наздида у ўша гуноҳларидан тавба қилган ҳисобланади, тавба қилмаган гуноҳлари эса зиммасида қолаверади. Тавбанинг вожиб эканлигига Қуръони каримдан, суннатдан, мусулмон умматининг ижмосидан ҳам келган далиллар мавжуд”.

Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31 оятида:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”,

Ҳуд сурасининг 3 оятида:

وَأَنِ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ ثُمَّ تُوبُوا إِلَيْهِ

“Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар”.

Таҳрим сурасининг 8 оятида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!”, деб марҳамат қилади.

Ашраф Али Таҳонавий: “Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳ таолога етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб тавба қиламан”, деганларини эшитдим”. Имом Бухорий ривояти.

Биз ушбу ҳадиси шарифдан пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларини истиғфор айтишга ундаётганларини кўрамиз, у зот маъсум (гуноҳдан пок ) бўлишлари, халойиқнинг энг афзали, Аллоҳ таоло у зотнинг олдинги-ю кейинги гуноҳларини мағфират қилганига қарамай истиғфор айтиб тавба қилишлари биз учун таълимдир. Истиғфор ва тавбада бардавом бўлиш инсонни билмасдан қилиб қўйган гуноҳларини мағфират бўлишига сабаб бўлади.

Ағар ибн Ясар Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтинглар. Чунки мен бир кунда юз марта тавба қиламан”, дедилар. Имом Муслим ривояти.

Олимлар пайғамбаримизнинг ушбу ҳадислардан маълум бир ададни белгилаб эмас балки кўплаб айтишга ундаётганларини айтишади. Шундай экан бу ва юқоридаги ҳадисдан кишидан талаб қилинган амал тавба ва истиғфорларини кун давомида бу ададларда чегараламасдан айтмоқлигидир.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечқурун раҳмат қўлини ёзади. Кечқурун гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи тавба қўлини ёзади. Бу қуёш мағрибдан чиққунига қадар давом этади” –дедилар.

Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати чексиз бўлиб маълум бир вақтга чекланмайди. Банда кундузи ёки кечқурун гуноҳга қўл уриб қўйса унинг тавбаси учун тезда шошилиши лозим эканлигини бу ҳадисдан тушуниб оламиз. Тавба эшиги ҳам доимо очиқдир, тоинки қуёш машриқдан чиқиб турган экан. Аммо қиёматнинг катта аломатларидан ҳисобланган қуёшнинг мағрибдан чиқиши билан тавба эшиги ҳам ёпилади.

Тавба аслини олганда, олий мақомлардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш набийлар ва расуллар ҳам тавбани маҳкам тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай, тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг тавбасини жони халқумига келгунича қабул қилади”, дедилар. Демак, биз бандалар гуноҳларимизга жонимиз халқумга келишидан аввал ҳаракат қилишимиз лозим.

Луқмони ҳаким ўғилларига айтганлар: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».

Жон ҳалқумга келмасидан илгари тавба қилиш зарур. Ундан кейин кеч бўлади. “Гуноҳларим кўп, Аллоҳ таоло уларни кечирармикин” деган шубҳа-гумонлардан узоқ бўлиш лозим, Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ҳақ ва кенгдир. Аллоҳ таолонинг раҳматидан фақат шайтон ва кофир кимсаларгина умидсиз бўлади, биз бандалар Парвардигор раҳматини истаб, мунтазам астойдил, чин дилдан тавба қилайлик. Зотан, самимий юракдан қилинган тавба туфайли Аллоҳ таоло бандасининг гуноҳларини кечиради. Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳақиқий тавба қилишимизни насиб этсин. 

 

Сайлиев Тўймурод

1888 марта ўқилди

Мақолалар

Top