Мақолалар

Мазҳабсизлик – шариатимизга таҳдид соладиган хатарли бидъатдур.

Бу борада сўз юритар эканмиз, аввало, “мазҳаб” сўзининг маъносини аниқлаштириб олмоғимиз зарур. “Мазҳаб” сўзи ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади.

Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир.

Ўтган аср сўнггида дунё юзида исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир қатлами пайдо бўлдики, у – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади, дейдилар. Ушбу тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақат Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди. Қолаверса, уларнинг наздида исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлгани боис бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиб, бирлигига раҳна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда. Аслида-чи?!

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари йўқлигини билдиради.

Фикримизнинг далили, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”(Наҳл, 43), деган амридир. Уламолар ижмоъ қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобе бўлишга буюрмоқда.

Дарҳақиқат, барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ва хулафоий рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар” деб марҳамат қилганлари мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг гаплари пуч эканига далил бўлади.

Тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Ҳатто Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари:
“Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”,
деганлар.

Бундан мазҳабсизлик жуда оғир гуноҳ экани аён бўлади. Унинг яна бир хатарли жиҳати, олдинроқ айтиб ўтганимиздек, мазҳабсиз одам фиқҳий масалаларга ўзининг билими етиб ечим топа олмагани боис гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бу мазҳабдан далиллар қидиради. Яъни ўзи инкор этган мазҳабларнинг ҳаммасининг ичида довдираб юради. Лекин аниқ бирини ушламагани боис эътибор қозона олмасдан умрини залолатда ўтказиб қўяди.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзи ҳидоятдан
адаштирмасин!.
Амин.

Орипов Шохимардон,

Шахрихон тумани, Гул-тепа масжиди

2504 марта ўқилди

Мақолалар

Top