Мақолалар

Ийсор нима?

Егингиз келиб турган ошни ўзингиздан-да муҳтожроққа берсангиз, ошни егандаги лаззатдан кўра кўпроқ лаззатни туясиз. Бунинг устига яна савоб ҳам оласиз.

Бунинг номини ийсор дейилади. Ийсор — бошқани ўзидан устун қўйиб, ўзи истаб турган нарсани унга беришдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ансор саҳобаларни мақтаб шундай деган:

وَالَّذِينَ تَبَوَّؤُوا الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِن قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِّمَّا أُوتُوا وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

«У(муҳожир)лардан аввал бу жойда яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севадирлар ва у(муҳожир)ларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир». (Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «Ансорлар» деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.) (Ҳашр сураси, 9-оят).

Ҳа, бу қўли очиқликнинг энг юқори кўринишидир. Мадиналик саҳобалар ана шу мақомга сазовор бўлган эдилар.

Инфоқ-эҳсон қилишнинг турлари кўп.

Саховат (سخاء) — ўзида кўпроғини қолдириб, озроғини инфоқ қилишдир.

Жувд (جود) — ўзида озроғини қолдириб, кўпроғини инфоқ қилишдир.

Ийсор эса (ايثار) — ўзида қолдирмай, борини инфоқ қилишдир.

Аллоҳ таоло бизларни ҳам ийсор мақомига эриштирсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

3502 марта ўқилди

Мақолалар

Top