Мақолалар

Интернетнинг фойда ёки зарарлари

Биз шундай замонда яшаяпмизки, бирор кунимизни интернетсиз ўтказа олмаймиз. Бир кун кирмасак, худди бирор нарсамизни йўқотиб қўйгандекмиз. Кимдир янгилик олиш мақсадида, кимдир ахборот улашиш мақсадида, кимдир илм олиш мақсадида, кимдир ўйин ўйнаш мақсадида, кимдир беҳаёликлардан нафсини қондириш мақсадида, кимдир шунчаки, бекорчиликдан вақтини ўтказиш мақсадида, кимдир кино кўриш мақсадида, кимдир керакли дастурларни юклаш мақсадида, кимдир бойлик орттириш мақсадида, кимдир кимнидир алдаш мақсадида, кимдир бизнесини ривожлантириш мақсадида, кимдир нимадир сотиб олиш мақсадида интернетдан фойдаланади ...

Эҳ-ҳе, рўйхатни яна ҳам давом эттириш мумкин. Ушбулар орасидан ўзингизни топдингизми? Сиз нима мақсадда интернетдан фойдаланасиз? Мақсадингизни аниқ қўйганмисиз? Шу мақсадингиз ўзингиз ё оилангиз фойдасигами, жамият ривожи, ватанимиз равнақи учун ҳисса қўшадими? Шу мақсадингиздан оғишмай ҳар доим собитқадам юра оласизми? Интернетдаги мафтункор фитналарга чалғиб қолмайсизми? Ундаги кўзга кўринмас хуружлардан етарли даражада ҳимояланганмисиз? Ҳар бир қилаётган ишингиздан Аллоҳ гувоҳлиги-ю, фаришталар амалларингизни ёзувга тушираётганини ҳар доим ҳам ҳис қиласизми?

Албатта, интернет узоғимизни яқин, оғиримизни енгил, биримизни икки, ишимизни осон қилишга хизмат қилади. Ушбу мақолада интернетнинг ижобий жиҳатлари ҳақида тўхталмаймиз. Кўплаб ижобий жиҳатлар билан биргаликда ҳаммамизни огоҳликка чақирадиган, интернет тармоғидан фойдаланганимизда хушёрликни талаб этадиган жиҳатлар бор.

Интернет хуружлари ҳақида гапирганда, энг аввало ғоявий, мафкуравий, ахборий, психологик, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий хуружларни эслаш лозим. Чунки ХХI аср ахборот асридир. Биргина ахборот (ёлғон, бузғунчи ёки тузоқли) билан бутун бир давлат ичида ёки халқлар, миллатлар орасида, кишилар орасида ёҳуд давлатлараро, қитъалараро турли низолар, келишмовчиликлар, ҳатто қонли урушлар келтириб чиқариш мумкин.

Дастлабки ўринда диний бузғунчилик хуружлари ҳақида гапириш ўринли бўлади. Бу ўринда инсонларни диндан чиқариш, динсизлик, бошқа динларга тарғиб, диний экстремизм ва террочиликка даъват каби масалаларни келтириш мумкин. Бу хуруж ҳозирги кундаги энг қўрқинчли хуружлардан бўлиб, унинг оқибатларини ёзишга эҳтиёж бўлмаса керак, чунки ҳар куни дунёнинг қайсидир ерида инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган кудхушликларни эсламасликнинг иложи йўқ.

Ундан ташқари ёшлар тарбиясини бузишга қаратилган беҳаёлик, зўравонлик, бепарволик, дангасалик ва шу каби бошқа салбий жиҳатларга ундовчи хуружлар ҳақида гапирилади. Бу хуружлар ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг бузилишига, унинг оқибатида эса бутун бир халқ, миллат, жамиятнинг бузилишига, турли фисқ-фасод, фитналар ёйилишига, ўғриликлар, йўлтўсарликлар, боқимандаликлар, фаҳш ишлари кўпайишига олиб келади.

Кейинги ўринларда иқтисодий хуружларни келтириш мумкин. Бунда дунёдаги катта банклардаги бировларнинг пулларини ўмаришдан, турли ташкилот ва фирмаларнинг пулларини ўз ҳисобига ўтказиб, уларни банкрот қилишдан бошлаб, то  алоҳида шахсларни бойиб кетишга тарғиб қилувчи хуружларни келтириш мумкин бўлади.

Биз ҳар биримиз ушбу турли фитналарга алданиб қолмаслигимиз учун ўзимизда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантиришимиз, турли фитналарга қарши ғоявий иммунитетимизни мустаҳкамлашимиз даркор, акс ҳолда биринчи қарашда ҳеч қандай таҳдид йўқдек кўринган мафтункор сайтлар, рекламалар,блогларга кириб қолиб, қўрқинчли оқибатлар юзага келиб қолиши мумкин.

Шукурки, ватанимиз халқининг асосий қисмида мафкуравий иммунитет шакллантирилди. Буни биз бутун дунё эътиборини тортган, кўплаб давлатлар ва ташкилотларга тегишли интернет сайтлари орқали И.Каримов “вафот этгани” ҳақидаги ёлғон хабар бир неча кун давомида тарқатилиб турилиб, Ўзбекистон халқини парокандаликка юз тутишини кутиб турган чет эллик бузғунчи ниятли кишилар ўз мақсадларига эриша олмаганликларида кўриш мумкин, деб ўйлайман. Чунки Раҳбаримизнинг йиллар давомида олиб борган сиёсати ўз самарасини берди. Интернет орқали ҳар соатда турли сайтлар орқали тарқатилаётган миш-миш хабарлар, Ўзбекистонда гўёки яқин орада вужудга келадиган турли қўпорувчилик ҳаракатлари, давлат раҳбари бўлишга қаратилган курашлар каби бўҳтонлар халқимизнинг асосий қисмини ваҳимага туширмади, балки халқимиз бир бутун, яхлит, жипслашган, ғоявий иммунитети шаклланган халқ эканлигини кўрсата олди. Лекин шу жараёнда кўринди-ки, ҳали бу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар борлиги, ҳали бу кўрсаткич 100% га чиқмаганлиги, шунингдек, бу соҳада бир жойда тўхтаб қолиш нотўғри эканлиги ҳақиқатдир.

Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш, ғоявий иммунитетни мустаҳкамлашда асосан, педагоглар, журналистлар, ёзувчилар, режиссёрлар, психологлар, ахборот технологияси соҳаси мутахассислари, сиёсатшунослар, давлат арбоблари, раҳбарлар, ота-оналар, маҳаллалар, экспертлар, имомлар, ҳукумат органлари ходимлари, қўйинг-ки, ҳар бир онг-тафаккури соғлом шахс ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларининг бундаги вазифаси провайдерлар даражасида бузғунчи сайтлар, реклама ва блогларга фильтрлар қўйиш бўлса, бошқа касб эгалари ўз фаолиятларидан келиб чиқиб, турли чиқишлар, маърузалар, кўрсатувлар, тушунтириш ишлари олиб боришлари керак бўлади. Шунингдек, китоблар, рисолалар нашр этиш керак бўлади.

Пировардида, “бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин. Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда”, деб таъкидлаган эди “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида И.Каримов (12-13-б.).

Демак, интернет бу жоҳил учун жаҳолат, жиноятчи учун жиноят, зоний учун зино, судхўр учун рибо, ўғри учун ўғрилик, тўғри учун тўғрилик, толиби илм учун илм, олим учун зиё, золим учун зулм, даъватчи учун даъват, адашган учун разолат, мунажжим учун башорат манбаидир. Хулоса чиқариш ўзингиздан, азиз ўқувчи.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти

катта ўқитувчиси Ходжимуратова Зуҳра,

4-курс талабаси Миржалилова Мухлиса

 

19654 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қайнотанинг пушаймони Тинчлигимиз посбонлари »

Мақолалар

Top