Мақолалар

Аллоҳга яқин бўлиш қандай бўлади?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шайтонни душман эканини, уни Ўз раҳматидан узоқлаштирганини эълон қилган. Барчамиз Роббимиздан бизни раҳматидан узоқ қилмаслигини сўраймиз.

Аббосий халифалардан бирига сарой аъёнлари босим ўтказиб, халифаликдан кетишини талаб қиладилар. Халифа бу талабга рози бўлиб, халифаликдан кетаётганда, “Эй Аллоҳ, мени халифаликдан бўшатдинг. Аммо раҳматингдан узоқлаштирмагин!” деб дуо қилган экан.

Аллоҳнинг раҳмати, Унга яқин бўлиш нима?

Атрофингдаги баъзи яхши инсонлар сенга яқин бўлса, қанчалик хурсанд бўлиб, кўнглинг кўтарилади. Энди Аллоҳга яқин бўлиш ҳақида нима деб ўйлайсан?

Инсон ўзига ўхшаган инсонларга, улар билан бирга яшаётганда, бирга овқатланаётганда, уларнинг зиёратига борганда яқин бўлади. Аммо Аллоҳ таолога яқин бўлиш Унга гўзал ибодат қилиш билан бўлади.  

Агар пешонангни У Зот учун ерга қўйиб сажда қилсанг, мана шу Унга яқинлашиш бўлади.

Аллоҳнинг Уйида – масжиддалигингда Унга яқин бўласан.

Аллоҳнинг солиҳ бандалари – уламолар, қорилар билан бирга ўтирсанг, улардан Қуръонни, Исломни ўргансанг, Аллоҳга яқин бўласан.

Уйингдаги жойнамоз солинган хонангда намоз ўқисанг, фарзандларинг ортингда, аёлинг уларнинг ортидаги жойнамозда намоз ўқиса, мана шу Аллоҳ таолога яқин бўлишдир.  

Кўчага чиқиб, йўлда кетаётганингда, йўл четида фақирликдан қийналиб, ўзи ва боласи учун нон топиш мақсадида аравани, қандайдир оғир юкни кўтариб кетаётган, меҳнат қилаётган аёлни кўриб қолсанг, Аллоҳ таолога яқин бўлишни истасанг, ана шу мискинлар ёнига бориб, уларга пул, нон, кийим-кечак бер, ана шунда Аллоҳ таолога яқин бўласан. Шарти – сен бу ишни фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилишинг керак. Агар сен уларга пулингдан бериб, уларнинг юзини тиланчиликдан, фақирликдан сақланишига сабаб бўлсанг, инша Аллоҳ, У Зот охиратда сенинг юзингни дўзах оловидан сақлайди.

Банда ибодат қилар экан, қалбида Аллоҳ таоло унинг ибодатларига мутлақо муҳтож эмаслигини, аксинча, банданинг ўзи Роббисига ўта муҳтожлигини ҳис қилиб, ихлос билан ибодатини адо этса, ўша банда Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраса, У Зот унинг дуоларини ижобат этади, Ўзининг раҳматига яқин қилади.

Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиш учун Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, Унинг лаънатига учраганларнинг қиссасини, нима сабабдан лаънатга учраганларини ўқиб, ўша кимсалар содир этган жиноятлардан узоқлашиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига эришганларга ўхшашга уриниш лозим.

Ибодатларингдан сўнг, қўлингни дуога очиб, “Эй Роббим, мен сени Роббим деб рози бўлдим. Сен ҳам мени бандам деб рози бўлгин!” дея дуо қил.

Аллоҳ таоло мўмин-мўминаларнинг обрўларини ерга урувчи, уларни ҳақорат қилувчиларни лаънатлаган. Сен диндош биродарларингни ҳақорат қилиб, уларнинг шаъни тил теккизишдан узоқ бўл!

Аллоҳ таоло рибо еювчиларни лаънатлаган. Сен рибонинг озини ҳам, кўпини ҳам тарк эт, ундай нарсалардан узоқлаш!

 

Шайх Солиҳ Мағомисий ҳафизаҳуллоҳнинг мавъизаларидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

3222 марта ўқилди

Мақолалар

Top