Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: Ҳазрати Умму Гулсум бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (давоми)

Умму Гулсум розияллоҳу анҳо Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу билан олти йил ҳаёт кечирди. Бу давр мобайнида Ислом юксалди, мусулмонлар Аллоҳнинг ёрдами ила зафар қучдилар. Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир минг беш юз киши билан умра қилиши учун Маккага йўл олдилар. Курайшийлар уларнинг бу истакларига қарши чиқдилар ва Маккага киришларига йўл қўймадилар.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нур соҳиби, куёвлари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга:

  • Курайшийларнинг олдига бор ва ҳеч ким билан урушиш ниятимиз йўқлигини билдир. Каъбаи шарифни тавоф қилиш учун келганимизни, қурбонликларимизни сўйиб, қайтиб кетишимизни айт, — дедилар.

Умму Гулсум розияллоҳу анҳо мушрикларнинг эрига бирор ёмонлик қилишларидан қўрқар, уни кутар экан, тобора хавотири ортиб борарди. Зеро, Усмон розияллоҳу анҳу кетганига анча вақт ўтган эди. Узоқ кутганларидан сўнг, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгани ҳақида ёлғон хабар тарқалди. Умму Гулсум розияллоҳу анҳо қайғуга ботиб, йиғлади.

Шу пайт Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни байъат қилишга даъват этдилар. “Байъатур ризвон” номи берилган бу байъатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чап қўлларини ўнг қўлларига уриб, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу номидан ҳам

байъат олдилар ва:

  • У Аллоҳ ва Расули учун кетди, - дедилар.

Орадан кўп ўтмай, Ҳазрати Усмон  розияллоҳу анҳу вазифасини битириб, ҳеч қандай азият кўрмасдан қайтиб келдилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшликлар билан Ҳудайбия сулҳини туздилар. Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳулар бу сулҳ шартларига рози бўлмаган муоризлар сафида эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонликларни сўйиб, сочларини олдиргач, асҳоби киромнинг кўпчилиги ҳам сочларини олдирдилар. Бир қисми эса бу ишни орқага сурдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шулардан бири эди. Умму Гулсум розияллоҳу анҳо отасининг:

  • Аллоҳ сочларини олдирганларга марҳамат этсин, - деганларини эшитиб, тараддудланиб қолди. Юзига тушкунлик аломатлари кўрина бошлади. Бироқ Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
  • Танбаллик қилганларга ҳам марҳамат этсин», - деб сўзларини тугатганларини эшитиб, кўнгли тинчланди.

Макка фатҳидан сўнг Умму Гулсум розияллоҳу анҳо севимли онасининг қабрини зиёрат этмоқчи бўлди. Отаси ва эри унинг бу таклифига рози бўлдилар. 

Ҳижратнинг тўққизинчи йили Шаъбон ойида ҳазрати Умму Гулсум розияллоҳу анҳо онамиз вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни севимли опаси Руқайя розияллоҳу анҳонинг ёнига дафн этдилар. Ҳаётликларида бу икки мўмина Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг завжалари эдилар, вафотларидан сўнг ҳам бир жойга қўйилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севган қизларидан ажралганлари учун қалблари ғамга, кўзлари ёшга тўлиб, кизларининт қабри тепасида Аллоҳдан уларга мағфират тиладилар.

Аллоҳ таоло Умму Гулсум розияллоҳу анҳо онамиздан рози бўлсин. Бугунги, муслима, мўмина аёлларимизни Умму Гулсум розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳаётлари ва хулқларидан ибратланиб яшамоғини насиб этсин. Омин.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

2892 марта ўқилди

Мақолалар

Top