Мақолалар

Ўзбек тилида Қуръон ва ҳадис ўқияпмиз...

Инсониятга берилган энг олий неъматлардан бири, инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи омилларнинг энг биринчиси бу шубҳасиз тилдир. Аллоҳ таолонинг Каломини ҳам биз айнан тилимиз орқали қироат қиламиз.
Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича баён қилади. 

 “(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?” (Балад сураси, 9-оят). 

Ҳозирги вақтда ЮНЕСКОнинг энг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда олти мингга яқин тил ва лаҳжа бўлса, улардан бор-йўғи 400 тасида ёзув мавжуд ва шулардан юзга яқини давлат тили мақомига эга. Албатта, мана шу 100га яқин тил ичида ўзбек тилининг борлиги бизга ғурур ва фахр бағишлайди. 

 

Миллий тил – миллат ўзлиги ва мустақиллигининг асосларидан биридир. Эсингиздадир, истиқлол йўлидаги илк саъй-ҳаракатлар ҳам  ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш борасидаги курашлардан бошланган эди.

Қолаверса, тил, аввало, миллатни миллат қилувчи восита, у миллатнинг кўзгусидир. Зеро, тилимизда бизнинг қиёфамиз, маънавиятимиз акс этади, тил миллат вакилининг маънавиятини намоён қилади. Мустақиллик даврининг энг улуғ имконият ва неъматларидан бири бу ўзбек тилининг ўз ерида обрў, эътибор топиши, Давлат тили мақомини олишидир.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди” дейилади.

Бугун, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Қувонарлиси, ўтган давр мобайнида диний маърифий мавзудаги, аждодларимиздан қолган бой маънавий меросимиз саналмиш турли мавзудаги китоблар, асарлар ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб халқимизга тақдим этиди. Жумладан “Қуръони карим”, ҳадиси шарифлар, Имом Бухорий ва Имом термизий каби улуғ боболаримизнинг дунёга машҳур асарлари соф она тилимизга таржима ва тафсир қилиниб оммага ҳавола этилди. 

Умид қиламизки келажакда аждодларимизнинг кўплаб асарларини Ўзбек тилига таржима қилиб маърифатга ташна халқимизга тақдим этилади!

 

Саидаброр Умаров

2510 марта ўқилди

Мақолалар

Top