Мақолалар

Рақобатчилардан қўрқманг! Ҳар кимнинг ўз ризқи бор

Бир савдогар донишманд ҳузурига келиб, ўзининг оғир аҳволидан шикоят қилди: “Шаҳарда менга рақобатчи пайдо бўлди. Моллари хилма-хил, нархи арзон. Мижозларим мени тарк этишяпти. Бу аҳволда касодга учрашим мумкин. Эй донишманд, маслаҳат бер...”

Донишманд ғамгин савдогарга диққат билан боқиб, сўради:

“Отни суғоргани дарёга олиб борсанг, у сув ичишдан аввал ер тепиниб пишқиради. Бунинг сабабини биласанми?”

Савдогарнинг жаҳли чиқиб, донишмандга деди: “Ҳузурингга оқилона маслаҳат сўраб келсам, сен менга аллақандай бемаъни савол беряпсан!”

“Ҳозир буни ўзинг тушуниб оласан, – деди донишманд. – От дарёга энгашганида, сувда ўзининг аксини кўради. Уни рақиб – бегона от, деб ўйлаб, ҳайдамоқчи бўлади, пишқириб, ер тепинади. Отдан фарқли ўлароқ, дарё суви ҳаммага етишини Сен яхши биласан-ку…”

“Менинг бошимдаги мушкул савдоларга онгсиз отнинг  нима алоқаси бор?!”

“Эҳ, дўстим, Яратганнинг неъматлари ҳаммага етишини англамаган ўша онгсиз от аслида – сенсан! Сув олдида ер тепинаётган отга ўхшаб, тасаввурингдаги рақобатчини қўрқитишга, ҳайдашга уриняпсан. Пул ва бойлик ҳаммага етади. Бор, ишингни ҳалол ва виждонан бажаравер. Топган-тутганинг ва ризқинг Аллоҳнинг сенга инояти. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Рақобатчиларинг – сувдаги аксинг кабидир”.

Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек ибодат қилавераман, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан. 

Эй инсон унутма! «Сен учун» деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга келади. «Сен учун эмас» деб ёзилган нарсага кучли бўлишингга қарамай ета олмайсан. На чумоли заиф бўлгани учун оч қолади ва на шер панжаси қувватининг зўрлиги билан доим қорин тўйдира олади.

Ҳамманинг ўз ризқи бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”(Ҳуд, 6).

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:     
“Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний “Авсат” ва “Соғийр”да ҳасан санади билан ривоят қилган). 

Ризқингни ошиғу кам қилиб бўлмас,

Оз-кўп деб кўнгилга ғам қилиб бўлмас.

Бу ишлар сен-менинг қўлимиздаги

Мум эмас-да, эзиб хам қилиб бўлмас.

Умар Хайём

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

2539 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Иймонимизни асрайлик! Қул манманлик қилмайди! »

Мақолалар

Top