Мақолалар

Чиройли хулқ - инсоний фазилат

Инсоннинг ҳурмат қозониши, кишилар ўртасида обрў-эътибор топишида унинг гўзал хулқ-атвори муҳим роль ўйнади. Ширинсуханлик, мулойимлик, каттага ҳурма, кичикка иззат, кенгфеъллилик каби фазилатлар, инсон умрини безайди. Уни ҳам Аллоҳнинг ҳузурида, ҳам бандалар олдида суюкли қилади. Ана шундай гўзал фазилатлар борасида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин-мусулмонларга ўрнак бўлдилар. Зеро у зот шу вазифа билан вазифалантирилган эдилар. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!” (Имом Бухорий).

Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз умматларига жуда кўплаб ахлоқ қоидаларини таълим берганлар. Мўмин учун зийнат бўладиган фазилатларни бирма-бир баён этганлар. Оиша (розияллоҳу анҳо)га қилган панду-насиҳатларида бундай деган эканлар: «Эй Оиша, ўзингга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса чиройли бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур».

Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб бундай деганлар: «Қиёмат кунида мўъмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир, Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз айтувчиларни ўзига дўст тумас».

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса бундай марҳамат қилинади: «Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўъминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўъмин афзалроқдур».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?» – деб, сўрадилар. Саҳобалар: «Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли полвон бўлади», деб жавоб бердилар. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Йўқ, ундай эмас, жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучлидир», дедилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳам ғазабини ичига юта оладиган кишиларни ўз Қуръони Каримида мақтаган: «У тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ таоло бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли-Имрон, 134).

Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб, йиқилади ва қўлидаги таом гиламга тўкилади. Хўжайиннинг жаҳли чиқади. Шунда хизматкор: «Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг», дейди. Аллоҳ нима деган? – сўрайди хўжайин. «Аллоҳ таоло “Ғазабни ютувчилар” – деган», жавоб беради хизматкор. Шунда хўжайин, «Майли мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим», дейди. «Аллоҳ таоло яна: “Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади”, деган» давом этади хизматкор. Шунда хўжайин: «Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим», деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.

Ушбу ҳикоятдан англашиладики, мўмин Аллоҳ таолонинг амрларини ўз ҳаётига тадбиқ эта олса, икки дунё саодатига эришади, иншоаллоҳ. Зеро, ҳикоятнинг иккала қаҳрамони ҳам Аллоҳнинг амрига буйин эккани,  унга амал қилгани боис бири ўткинчи дунё матоҳитни абадий дунёдаги улкан савобга айлантирди. Бошқаси эса ҳурликка эришиди...

Аллоҳ таоло барчаларимизга гўзал хулқли кишилардан бўлиб, даргоҳи илоҳийда юқори даражаларга кўтарилишни насиб этсин!

 

Адҳам ДЎСМАТОВ

Тошкент Ислом Университети магистранти

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби

19935 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « НЕГА “БИЗ?..” Маънавий тубанлик »

Мақолалар

Top