Мақолалар

Рашкнинг меъёридан ортиғи ҳақида

«Рашк» аслида форсча сўз бўлиб, ўзига тегишли бўлган, ўз ҳаққи деб билган нарсани қизғаниш, унда бошқа бировнинг шериклик қилишидан қалбнинг норози бўлиши ва изтиробга келишидир. Рашк кўпроқ эр ва аёл ўртасида намоён бўлади ва кучлироқ кечади. Бу туйғуда аёл ва эркак муштаракдир. Баъзан аёлларда рашк қаттиқроқ бўлади.

Рашк араб тилида «ғойротун» сўзи билан ифодаланади. Бу ўзак бизда «ғайрат» ­«шижоат», «ғайри», «ғайрлик» сўзларида ифода топган. Ҳақиқатан, бу сўзнинг туб мазмунида мазкур маъноларнинг барчаси мужассам.

Рашк инсоннинг фитратида бор табиий хислат, соғлом ғариза (инстинкт) ҳисобланади. Рашк меъёрида бўлиши керак. Агар рашк умуман бўлмаса, бу даюслик, қизғонмаслик бўлиб, Ислом динида даюслик қаттиқ қораланган ва охиратда ундай кимсаларга оғир азоб эълон қилинган. Агар рашк меъёридан ортиб кетса, ўзаро ишончсизликка, муносабатлар дарз кетишига, оилада жанжал бўлиши, кишини турли гап-сўзларни айтиб юборишига сабаб бўлиши мумкин. Кўп оилаларнинг бузилишига, эр-хотин жанжалларига рашкнинг ортиқчаси ҳам катта таъсир қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳафса розияллоҳу анҳонинг “София розияллоҳу анҳо яҳудийнинг қизи”, деган гапи етиб борганида София розияллоҳу анҳо йиғладилар. Шу ҳолда турганларида олдиларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва: “Сени нима йиғлатди?” деб сўрадилар. София розияллоҳу анҳо: “Ҳафса менга “Яҳудийнинг қизисан”, деб айтди!” дедилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен набийнинг қизисан. Сенинг амакинг ҳам набий ва сенинг эринг ҳам набий. У сенга нимада фахр қилар экан?!”, деб, “Аллоҳдан қўрқ, эй Ҳафса!” дедилар. Имом Термизий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Софийя розияллоҳу анҳо онамизга «Сен Набийнинг қизисан» деганлари «Сен Ҳорун алайҳиссаломнинг авлодисан», деганларидир. Онамиз Ҳорун алайҳиссаломнинг авлоди, зурриёди эдилар.

«Сенинг амакинг ҳам Набий» деганлари эса «Амакинг Мусо алайҳиссалом ҳам Набий» деганларидир. Чунки, Мусо алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг укаларидирлар.

«Сенинг эринг ҳам Набий» деганлари «Эринг менман. Мен эса Набий ва Расулларнинг улуғиман» деганларидир.

Бу ҳадисда бир инсонни камситиш гуноҳ экани таъкидланяпти. Онамиз рашк туфайли кундошларига нисбатан баъзи гапларни айтган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса розияллоҳу анҳо онамизни камситувчи гапларни айтишдан қайтаряптилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳдан қўрқ, эй Ҳафса!» дейишлари шунга далолат қилади.

Шу билан бирга бу ҳадисда Софийя розияллоҳу анҳо онамизнинг фазилатлари баён қилиняпти.

 

Islom.uz портали ва бошқа сайт маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2291 марта ўқилди

Мақолалар

Top