Мақолалар

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳаётлари

Хўжагон тасаввуфий тариқатининг муршиди, кейинчалик нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси, улуғ инсонпарвар сўфий Абдухолиқ Ғиждувоний ҳисобланади. Улуғ мутасаввуф олим, шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халфалари (муридлари) бўлиб, 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган.

Улардан қуйидагилар: «Рисолаи соҳибия», «Мақомати шайхул-шуйух Юсуф Ҳамадоний», «Насиҳатнома», «Васиятнома», «Рубоийёт» ва бошқалар.

Илк устози тафсир илмининг султони Имом Садриддин ҳисобланиб, йигирма икки ёшда Юсуф Ҳамадоний билан учрашади ва унинг муридига айланади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувоний қалбида Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббат борлигини билгач, суфийлар жамоасига олиб киради. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний устози билан боғлиқ тарихни ўрганувчи барча мусулмон ва европалик олимлар "Рашахот айнул ҳаёт" асарига ишончли манба сифатида мурожаат этадилар.

Фахруддин Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифийнинг "Рашахот айн ул ҳаёт" асарида Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувонийнинг хўжагон нақшбандия таълимотининг асосчиси эканлиги, бу таълимотнинг моҳияти, ўзига хос томонлари, бу таълимотнинг барча табақалар учун маъқул эканлиги ҳақида ёзилган. Бу манба Хўжагон тариқатининг моҳиятини ўрганишда кенг китобхонлар оммасига ёрдам беради.

XV асрнинг мўътабар адиби ва мутафаккири Абдураҳмон Жомий тасаввуфнинг йирик намояндалари ҳақида қомусий маълумотларни қолдирган. Бу улуғ зотнинг ҳозирча - 2 та асарида:  "Нафахотул унс" ва "Баҳористон"да Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида ёзиб қолдирган  маълумотлар бор. "Нафахотул унс" (Қувончли туҳфалар") Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуф аҳли таржимаи ҳоли ва ижодини ўз ичига олган тазкираси 1475-1476 йилларда ёзилган. Асарда турли даврларда яшаган тасаввуф тариқатининг 600 дан зиёд вакили ҳақида маълумот берилади. Асарнинг 242-243 бетларида Ҳазрат Хўжа Абдухолиқ Ғиждувонийга оид тавсиф   баён   этилган.   Алишер   Навоий   бу   асарлардан   илҳомланиб, "Насойимул муҳаббат" номли асар яратган. Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат мин шамойимул футувват" тарихий-фалсафий асарида улуғ зот ҳақида маълумот бериб, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида тавсифлар ифодаланган.

"Абдулланома" тарихий асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий (XVII аср) "Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний" деб ҳурмат билан ул зотнинг номларини тилга олади. Бундан маълум бўладики, у кишини Хўжаи Жаҳон деганлар, шу манбада туғилган йили 1111, вафоти 1179 йил деб кўрсатилган. Қабрлари ўз она юртлари Ғиждувонда деб кўрсатилган.

Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳридаги “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжиди соҳибикаромат Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари номлари билан аталади. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний  “Хўжаи жаҳон”, “Зикр қалб султони”, “Икки олам Хўжаси”, “Қутби замон”, “Офоқи замон” каби жуда кўп сифатлар берилган. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний “бўз тўқиш” касби билан шуғулланганлар. Хўжагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка  қарши қаттиқ курашиб, тама ва миннатдан инсониятни қайтариб халол меҳнат орқасидан кун кечиришга Аллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаб келганлар.

Буюк аждодларимиздан соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо ниятини амалга оширолмайди. Ёш бўлишига қарамасдан бобосининг ёнида юриган невараси Мирзо Улуғбек бу эзгу ниятни амалга ошириб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб 1433 йилда болаларни Қуръон ва ҳадис, фиқх ва тафсир илмлари ўрганишлари учун мўжаз бир мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом  қурдириб беради. Бухоро амири Амр Абдуллохон томонидан Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади.

 

 Тошкент ислом институти

Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

4163 марта ўқилди

Мақолалар

Top