Ибратли ҳикоялар

Дуонинг ижобати

Бир одам қаттиқ бетоб бўлиб, касалхонага тушибди. Шифокорларнинг бераётган дорилари фойда беришини сўраб эртаю кеч Аллоҳга ёлвориб дуо қилибди. Шу касал бир куни кечаси туш кўрибди. Тушида ўзи ва ҳамхоналари бир қудуқ ичидаги сувга чўкаётган эмишлар. Ёрдамга чақирсалар ҳам, ҳеч ким келмас эмиш. Бир пайт юқоридан бир ингичка арқон туша бошлабди. Ҳамма унга қараб талпинибди. Лекин арқон қимирлаб ҳеч кимнинг қўлига илинмай, ҳалиги одамнинг қўлига тушибди. Кўринишидан ўргимчак ипидек ингичка арқон одам кўтарадиган даражада пишиқ экан. Ҳалиги одам жон ҳолатда арқонга осилиб юқорига тирмаша бошлабди, лекин арқонни узилиб кетишидан хавотирга тушибди. Шу пайт худди унинг хаёлидагига жавобан юқоридан овоз келибди: “Қўрқма, ип узилмайди”. “Сен кимсан?” сўрабди ҳалиги одам. “Мен сен бир пайтлар сувдан чиқариб олган ўргимчакман. Ўша яхшилигинг учун бугун сенга яхшилик қилмоқдаман”, дебди. Ҳалиги одам бундай ишларни ҳар доим қилиб юргани учун бу ўргимчакни қачон, қаерда қутқарганини эслай олмабди. Шу пайт арқон қаттиқ силкина бошлабди. Одам пастга қараса, қолганлар ҳам арқонга осилиб юқорига тирмашиб чиқишаётган экан. Буни кўриб: “Арқон ингичка бўлса, ҳаммамизни кўтара олмай, узилиб кетиши мумкин. Нега улар менинг арқонимга осилишади?! Ахир ўргимчак уни мен учун ташлади-ку”, деб ўйлабди. Шу нарсани ўйлаган заҳоти арқон юқоридан “чирт” этиб узилиб, ҳаммалари пастга қулаб тушибди.

Ҳалиги одам ўз овозидан уйғониб кетибди. Ярим тун, шериклари ухлаб ётишибди. Кўрган тушини эслабди ва у ҳақда ўйлай бошлабди. Умри давомида жонивор ва ҳашоратларга яхшилик қилиб келган одам палатадошларини ўйламай, фақат ўзи учун Аллоҳдан шифо сўраётганини эслаб, ўзидан уялибди. Шу тун тонгга қадар кўз юммай, Аллоҳга: “Эй карами кенг Парвардигорим, барча дард берган бандаларингга, касалхонадаги беморларга ва менинг дардимга шифо бериб, шу ердан соғ-саломат чиқиб кетишимизни насиб эт”, деб ёлворибди.

Эрталаб шифокор одатдагидек касалларни кўздан кечираётиб, унга: “Сизнинг топширган анализларингизнинг жавоби яхши чиқди. Уч-тўрт кундан сўнг уйга жавоб берамиз”, дебди. 

Бу ҳикоядан хулоса шуки, одам ўзи учун нимаики яхшиликларни орзу қилса, атрофдагиларга ҳам шу нарсаларни насиб этишини хоҳламоғи лозим.

 

Акбаршоҳ Расулов тайёрлади

7675 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Чумоли ўгити Ҳасад учқунлари »

Мақолалар

Top