Мақолалар

“Чунки бандага ишонч йўқ”

Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом дарёнинг бўйида ўтирарди. Нигоҳи бир дона донни дарё томон кўтариб бораётган чумолига тушди. Сулаймон алайҳиссалом чумолини кузатишда давом этди. Чумоли донни сув бўйигача судраб борди. Шу пайт сув ичидан қурбақа пайдо бўлди ва оғзини катта очди. Чумоли дони билан қурбақанинг оғзига кириб кетди. Қурбақа оғзини ёпди ва сувга шўнғиди. Бир муддат ўтгач, қурбақа сувга шўнғиган жойидан пайдо бўлди ва оғзини яна очди. Ичидан чумоли ўрмалаб чиқди. Аммо бу сафар буғдой дони йўқ эди.

Сулаймон алайҳиссалом чумолини ёнига чақирди ва ўз амали асрорини сўзлаб беришни сўради. Чумоли тилга кирди:

 – Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Дарёнинг қаърида ичи бўш бир тош ётибди. Ўша тошнинг ичида бир қурт яшайди. Худо қуртни ўша ерда яратган. У дарёдан ташқарига чиқа олмайди. Менга унинг насибасини етказиб туриш вазифаси юклатилган. Қурбақага эса мени сувнинг тубига олиб тушиш амр этилган. Мен ҳар куни бир буғдой донасини дарё бўйига келтираман. Қурбақа мени оғзига солиб, сув остига, тош ёнига қадар олиб тушади. Мен у ердаги тешик орқали буғдой донини қуртнинг оғзигача олиб бораман. Сўнгра, қурбақа мени яна оғзига олиб қирғоққа қадар чиқариб қўяди.

Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом чумолига деди: – Буғдой донасини қуртга элтганингда ундан бирор гап эшитганмисан?

Чумоли жавоб берди: – Ҳа. У доимо шундай дейди: “ – Эй менинг ризқимни дарё тубидаги тош ичига қадар етказиб беришни унутмайдиган Худо! Иймонли бандаларингга нисбатан бўлган раҳматингни унутма”. 

***

Сулаймон алайҳиссалом бир чумолини кўриб ундан:

- Бир кунда қанча буғдой ейсан? - деб сўрабдилар. Чумоли:

- Бир дона, деб жавоб берибди.

Сулаймон алайҳиссалом унинг олдига бир дона буғдойни қўйибдилар-да, устидан бир косани ағдариб: "Кунлик ризқингни мен келтириб тураман!" дебдилар.

Эртасига келиб, косани олиб қарасалар чумоли бир дона буғдойнинг ярмини еб, қолган ярмини ушлаб ўтирганмиш. Сулаймон алайҳиссалом чумолига:

- Менга, бир дона буғдойни бир кунда ейман, деган эдинг. Ярми ортиб қолибди-ку, дебдилар. Чумоли у зотга қараб:

- Ризқим Аллоҳнинг зиммасида экан, У Зот менга кунлик ризқимни етказишни унутмайди. Бунга ишончим комил. Лекин куним сизга қолгач, эсингиздан чиқиб қолсам-чи, деган хавотир билан ярмини олиб қўйдим. Чунки бандага ишонч йўқ, – деб жавоб қилибди. 

***

Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний шундай деган:

– Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: “Агар  пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди”, деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди. 

***

Алихонтўра Соғуний шундай деганлар:

Ҳеч кимса энг сўнгги ризқини еб тугатмагунча дунёдан кетмас,

Ризқи тугамаган банданинг ўлиши мумкин эмас,

Унинг ризқини озайтириш ёки кўпайтириш ҳеч кимнинг қўлидан келмас. Бандага ризқ келиши ҳар қанча кечикиб қолса ҳам,

Яна унга ўлчанган ризқи етмай қолмас.

Ҳалоллик билан касб қилинса,

Ҳалол ризқ етказишликка Аллоҳ кафилдур. 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

3074 марта ўқилди

Мақолалар

Top