Мақолалар

Гўзал хулқ комиллик белгиси

Барчамизга маълумки, одоб-ахлоқ масаласи ҳаётимизда жуда ҳам муҳим аҳамиятга  эгадир. Шунга кўра Ислом шариъатимизда одоб ахлоқ масаласига катта эътибор берилган. Кўплаб оят ва ҳадисларда инсонларни чиройли хулқли бўлишга тарғиб қилинган. Бу борада пайғамбаримиз алайҳиссалом барчамизга ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини мақтаб шундай деган:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”! (Қалам, 4-оят)

У зот гўзал хулқ соҳиби бўлганлар. У зотнинг хулқлари ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ سَعْدِ بْنِ هِشَامٍ، قَالَ: سَأَلْتُ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، فَقُلْتُ: أَخْبِرِينِي عَنْ خُلُقِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَتْ: "كَانَ خُلُقُهُ الْقُرْآنَ

رَوَاهُ أَحْمَدُ

Саъд ибн Ҳишомдан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан шундай деб сўрадим: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида хабар беринг”.

Оиша: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, деб айтди””. Аҳмад ривоят қилган.

Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. Қуръондаги барча яхши хулқларни ўзларида жо қилганлар. Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:  إِنَّمَا بُعِثْتُ لأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الأَخْلاَقِ 

.رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

У зотнинг ўзлари гўзал хулқ, юксак одоблар билан сифатланган бўлишлари билан бирга умматларини ҳам шу каби чиройли хулқли бўлишга тарғиб қилганлар ва гўзал хулқнинг фазилатларини баён қилганлар. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُا، قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:  إِنَّ الْمُؤْمِنَ لَيُدْرِكُ بِحُسْنِ خُلُقِهِ دَرَجَةَ الصَّائِمِ الْقَائِمِ 

. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, мўъмин чиройли хулқи билан рўзадор, тунларда қоим бўлувчи даражасига етади”, деяётганларини эшитдим”. Абу Довуд ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَالَ:  مَا مِنْ شَىْءٍ أَثْقَلُ فِى الْمِيزَانِ مِنْ حُسْنِ الْخُلُقِ

. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абуд Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳусни хулқдан кўра тарозида оғирроқ нарса йўқдир”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَكْمَلُ النَّاسِ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا

رَوَاهُ أَحْمَدُ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг иймон жиҳатидан комилроғи хулқ жиҳатидан яхшироғидир...”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Шунингдек, ҳусни хулқ борасида улуғ зотлардан ҳам ажойиб фикрлар баён қилинган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Ҳурматли бўлиш нима?”-деб савол қилинди. У киши: إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ “Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”,(Ҳужурот, 13-оят) деди. У кишига: “Ҳасаб нима?” – деб айтилди. У киши: “Хулқи энг чиройли бўлганингиз ҳасаб борасида энг афзалингиздир”, деб жавоб берди. У киши: “Ҳар бир бинонинг пойдевори бўлгани каби, исломнинг пойдевори гўзал хулқдир”, деб айтди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай деди: “Инсон агар обид бўлмаса ҳам ҳусни хулқ билан жанатдаги олий даражаларга етади. Ёмон хулқ сабабли гарчи обид бўлса ҳам жаҳаннамнинг энг пастига тушиши мумкин”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини азоблабди”.

Жунайд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилм, тавозеъли бўлиш, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ иймоннинг комиллигидир”.

Яҳё ибн Муъоз роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Ёмон хулқ ёмон хусусият  бўлиб, у билан кўп яхшиликлар ҳам манфаат бермайди. Яхши хулқ эса, яхши хусусият бўлиб, у билан кўп ёмонликлар зарар бера олмайди”.

Муҳаммад Зеҳний роҳимаҳуллоҳ: “Фазилатга насаб билан эмас, балки одоб билан эришилади”, деб айтган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариъатимизда гўзал ахлоқли бўлишга тарғиб қилинган бўлиб, ҳар бир инсон хулқ атворини чиройли қилишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, инсон чиройли хулқи сабабли дунё ва охиратда юқори даражаларга етади. Бунинг учун аввало шариъатимизни яхши ўрганишимиз ва унга амал қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ барчамизга гўзал хулқ соҳиби бўлишимизни насиб қилсин. 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Мадаминов Шокиржон манбаалар асосида тайёрлади

2660 марта ўқилди

Мақолалар

Top