Мақолалар

Имомга иқтидо қилган кишининг намозда «Фотиҳа» сурасини тиловат қилиши

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, имомга иқтидо қилган инсон қироат қилмайди. Хусусан, «ад-Дуррул мухтор» асарида «Танвир»нинг «Имомга  иқтидо қилган шахс мутлақо қироат қилмайди», деган ибораси қуйидагича шарҳланади: «яъни фотиҳани ҳам, бошқа сурани ҳам гарчи, у махфий намоз бўлса ҳам. Бунга учала катта имомларизнинг иттифоқи бор». Шунингдек, мазкур китобда «Бу саҳобаларнинг бир нечтасидан ривоят қилинган», дейилади. Ибн Обидийн ушбу иборани шарҳлаб қуйидагиларни айтади: «Муқтадийни қироатдан қайтариш саксон нафар катта саҳобалардан, жумладан Али Муртазо, Абодила (Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Зубайрлар) дан ривоят қилинган. Ҳадис олимлари уларнинг барчасини исмлари билан келтиришган».

«Ҳидоя» китобида «Муқтадий имомнинг ортида қироат қилмайди». Бунга имом Шофеъий хилоф қилади. «Фотиҳани қироат қилиш рукнлардан бир рукн  эканлиги у зотнинг далилидир. (Яъни  шофеъийларга кўра, бошқа рукнларда имом ва муқтадий шерик бўлганидек, ушбу рукнда ҳам улар шерикдирлар. Шу боис ҳар иккисига ҳам «Фотиҳа» ўқиш фарздир). Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ ва салламнинг «Кимнинг имоми бўлса, имомнинг қироати унга қироатдур», деган сўзлари далилдир ва бунга саҳобаларнинг ижмоси бор. (Тўғри шофеъийлар айтганидек) қироат у иккови (имом ва муқтадий) ўртасида муштарак рукн. Лекин, бу ўринда муқтадийнинг улуши жим туришдир. Шунингдек, Набий  алайҳиссалом «Имом қироат қилса, тек туринглар» деганлар», дейилади.

Аллома Анваршоҳ Кашмирий ушбу масала борасида «Фаслул хитоб фи масъалати Уммил китоб» асарини ёзган. Унда бу хусусда келган оят ва ҳадисларни чуқур таҳлил қилган ва муқтадийнинг имом ортида қироат қилмаслиги оят ва ҳадисларга мувофиқ эканини исботлаган. Шу ўринда уламоларимизнинг юксак заковатига далолат қилувчи бир нарсани айтиб ўтамиз Аллома. Кашмирий китобда ажойиб тарзда сўз ўйини ишлатган. У китоб якунида  «Мен ушбу сатрларни шофеъийларга раддия сифатида ёзмадим, балки ҳанафийларнинг қироатни тарк этиш сабабларини маълум қилиш учун ёздим. Шу боис мен жим турувчилардан бўлдим, тортишувчилардан эмас», дейди. Аллома бу сўзлари билан «Қачон сизларга Қуръон ўқилса жим туринглар» ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортиларидаги иқтидо қилувчилар қироатини эшитиб норози оҳангда «Нега қироатда мен билан тортишиляпти?» деган сўзларига ишора қилмоқда. Ушбу асарда «Жамоатга келиб рукуъга улгирган инсондан қироат соқит бўлиши баъзилар айтганидек зарурат учун эмас, балки муқтадийга қироат шарт эмаслигини ифодаси учун», деган фиқҳга оид фойдали маълумотни ҳам учратишингиз мумкин.

Энди бу масала хусусида келтирилган далиллар билан танишамиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз! Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз» (Аъроф сураси, 204 ояти)

Аллоҳ таоло Қуръони карим инсонларга ҳидоят ва раҳмат эканини эслатгач, бандалар ундан фойда олишлари ва ҳидоятга юришлари учун, қолаверса, Қуръонга ҳурмат юзасидан мўминларни унинг тиловатига қулоқ солишга амр қилмоқда.

Муовия ибн Қурра ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бўлган баъзи устозларимдан сўрадим (менимча, у Абдуллоҳ ибн Муғаффал эди): «Қуръонни эшитган ҳар бир кишига унга қулоқ тутиш ва жим туриш вожиб бўладими?», шунда у: «Албатта, «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!» ояти имом ортидан қироат қилиш ҳақида нозил бўлган. Агар имом қироат қилса, унга қулоқ сол ва жим тур», деди». (Ибн Абу Шайба, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ “Тафсир”да ривоят қилган)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган». (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти)

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиганларида бир гуруҳ одамлар у зотнинг орқаларида туриб қироат қилди. Шунда «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!» ояти нозил бўлди». (Ибн Мардвайҳ ривояти)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб қироат қилган намоздан фориғ бўлиб: «Ҳозир сизлардан биронтаси мен билан бирга қироат қилдими?» деб сўрадилар. Шунда бир киши: «Ҳа, мен (қироат қилдим), эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айтдим-а, нима сабабдан Қуръон (қироати)да жазб қиляпман, деб», дедилар. Бас, одамлар буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитгач, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб қироат қиладиган намозларда у зот билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар». (Сунан соҳиблари, Аҳмад, Молик, Табароний, Дароқутний ва Ибн Ҳиббон ривояти)

Абу Исо: «Бу ҳадис ҳасандир», деган.

Жобир розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Кимнинг имоми бўлса, бас, ўша (имом)нинг қироати унинг учун ҳам қироатдир». (Аҳмад, Дароқутний ва Ибн  Ибн Абу Шайба ривояти)

Ушбу ҳадиснинг айтилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар. Ортларида бир киши қўшилиб қироат қилди. Саҳобалардан бири уни имом орқасидан қироат қилишдан қайтарган эди, у: «Мени Аллоҳнинг Пайғамбари ортидан қироат қилишдан қайтарасан-ми?» деди. Улар жанжаллашиб қолиб, охири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришган эди, у зот: «Ким имомнинг орқасида (туриб) намоз ўқиса, бас, имомнинг қироати унинг учун ҳам қироатдир», дедилар (Ибн Адий ривояти)

Мана шу ҳадис ҳанафийларнинг энг кучли далилларидан бири саналади. Унга кўра, жамоат намозларида имомнинг қироати иқтидо қилувчиларга ҳам етарли. Улар ўзлари учун алоҳида қироат қилишлари шарт эмас.

Бу ерда жаҳрий намозларда имом қироати муқтадийларга ҳам кифоя қилади, махфий қироат қилинадиган намозларда намозхонлар қироат қилсинлар, деган гап йўқ. Демак, бу ҳадисни мутлоқ, умумий маънода тушуниш керак.

Абу Нуъайм Ваҳб ибн Кайсон Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитган экан: «Кимки бир ракъат намоз ўқиб, унда Уммул Қуръон (Фотиҳа сураси)ни қироат қилмаса, бас, у намоз ўқимабди. Фақат имомнинг орқасида бўлсагина (Фотиҳани қироат қилмайди)». (Термизий ривоят қилган ва: «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳдир», деган).

Фотиҳа сураси қироатисиз намоз дуруст бўлмайди. Албатта уни ўқиш керак. Лекин жамоат намозларида муқтадийлар Фотиҳа ва зам сурани тиловат қилишлари шарт эмас. Чунки имомнинг қироати уларга кифоя қилади.

Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом унга эргашишлик учун қўйилгандир. Бас, агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар қироат қилса, сизлар жим туринглар!», дедилар». (Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Абу Шайба ривояти)

Жамоат намозларида иқтидо қилувчилар имомга тўлиқ эргашишлари, у нима қилса, шуни қилишлари керак. Фақатгина қироатни имомнинг ўзига қолдирадилар. Сабаби у қироати энг чиройли ва тажвидли бўлгани учун имомликка ўтади.

Баъзилар ушбу ҳадис жаҳрий қироат қилинадиган намозлар ҳақида айтилган, дейишади. Бу фикрга қуйидаги ҳадис раддия бўлади.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Имом хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий ўқисин, унинг қироати сенга кифоя қилади». (Дароқутний «Сунан»да ривоят қилган)

Демак, намоз хоҳ жаҳрий – овоз чиқариб ўқилсин (шом, хуфтон, бомдод), хоҳ махфий – ичда ўқилсин (пешин, аср), имомнинг қироати иқтидо қилувчилар учун етарли бўлади.

Қуйидаги ривоят ҳам бу фиркни қувватлайди. Убайдуллоҳ ибн Миқсам ривоят қилади: «Мен Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Пешин ва аср намозларида имом орқасида туриб қироат қиласанми?» деб сўрадим. У: «Йўқ», деб жавоб берди». (Абдураззоқ «Мусоннаф»да ривоят қилган)

Шаъбий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имомнинг ортида қироат (қилиш) йўқ», деганлар». (Дароқутний мурсал тарзда ривоят қилган)

Абдураҳмон ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом орқасида қироат қилишдан қайтарганлар».

Мусо ибн Уқба ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар, Усмон розийаллоҳу анҳумлар имом орқасидан қироат қилишдан қайтарар эдилар.

Зайд ибн Аслам ривоят қилади: “Ибн Умар розийаллоҳу анҳу имом ортидан қироат қилишдан қайтарар эди”.

Абу Исҳоқ айтади: «Абдуллоҳ ибн Масъуднинг биродарлари имом ортидан қироат қилмас эдилар».

Ибн Заквон айтади: «Зайд ибн Собит ва Ибн Умарлар имом ортидан қироат қилмас эдилар». (Мазкур асарларни барчаси Абдураззоқ ривоятида келган)

Шаъбий айтади: «Мен Бадрда қатнашганларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди».

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан ўнгга яқини имом орқасида туриб қироат қилишдан қаттиқ қайтаришарди. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббослардан ушбу амалдан қайтарганлар».

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, имомга иқтидо қилган инсон учун имомнинг қироати кифоя қилар экан. Муқтадий имом ортида туриб умуман қироат қилмас экан. Ушбу ҳукм оят ва ҳадислар, ҳамда саҳобаи киромларнинг аксарларлари тутган йўлга мувофиқ экан.

Жўрабоев Ҳабибуллоҳ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти,
Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

7276 марта ўқилди

Мақолалар

Top