Мақолалар

Манманлик қилмоқчи бўлганингизда...

Буни телефонингизга сақлаб қўйинг. Ҳар гал манманлик қилмоқчи бўлганингизда унга назар солинг!

“Кибр”, “такаббур”, “кибрё” сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Кибр гуноҳи кабирадир.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас», деган (22–23-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни: «Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», деб таъриф-лаганлар.

Пулингиз 100 миллиард доллар, кийган кийимингиз энг сўнгги ва қимматидан, минган машинангиз Bugatti chiron, уйингиз шаҳар марказидаги энг катта вилла бўлгани учун манманлик қилиб, кеккайиб, турли оғир вазиятлардан пул билан қутулиб чиқиб кетаётган бўлсангиз, айбларингиз, жиноятларингиз одамларга сезилмаётган бўлса ҳам, ишонинг, сиз бу чуқурликка чап бериб қочиб кетолмайсиз!

Биз бандамиз, демак, бандалик мақомида туриб, бандаларга хос тарзда ҳаёт кечиришимиз керак. Яъни Аллоҳ таоло бизга буюрган барча ибодатларни ўз вақтида адо этиб, У Зот бизни қайтарган ишлардан қайтишимиз керак. Зеро, Умавийларнинг энг адолатли, тақволи халифалардан бўлган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

“Албатта, ибодатнинг энг афзали фарзларни адо этиш ва ҳаром қилинган нарсалардан четланишдир”.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Islom.uz сайти ва бошқа интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2901 марта ўқилди

Мақолалар

Top