Мақолалар

Сабрнинг мукофоти жаннатдир

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан яна бири сабр бўлиб, бу Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга буюрган амалларидан биридир. Сабр инсон учун берилган улкан бир неъматдир. Чунки, биз яшаб турган дунё ҳаёти бир текис эмас. Гоҳида хурсанчилик, гоҳо ҳафалик. Баъзида енгиллик, баъзида машаққатдан иборатдир. Агар инсон яхши кунлар учун, берилган неъматлар учун шукр қилсаю, синов ва имтихонлар, машаққатлар учун сабр қила олмаса яхши амаллари учун бериладиган ажр ва савобларини саробга айлантириб қўйиши мумкин.

Сабр бу – чидамли бўлишдир. Инсон нафсига ёқмайдиган ҳодисаларга рўбаро бўлганда Аллоҳдан савоб умидида, уларга чидашлик, ўзини йўқотмаслик, ножўя сўзлардан ва ҳаракатлардан тийилишдир.  Ушбу ҳолатга эса бизни Роббимиз буюрган. Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир" (Бақара сураси,153-оят).

Ушбу оятга эътибор берилса, Аллоҳ таоло Ўзининг бандалари учун бермоқчи бўлган ёрдамига икки нарсани "калит" қилмоқда. Улар: Сабр ва Намоз. Мусулмоннинг хужжати ва диннинг устуни бўлган намоздан илгари сабрнинг зикр қилиниши ҳам, унинг нечоғлик улуғ ибодатлигига далолат қилади. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг сабрли бандалар билан биргалигини таъкидлашининг ўзи ҳам сабрнинг шарафини баён қилишга кифоя қилади. 

Қолаверса, инсоннинг қилган ҳар бир амали учун ихлос ва муҳаббатига қараб ўнтадан етти юзтагача савоб берилади. Бироқ, сабр шундай сифатки, Аллоҳ таоло сабр қилувчи бандаларига берадиган ажрларини ҳисобламади. "Хеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур" (Зумар сураси, 10-оят).

Ушбу оятдан маълум бўладики, қилинган хайрли амалларга ва неъматлар учун айтилган шукрларга бериладиган ажрдан кўра сабрга бериладиган ажрнинг чексизлиги, сабрнинг нақадар қадрли ва аччиқ ҳислат эканлигини англатади.

Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом сабр бобида тенгсиз эдилар. У зотнинг сабрларини ифода этиш, ёзиб тугатиш учун умрлар етмайди. Гарчи, Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишларига қарамай умрларининг аксар қисми синовлар, имтиҳонлар қийинчилик ва машаққатлар билан ўтди. Бироқ, у зот бирор марта ҳолларидан шикоят қилмадилар. Чиройли сабр ила Роббиларидан мадад сўрадилар. У зотнинг ҳаётларида бўлган биргина мисол, у зотнинг тилларидан чиққан бир оғиз сўз барча мўминлар учун катта сабоқ ва кўрсатмадир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Сиз ҳамми Ё, Расулуллоҳ! (яъни, сиз ҳам йиғлайсиз-ми?), дедилар. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ёш тўкилади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)

Ҳадисдан маълум бўладики, сабр йиғидан ва ҳафаликдан тийилиш эмас, балки, Аллоҳ таолони норози қиладиган сўз ва амаллардан тийилишликдир.

Баъзилар сабрни фақат мусибат вақтида бўлади, деб ўйлашади. Бироқ, сабрнинг ҳам турлари бор. Уламолар сабрни уч турга бўлганлар.

Биринчиси, Аллоҳ таоло банданинг молига ва жонига бир талофат  юборганда савоб умидида сабр қилишлик;

Иккинчиси, Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни адо этишда  дуч келинган машаққат ва қийинчиликларга Аллоҳ таолодан даража умидида сабр қилишлик;

Учинчиси, гуноҳ ва маъсиятдан тийилишда, нафс ва шайтоннинг макридан сақланишда  Аллоҳ таолодан қўрқиб сабр қилишлик.  Бу уч ҳолатнинг қайси бирига тушишликдан қатъий назар, уларга қилинган сабрларнинг ажри беҳисобдир.                  

Хулоса шуки, сабр инсон иймонининг мукаммаллигидандир. Чунки, иймоннинг бир бўлаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз эмаслигига ва қазои қадарга  ишонишликдир. Шунинг учун Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: "Кимнинг сабри йўқ бўлса, унинг дини йўқдир", деганлар. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, сабр қилган инсон Аллоҳнинг қадарига, у учун ёзиб қўйган тақсимотига, Роббисининг имтиҳонига таслим бўлган ҳисобланади. Бу эса айнан диннинг бир бўлагидир. Айнан шунинг учун ҳам, сабрнинг мукофоти жаннатдир. Бу ҳақда ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, унинг мукофоти фақат жаннатдир” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор беринг, Аллоҳ  таоло дунё аҳлидан бўлган, фоний бир йўқотиш учун, боқий дунёда, абадий ҳаётда жаннат ваъда қилмоқда. Шарт шуки, “савоб умидида сабр қилса...”.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан сақланишимизга, хайрли амаллардаги машаққатларни енгишимизга ҳамда имтиҳонлардан ажр билан чиқишимизга кифоя қилгудек сабр билан сийласин!

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

4336 марта ўқилди

Мақолалар

Top