Мақолалар

Салафи солиҳларимизнинг намоздаги хушуълари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида яшаган саҳобаи киромлар, саҳобалардан таълим олган тобеинлар, тобеинлардан илм олган табаъа тобеинлар китобларимизда “Салафи солиҳлар” деб юритилади.

Хўш, улар намозни қандай ўқишарди?

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қачон намозга турсалар, ўзларини йиғидан тутиб туролмас эдилар.

Али розияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида пешоналаридан ари чақиб олганини сезмаганлар. Шунингдек, у зот намозга таҳорат олаётиб татрашга тушардилар. “Сизга нима бўлди?” деб сўрашса, “Таклиф қилинганда осмонлар, ер ва тоғлар олмаган Аллоҳнинг омонатини адо этадиган пайт келди”, деб жавоб берар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ҳисоблаб устларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида тош тушиб кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаганлар.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар:

“Муслим ибн Ясорни ҳеч намозда у ёқ бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган”.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

“Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар”, дедилар.

Табиблар:

“Бунинг учун сизга банж беришимиз керак”, дейишди.

У киши:

“Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман”, дедилар.

Табиблар:

“Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ”, дейишди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

“Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди”, дедилар.

У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб ҳушларидан кетдилар”.

Қосим ибн Муҳаммад айтадилар: “Ҳар куни эрталаб Оиша розияллоҳу анҳога салом берар эдим. Бир куни одатдагидек салом бериш учун унинг олдига келсам, зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиётган эканлар, намозда: “Мана, Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди ва бизларни самум (баданларни илма-тешик қилиб юборадиган шамол) азобидан сақлади” (Тур, 27), оятини ўқиб йиғлар эдилар. Ўша оятни такрорлайвердилар, чўзилиб кетди. Бу ҳол менга малол кела бошлади. У киши эса ҳамон ўша-ўша эдилар. Бозорга бориб, ишларимни битириб келмоқчи бўлдим. Хуллас, ҳожатларимни тугатиб келсам, у киши ҳали ҳам ўша оятни такрорлар, йиғлар ва дуо қилар эдилар”.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳам хушуънинг кучидан намозда ёғочдек қотиб турардилар. У кишининг ибодатга ниҳоятда ҳарис бўлганларини тарих китобларида кўп ўқиганмиз. Муслим ибн Банноқ Маккий айтадилар: “Ибн Зубайр рукуъга борди, мен Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида сураларини ўқиб бўлдим, сўнг у бошини кўтарди”.

Ҳабиб ибн Собит узоқ сажда қилганларидан одамлар уни ўлиб қолдими, деб ўйлашар экан.

Анбас ибн Уқба саждада тахтадек қотиб қолганларидан, ҳатто чумчуқлар у кишининг устига қўниб-учиб юришаркан.

Бу зотлар намозда ҳаловат топганлари боис ундан ташқарига чиқишни ҳечам истамаганлар, фақат қарилик, куч-қувватнинг кетиши узоқ ибодат қилишларига бир озгина халал берган.

Абу Исҳоқ Сабиъий айтадилар: “Намоз менга оғирлик қилди, заифлашиб қолдим, кучим кетди. Бугун намозга туриб, Бақара билан Оли Имроннигина ўқий олдим, холос”.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кўп намоз ўқиганлари ва унда узоқ вақт турганлари боис, қозиқ деб ном олган эканлар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир куни намоз ўқиётганларида ўн етти жойларидан ари чақибди. Ибодатни адо этиб бўлгач: “Қаранглар-чи, менга нима озор берди?” деган эканлар.

Абдуллоҳ ибн Умар намоз ўқиётган бир йигитни кўриб қолдилар. У намозини ҳаддан ташқари жуда чўзиб ўқиётган эди. У зот: “Бу йигитни ким танийди?” деб сўрадилар. Бир киши: “Мен танийман” деди. Шунда Ибн Умар: “Агар уни таниганимда рукуъ ва саждани узайтиришга буюрардим. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, банда намозга турса, барча гуноҳлари билан бирга туради. Ўша гуноҳлари унинг бўйнига қўйиб қўйилади. Ҳар гал рукуъ-сажда қилганида ўша гуноҳлар бирма-бир тўкилади” деганларини эшитганман” дедилар.

Ибн Журайж шундай деганлар: “Мен Атодан 18 йил ажралмадим. У киши ёшлари катта бўлиб, заифлашиб қолганларидан кейин ҳам намозда тик турган ҳолда Бақара сурасидан 200 оят ўқир эдилар. Буни ўқиш асносида умуман қимирламас, заррача ҳаракат қилмас эдилар”.

Холид ибн Амр айтадилар: “Мусъирни кўрдим. Қарасам, унинг пешонаси сажда қилаверганидан эчкининг тиззасига ўхшаб кетибди”.

Ибн Раҳб айтадилар: “Ҳарамда Саврийни кўрдим. Шом намози ўқиб бўлингандан кейин намоз ўқиди, сажда қилди. Хуфтонга азон айтилгунича бошини саждадан кўтармади”.

Ибн Зубайр намозга турсалар худди дарахт шохига ўхшаб эгилиб қолар эдилар.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида, у киши турган уйга ўт тушди. Шунда ташқаридагилар “Эй Расулуллоҳнинг набиралари, олов!” деб бақиришди. У зот бошларини кўтариб ҳам қўймадилар. Олов охири ўчди. У кишидан нега бундай қилганлари сўралганида “Мени охират олови сизлар айтган оловдан банд қилиб қўйди” деб жавоб бердилар.

Али ибн Ҳусайн агар таҳорат қилсалар рангилари сарғаяр, агар намозга турсалар қўрқувдан қалтираб, даҳшатга тушар эдилар. У кишидан бунинг сабаби сўралганида, “Кимнинг ҳузурида туришимни, кимга зорланиб, илтижо қилишимни биласизларми?!” деб жавоб бердилар.

Мансур ибн Муътамирнинг қўшнисининг қизи отасидан сўради: “Отажон, Мансур амакининг томларида турадиган катта ёғоч қаерга кетиб қолди?” Шунда отаси: “Қизалоғим, ўша сен ёғоч деб айтаётган нарса, аслида, Мансур амакинг бўлади. Кечаси ўша ерда намоз ўқийди-да” деб жавоб берди.

Яъқуб ибн Исҳоқ намоз ўқиётганда елкасидаги ридоси ўғирлаб кетилди. У киши буни сезмади. Яна жойига қайтариб олиб келинди. У Роббисининг ибодатига бутунлай ғарқ бўлгани учун буни ҳам сезмади.

Исҳоқ ибн Иброҳим айтадилар: “Мен намозда Саъид ибн Абдулазизнинг кўз ёши бўйрага тушишини эшитар эдим”.

Намоздаги хушуъ худди танадаги руҳ кабидир. Хушуъсиз намоз руҳсиз жасаддир.

 Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди”.  “Сунан” эгалари ривоят қилишган.

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.

Юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

Энди ўзимизни ўйлаб кўрайлик. Намоз ўқиганимизда бизни қандай хавф босади?! Кўксимиздан Аллоҳ таолодан қўрқинч йиғиси эшитиладими?! Ёхуд намозда аъзоларимиз барчаси ибодатга берилиб сукунатга тўлиб, қалбларимиз ўз Роббисига чамбарчас боғланиб турадими?..

Салафларимизнинг намоздаги хушуълари қандай бўлганини кўрдик.

Бир одам қилган ишни бошқаси такрорлаши осон. Фақат ихлос ва ҳаракат бўлиши керак, холос.

Бугунги кунимизда айнан ана шу нарсалар етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, намозларимиз талаб даражасида эмас. Бу эса ўз навбатида ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсирнинг энг оддий мисоли, дуонинг қабул бўлмаслигидир. Дуо қабул бўлмаганидан кейин, у ёғи нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверади.

Бугунги кунги мусибатларимиз, эҳтимол, намозни қойиллатиб ўқимаётганимиздандир. Ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз ва бутун инсониятга кўзланган хайр-баракага сабаб бўла олмаётганимиз ҳам, эҳтимол, шундандир?

Ўқиб ўрганган нарсаларимизга амал қилишга ўтайлик, ҳар бир намозга Аллоҳнинг қабулига кираётгандек тайёргарлик кўрайлик. Ҳар бир намозни Аллоҳ таоло билан муножот, деб билайлик. Ундаги рукуъни, хушуъини жойига келтириб ўқийлик. Натижа, Аллоҳ хоҳласа, кўп куттирмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни намозни ўз вақтида, ихлос ва хушуъ билан адо этадиган бандаларидан қилсин! ОМИН!

 

Islom.uz сайти маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2848 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Янги иш бошлашда бажариладиган 4 амал Бешик »

Мақолалар

Top