Мақолалар

Тасаввур қилиб кўрингчи!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай марҳамат қилган:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят).

Ҳа, у зот алайҳиссалом барча гўзал хулқлар билан зийнатланган эдилар. Ана шундай гўзал хулқларидан бири каттаю кичикка бирдек салом беришларидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам бир боланинг олдидан ўтдилар ва унга салом бердилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бу ёш бола-ку. Шунга салом бераманми?” демасдилар. Балки ҳаммага салом берардилар. Биз ҳам бу суннатга амал қилиб, каттаю кичикка салом беришни кенг ёйишимиз керак.

Ўша бола нақадар бахтли экан-а?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга салом берган эканлар.

Тасаввур қилинг, кўчада кетяпсиз. Ёнингиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтаётганларида сизга “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” дея салом беряптилар.

Тасаввур қиляпсизми?! Роббул оламийннинг Ҳабиби, икки олам сарвари, барча Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг гултожи бўлган зот сизга салом беряптилар.

Нима аҳволга тушардингиз? Ўша онда нималарни ҳис қилардингиз? “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб йўлингизда давом этармидингиз ёки тўхтаб, у зот алайҳиссаломнинг бағриларига ўзингизни отармидингиз?

Ўйлаб кўришга, кўз олдингизга келтиришга уриниб кўринг-чи!

Ўйлаб кўрдингиз-а? Тасаввурнинг ўзи билан бошқача ҳислар чулғаб олдими? Энди саҳобаи киромлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар куни кўришган, суҳбатлашишган, қўлларидан тутишган. Уларнинг мақомларини, қанчалик саодатли даврда яшашганини англаяпсизми?

Аллоҳ таоло барчамизга севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча суннатларига ихлос билан амал қилиб, бу дунёда у зот соғинган умматларидан, охиратда эса шафоатларига эришувчилардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2352 марта ўқилди

Мақолалар

Top