Мақолалар

“Қон ичар ўлдум аёғин чекди базмимдан шароб”

 

Мумтоз шарқ адабиётининг туркигўй шоирлари орасида Лутфий, Насимий, Навоий каби зотлардан кейин ўзининг рангоранг ташбиҳлари, айрича тасвирлари, янгича таъбирлари билан ажралиб турувчи бири донишманд шоир Фузулийдир. Фузулий ғазалиёти ҳам, анъанага кўра маърифий ишораларга бой, таг-замини Қуръон ва суннат манбаидан тўйинган.

Қуйида Фузулийнинг бир ғазалини шарҳлаб, унинг замирида яширинган маънолар, маърифий ишораларни очишга ҳаракат қиламиз. 

Рўзгорим бўлди даврони фалакдан инқилоб,

Қон ичар ўлдум аёғин чекди базмимдан шароб. 

Маъноси: Фалакнинг айланишидан менинг рўзгорим ўзгариб кетди, остин-устин бўлди. Шароб – хурсандчилик менинг базмимдан оёғини тортди, келмай қўйди, шу боис энди қон ичадиган бўлдим.

Рўзгорнинг икки маъноси бор: рўзғор – кундалик ҳаёт, турмуш; шамол, ел эсиши; даврон – айланиш; инқилоб – ағдарилиш, тўнтарилиш; аёқ ҳам икки маънони билдиради: оёқ; қадаҳ; Шоир бу байтда бир неча тамсилларга мурожаат этмоқда. Рўзгор – турмушнинг ағдар-тўнтар бўлиши ёки ҳаёт шамолининг бошқа тарафларга қараб эса бошлаши; фалакнинг айланишини икки хил маънода тушуниш мумкин: асл маъносида фалакнинг ҳаракатда экани, айланиб туриши; замон ўзгариши, вақт ўтиши. Бироқ Қон ичмоқ – ҳаёти азобга айланмоқ, машаққатлар зўридан, йиғлайвериш натижасида кўзлардан ёш ўрнига қон оқа бошлаши, томоқдан ўтган ҳар луқмага қон аралашиши. Шароб – одатда хурсандчилик пайтида ҳам, ғамга ботганда ҳам ичилиши мумкин. Лекин шоирнинг базм сўзини қўллаши хурсандчилик  маъносини ифодаламоқда.

Демак, шоирнинг бошига шундай оғир кунлар тушганки, фалаки даввор – доим бир хилда турмайдиган, айланиб, ўзгариб турувчи, гоҳ шодлик, гоҳ ғам келтирувчи фалак унинг турмушини ағдар-тўнтар қилган. Фалак айлана – коптокка ўхшаш думалоқ нарса, айланган пайтида ичидаги нарсаларни остин-устин қилади. Аслида фалак бу нарсаларни ўз ихтиёрича амалга оширмайди. Зеро, у ҳам аслида яхшилик ва ёмонликка алоқасиз, бошқа мавжудот каби ўзига белгиланган вазифани бажаришдан нарига ўтолмайдиган яратилмиш борлиқ. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам, шодлигу ғамни ҳам фақатгина Қодири мутлақ бўлган Аллоҳ таоло ирода қилади ва тақдир этади. Бироқ, ҳар нарсада бўлгани каби, бу масалада ҳам Ислом динининг ўз одоби бор. Гарчи яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Аллоҳ таоло тақдир этсада, яхшиликларни Унга нисбат бериш, ёмонликларни бошқа нарсаларга боғлаш одобдандир. Аллоҳ таоло бу одобни ўз Каломида бир неча ўринларда таълим берган. Жумладан,

مَا أَصَابَكَ مِنْ حَسَنَةٍ فَمِنَ اللهِ وَمَا أَصَابَكَ مِنْ سَيِّئَةٍ فَمِنْ نَفْسِكَ

“Сенга нимаики яхшилик етса, Аллоҳдандир. Сенга нимаики ёмонлик етса, ўзингдандир” (Нисо сураси, 79-оят).

Аллоҳ таоло мўмин жинлар тилидан ҳикоя қилиб, шундай дейди:

وَأَنَّا لَا نَدْرِي أَشَرٌّ أُرِيدَ بِمَنْ فِي الْأَرْضِ أَمْ أَرَادَ بِهِمْ رَبُّهُمْ رَشَدًا

“Биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга яхшиликни ирода қилганми, билмаймиз” (Жин сураси, 10-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида ҳам айнан мана шу одоб таълимини кўрамиз.

لَبَّيْكَ وَسَعْدَيْكَ، وَالْخَيْرُ كُلُّهُ فِي يَدَيْكَ، وَالشَّرُّ لَيْسَ إِلَيْكَ...

(رواه مسلم)

“Амрингга бўйсунаман, барча яхшилик сенинг қўлингдадир, ёмонлик сенга нисбат берилмас”. Бу одоб, шубҳасиз, мумтоз шарқ адабиётининг бош мезонларидан бири сифатида анъана шаклини олган.

Шоир рўзгорнинг ағдар-тўнтар бўлганини кейинги тамсил билан акс эттиради. Унинг турмушида шодлик ўрнини ғам эгаллади, унинг базмига шароб оёқ изи қилмай қўйди, хурсандлик унга қадаҳ тутмай қўйди. Энди у шароб ўрнига қон ичмоқда, шодлик ўрнига қайғу ва йиғи билан кун кўрмоқда.

Шуълаи оҳ ила ёндурдум дили саргаштайи,

Бир ўд ўлдум, чизгинан чеврамда ўлмазми кабоб.

Маъноси: Оҳимдан чиққан шуъла билан саргашта юракни ёндирдим. Мен бир ўтга айландим, атрофимда айланган нарсалар кабоб бўлмасми ахир!

Шоир ишқ дардини оловга ташбиҳ этади. Қалбдаги ишқ гўё бир оташ. Одатда оловга пуфланса ундан шуъла, аланга пайдо бўлади. Оҳ уриш билан қалбдаги оташ аланга олади ва муродига етишолмай саргашта, овораю сарсон бўлган юракни куйдиради. Чунки кабобни ҳам олов атрофида айлантириб пиширадиларку!

Лаълинг ила бода баҳс этмиш – зиҳи гумроҳлик!

Ўлди вожиб айламак ул беадабдан ижтиноб.

Маъноси: Бода (шароб) қизиллик ва таъсирда сенинг лабларинг билан баҳс этди. Бу нақадар гумроҳлик, нақадар жаҳолат! Бу билан шароб беадаблик қилди. Энди бу беадабдан сақланиш-узоқлашиш вожиб бўлди.

Лаъл – қизил рангли қимматбаҳо тош. Одатда лаб лаълга ўхшатилади. Лаъл – ёрнинг лаблари. Бундан одатда Каломнинг таг маънолари, асл моҳияти назарда тутилади. Шоир Ёрга мурожаат қилади ва дейдики, май Сенинг лаълинг, каломинг каби таъсирга, рангу жилога эгаман, деб баҳс қилади. Бу баҳсда у ноҳақ. Чунки ҳақиқий Ёр – Аллоҳ таолонинг каломида мавжуд бўлган рангоранглик – балоғат ва фасоҳат, чексиз ҳикмат шаробда йўқ. Боз устига шароб ақлдан жудо этиш таъсирига эга. У кишини тубан ва разил аҳволга туширади. Аллоҳнинг каломи эса ақлни янада мукаммал этади, кишини улуғ мақомларга етиштиради. Бу баҳс – беллашувда шароб мағлуб бўлди, демак ундан узоқлашмоқ лозимдир. Бу ерда шоир шаробнинг шаръан ҳаромлигига ақлий бир далил ҳам келтирмоқда. Зеро, шароб араб тилида “ўраш, бекитиш” маъносидан олинган “хамр” сўзи билан ифодаланади. Хамр ақлни ўраб, тўсиб қўйгани учун шундай аталган.

Вермаз ўлди эл висоли печи зулфинг оҳким,

Риштаи тадбирдан даврони кажрав олди тоб.

Маъноси: Оҳки, зулфинг печи – гажаги висол қўлини бермай қўйди. Афсуски, тескари юрувчи фалак тадбир ипининг гажагини очиб юборди. Яъни, муродга етиштирадиган ипнинг осилиб чиқса бўладиган гажагини тескари айланувчи фалак очиб юборди, таранг қилиб қўйди. Бу ерда фалакнинг тескари айланиши сабабли тадбир риштасининг гажаги орқага айланиб очилиб кетди.

Зулф Ҳақ зотининг пинҳонлиги, ҳеч ким унинг Зотини била олмаслиги. Печ – гажак эса унинг сиридир. Яъни, Ҳақ ўз зотини танитмади, унга етишиш имконини қўлга киритолмадим.

Ўлмади ул моҳа равшан ёндиғим ҳижрон куни,

Ёндиғин шаб то саҳар шамъинг на билсун офтоб.

Маъноси: Ҳижрон, Ёрдан айрилиғим кунида ёнганим у ойдек гўзал севгилига равшан бўлмади. Зотан шамнинг шаб то саҳар, оқшомдан тонггача ёнганини офтоб қаердан ҳам билсин.

Яъни, ҳижрон куни (кундузи) ёнганини кечаси чиқадиган ой билмагани, худди кечаси шамнинг ёнганидан кундузи чиқадиган қуёш бехабар бўлганига ўхшайди. Шоир шамни ёр ҳажрида ёнган ошиққа, маҳбубни қуёшга ўхшатмоқда. Зеро, қуёш чиққач шам эриб йўқ бўлади. Ҳақиқий маҳбуб тажаллий этганда ошиқнинг вужуди маҳв бўлади, фано ва бақо мақоми ҳосил бўлади.

Кўзки пайконинг хаёлийла сочар ҳар ён сиришк,

Бир садафдур қатраи боронни айлар дурри ноб.

Маъноси: Сенинг ўқинг пайконини хаёлимга келтирсам, кўзимдан ҳар томон ёш сочилади. Бу кўз бир қатра ёмғирни мусаффо дуррга айлантирадиган садафдир.

Ўқ Ёрнинг илтифоти, унинг раҳмат назари билан қараши. Яъни, шоир Маҳбуби ҳақиқийнинг ўзига илтифоти ва лутфу-марҳаматини хаёлига келтирган пайт кўзидан шашқатор ёш қуйилишини эсга олар экан, Ҳақ ёди билан кўздан томган ҳар бир томчи Қиёмат кунида қийматбаҳо дурру гавҳарга тенг келишига ишора қилади. Абдуллоҳ ибн Умар р.з. “Аллоҳдан қўрқиб кўзимдан ёш тўкишим, мен учун минг динор садақа қилишдан севимлироқ” деганлар.

Ўлди абри дуди оҳим пардайи рухсори моҳ,

Оҳким, олмаз жамолиндан ҳануз ул моҳ ниқоб.

Маъноси: Менинг оҳимдан чиққан тутунлар бир булутга айланиб ойнинг юзига парда бўлиб қолди. Оҳким, у ой юзидан ҳануз ниқобини олмаяпти.

Яъни, у ой ишқида, ундан айрилиқда шундай қаттиқ азоб чекмоқдаманки, оғзимдан чиққан оҳлар тутун бўлиб, тутунлар бир булутга айланиб ойнинг рухсорини тўсиб қўйди. Йўлида шунча азоб чексам ҳам Ёр менинг учун ниқобини олиб жамолини кўрсатмаяпти, тажаллий этмаяпти.

Кесмади бандан сари кўйинда озорин рақиб,

Эй Фузулий, неша жаннат ичра йўқ дерлар азоб. 

Маъноси: Жаннатда азоб йўқ, дейдилар. Лекин Рақиб ҳатто Ёрнинг кўчаси бошида ҳам Фузулийдан озорини тўхтатмади.

Яъни, жаннатда азоб йўқ, дейдилар. Ёрнинг кўйи эса жаннатдан ҳам аълодир. Ундай бўлса, қандай қилиб, ёр кўйида ҳам рақиб мендан озорини тўхтатмайди. Ёр кўйи унга етиштирадиган тариқат йўлидир. Рақиб эса бу йўлда солик олдида учрайдиган нафс орзуларидирки, ошиқни маҳбубга етишишдан тўсади.

Бу ғазалда Фузулий ўзининг сайру сулуки давомида бошдан кечирган машаққатлари, Ҳаққа восил бўлиш умидида тортган риёзат ва меҳнатларидан шикоят қилади. Бу норозилик ва хафалик шикояти эмас. Зеро, шоир ўзи мансуб бўлган йўлнинг ризо ва таслим (қазога бўйсуниш) йўли эканини яхши англайди. Барча қийинчиликлар бир имтиҳон, имтиҳон эса илтифот белгиси эканини ифодалаб, бу синовлар учун миннатдорлик изҳори қилади.

Абдулҳаким Орипов

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси 

2699 марта ўқилди

Мақолалар

Top