Мақолалар

Улар учун энг муҳими Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, унинг ризосига эришиш эди!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни қўмондонликдан бўшатиб, ўрниларига Абу Убайда розияллоҳу анҳуни қўмондон этиб тайинлайдилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу бу тайинловни барчадан, жумладан, Холид розияллоҳу анҳудан ҳам беркитадилар. Чунки, у киши Холид розияллоҳу анҳуни жанг санъатининг моҳир билимдони, қўмондонликка иқтидори бор киши деб билардилар. Натижада Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу қўмондонликни давом эттирадилар.

Бу орада воқеадан хабар топган мўминларнинг амири Абу Убайда розияллоҳу анҳуга иккинчи марта мактуб юборадилар. Шундан сўнг Абу Убайда розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу билан маслаҳат қиладилар.

Бу масала Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга етиб борганда, у киши Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб, «Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Убайда. Сизнинг қўмондон бўлишингиз ҳақидаги мўминлар амирининг мактуби сизга келган экан, менга билдирмабсиз. Қўмондонлик сизнинг ҳаққингиз бўла туриб, ортимда намоз ўқидингиз» дедилар.

(Жангда етакчилик қилувчи одам Намозда ҳам имомлик қиларди. Аввало имомликка амир, у бўлмаса волий ҳақли эди. Холид розияллоҳу анҳуни безовта қилган нарса шу эди. Аммо у киши «Умар розияллоҳу анҳу мени нега қўмондонликдан бўшатдилар?» деб сўрамадилар, халифанинг фикрига эътироз билдирмадилар. Чунки улар учун қўмондонлик ёки аскарлик муҳим эмасди. Муҳими АЛЛОҲНИНГ ДИНИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ, УНИНГ РИЗОСИГА ЭРИШИШ ЭДИ.)

Абу Убайда розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Аллоҳ сизни ҳам мағфират қилсин. Аллоҳга қасамки, бу ҳақида то бошқа одамдан эшитмагунингизча, ўзим айтмоқи эмасдим. Ҳаммаси тугагунича сизни урушдан чалғитгим, фикрингизни бўлгим келмади. Сизга шуни билдирмоқчиманки, мен дунё султонлигини истамайман ва дунё учун ҳам амал қилмайман. Сиз кўриб турган бу борлиқ, мансаб заволга, тугашга учрайди. Биз эса биродарлармиз, Аллоҳнинг амрини амалга оширувчилармиз. Кишига динида (намозида) биродарининг етакчи (имом) бўлишининг зарари йўқ...»

Кейин Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу қўшин олдига келиб, «Сизларга бу умматнинг энг ишончли кишиси қўмондон этиб тайинланди» дедилар.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2619 марта ўқилди

Мақолалар

Top