Мақолалар

Ўлим ҳақиқати

Узун кун давомида толиққан инсон организми ором олиши зарурлиги ҳақида белги бера бошлайди. Шунда инсон одатдагидек ўрнига ётиб, кўзларини юмади ва уйқуга кетади. Бу вақтда инсон атрофида бўлаётган барча нарсани унутади: кўрмайди, эшитмайди, ҳатто нафас олиш ритми ҳам секинлашади. Уйқу вақтида инсон онгли ҳатти-ҳаракатларини тўхтатади, мускуллар бўшашган ҳолатда бўлади. Фақатгина инсон мияси ўз фаолиятини тўхтатмайди. Шунда одам танаси ўзи учун зарур бўлган оромга эга бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Уйқуларингизни (бадан ва асабларингиз учун) ором қилдик. Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” (Набаъ сураси, 9-11).
Уйқудан уйғонгач, киши худди уйқу деб аталмиш кичик ўлимдан қайта тирилгандек ўзини буткул ўзгача ҳис қилади. Албатта, инсонда ҳаёти давомида ўлим ва ундан кейинги жараён ҳақиқатини ҳис қилиш имкони йўқ. Аллоҳ одамга уйқуни нафақат ором олиш, чарчоқдан ҳалос бўлиш ва энергия тўплаш имкони, балки инсоннинг мавжуд ўлим ва ундан кейин қайта тирилишининг белгиси қилиб берган.
Уйқу вақтида жон инсон танасини тарк этади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир”. (Зумар сураси, 42)
Бироқ, эътибор бериш керакки, Аллоҳ таоло ҳақиқий жисмоний ўлимдан кейин уйқу вақтида одам танасини тарк этган жонни эмас, балки “нафсут-тамйиз” деб номланган жонни олади. Бу руҳ эса инсон учун ўз руҳига хўжайин эмаслигини, на туғилиши ва на ўлимини назорат қила олмаслигининг бир белгисидир.
Шу сабабдан ҳам уйқу олдидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўқиган қуйидаги дуони айтиш мақсадга мувофиқдир: “Ё, Аллоҳ! Сенинг номинг ила ўламан ва туғиламан”.
Умида Қодирова тайёрлади

Манба: @ziyostudio/muxlis.uz

 

5985 марта ўқилди

Мақолалар

Top