Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари дунёни фонийлигини, унинг тезда ўтиб кетишини, озуқаси озлиги ва умрини қисқалигини билган кишининг зуҳди эди.

Охиратнинг боқийлигини, Аллоҳ таоло унда валийларига доимий неъматларини тайёрлаб қўйганлигини, буюк ажр борлиги ва унда абадий қолиш борлигини билган кишининг зуҳди эди.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга дунёдан фойдаланиш кенг қилиб қўйилган бўлсада, агарда тоғларни тилло ва кумуш бўлишини хоҳлаганларида тилло ва кумуш бўлиши мумкин бўлсада дунёдан нафас тўхтаб қолмаслиги учун етарли бўлган ва ташвишу оғирликларни кетказадиган миқдордан бошқасини рад этдиларда зуҳд ва камсуқумликни афзал кўрдилар

У зот гоҳида оч юрар, ойлаб уйларида қозон осилмас, баъзи кунлар давомида очликни қондирадиган даражада хурмо ҳам топилмай оч юрар эдилар.

У зот  ҳеч бир вақт кетма кет уч кунгача арпанинг унидан бўлган нондан қорнилари тўймаган. Кўпинча сутнинг ўзи билан кифояланар, токи Аллоҳга йўлиққунларича бир кун тўқ ва бир кун оч бўлар эдилар.

У зот бўйронинг устида ётар эдилар ва ёнбошларида бўйронинг изи қолар эди. Очликдан қорниларига тош боғлаб олар ва кўпинча саҳобалар у зотнинг юзларидан очликларини билиб олишар эдилар.

У зотнинг уйлари лойдан, ичи тор ва шифти паст эди. Бир куни совутларини гаровга қўйиб, бир яҳудийдан ўттиз соъ арпа олиб турдилар. Кўпинча кўйлак ва изор билан кифояланар эдилар. Ҳеч бир вақт таомни пешхонда (овқатланиш столи) емаганлар. Кўпинча саҳобалар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга таом юборар эдилар. Буларнинг барчаси нафсларини дунё кирларидан асраш, динини ҳимоя қилиш ва Роббисининг ҳузуридаги ажрнинг комил бўлиб қолишлиги ҳамда Мавлосининг “Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси 5-оят) деган ваъдаси у зотга рўёбга чиқиши учун эди.

У зот молларни шу қадар тақсимлаб берар эдиларки, ҳатто ўзларига бир дирҳам қолмас эди. Туя, мол ва қўйларни саҳобалар ва бошқаларга шу даражада бўлиб берар эдиларки, ўзларида на туя, на мол ва на қйў қолар эди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менда Тиҳома чуқурларининг дарахтлари мислича мол дунёим бўлганида уни тақсимлаб берар эдим. Сўнг сизлар мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ, иродасиз деб билмасдиларингиз”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қаср бино қилмадилар, мол-дунё йиғмадилар, у зотнинг хазиналари ҳам, меваси ейиладиган боғлари ҳам бўлмаган. У зот ўзларидан сўнг боғ ва экинзор ҳам қолдирмадилар. У зот дедилар: “Биз мерос қолдирмаймиз, бизнинг қолдирган нарсамиз садақадир”. (Бухорий ривояти 3093-ҳадис)

У зот доимо сўзлари ва амаллари билан мусулмонларини  дунёда зуҳдга ҳамда охиратга тайёрланиш ва амал қилишга даъват қилар эдилар.

У зотга подшоҳлик ила росул бўлиш ва оддий инсон бўлиб росул бўлиш ихтиёри берилганида, у зот оддий инсон бўлиб росул бўлишни ихтиёр қилганлар.

Дунёдаги зуҳдларининг яна бир кўриниши, у зотнинг сахийликларидадир. Ҳеч қачон сўровчини қайтармас ва тўсмас эдилар. Дедиларки, дунё Аллоҳ таолонинг ҳузурида чивиннинг қанотичалик арзимас ва баробар эмас. Ҳадисда: “Дунёда ғариб ёки бир онлик ўтиб кетувчи каби бўл”, деганлар. (Бухорий ривояти 6416-ҳадис)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳд борасида яна шундай марҳамат қилганлар: "Дунёда зоҳид бўл Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузурида зоҳид бўл инсонлар сени яхши кўришади".

Манбалар асосида ТИИ ўқитувчиси,

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдурахманов Яҳё

 

 

2410 марта ўқилди

Мақолалар

Top