Мақолалар

Оила – бахт саройи

Аллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён этган. Шунинг учун динимизда ушбу муқаддас робита – никоҳ туфайли вужудга келадиган оилага катта эътибор берилади. Ислом дини никоҳни, оиланинг шаънини қанчалик ҳимоя қилишини, махлуқотнинг гултожи бўлмиш инсон наслининг давомийлигини таъминловчи илоҳий кўрсатмалар Қуръони каримда ҳам бош мавзулардан бири эканини англаш учун Нисо сурасидан икки оят ва уларнинг тафсири билан танишиш кифоядир.

 «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (эркакларни) айримларидан (аёллардан баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятлилардир (яъни эрининг сирини, молини ва обрўсини сақловчидир). Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ  олий, улуғ Зотдир» (34-оят).

«Агар (эр-хотиннинг) оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон, хабардор Зотдир» (35-оят).

Келинг, ушбу оятларни батафсил таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳа, жамият хайр-барака ила ривож топиб бориши учун унда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ҳукм суриши, муайян бир раҳбар бўлиши лозим. Ислом таълимотига кўра, оила жамиятнинг асосидир. Шундай экан, оиланинг ҳам раҳбари бўлиши керак. Ана шу раҳбарлик эркакка берилган. Нима учун?

«Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (эркакларни) айримларидан (аёллардан баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкидан сарф қилиб туришларидир».

Демак, эркак киши оилага раҳбар этиб тайинланганининг иккита сабаби бор экан.

Биринчиси – Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун, афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа жиҳатларга кўра оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган.

Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида эканидир. Бундай раҳбарлик улкан масъулиятдир. Ушбу масъулият эркак кишининг зиммасига оилага, жумладан, аёлга раҳбарлик, ҳомийлик қилиш, устоз бўлиш, унинг ҳаётий эҳтиёжларини  қондириш ва муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди.

Оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, эркак киши раҳбарликка сабаб бўлган шартларга жавоб бера олмаса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оиланинг нафақаси,  таъминоти эркакнинг зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиламни боқаман деб, бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, табиийки, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёлнинг қўлига ўтиб қолади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бундай ҳолат аввало эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш бўлиб, жамият низомининг  бузилишига ҳам олиб келади. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, бугун тўйгача, тўй ва ундан кейинги кўпгина сарф-харажатлар асосан қиз томондан қилинмаяптими? Худди мана шу нарса турмушнинг илк кунлариданоқ эрнинг тилини қисиқ қилиб, оиладаги раҳбарлик ва масъулиятнинг келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлмаяптимикан?!

«(Аёллар ичида) солиҳалари – (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятлилардир (яъни эрининг сирини, молини ва обрўсини сақловчидир)».

Биз «итоаткор» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Аслида кундалик араб тили муомаласида итоаткорлик сўзи бошқа феъллар воситасида ифода қилинади. Бу сўз эса ўз иродаси, ихтиёри ва муҳаббатига кўра итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг биринчи сифати итоаткорликдир. Бу итоаткорликлари қўрқувдан, мажбурлашдан эмас, балки ўз масъулиятларини тушунганларидан келиб чиққан, меҳр-муҳаббатга асосланган ихтиёрий муносабатдир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг хислатларидан яна бири шундаки, улар эрлари ёнларида турган пайтдагина эмас, балки улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган пайтда ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Бундай муҳофаза уларнинг ўз фикрларига ёхуд эрларининг талабига биноан эмас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига кўра бўлади.

Имом Ибн Жарир Тобарий ва Ибн Абу Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Аёлларнинг яхшиси – қарасанг кўзингни қувонтирадиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва уйда бўлмасанг, ўзини иффатини ҳам, сенинг мол-мулкингни ҳам муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

Лекин афсуски, ҳамма аёллар ҳам солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Баъзилари ўз ҳадларини унутган холда, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Инсонни яратган Парвардигоримиз унинг феъл-атворини, заиф жиҳатларини, оилавий турмуш ҳар доим ҳам кўнгилдагидек кечавермаслигини билгани учун юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларда нима қилишни ҳам баён қилиб қўйган:

«Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг».

Бундай ҳолларда аввал уларга панд-насиҳат қилинади. Бу фойда бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Лекин ҳаракатлар самарасиз бўлса, хотиннинг итоатсизлиги давом этаверса, бошқа чоралар кўрилади. Ҳижрон, яъни тўшакда бирга ётмаслик, гаплашмаслик ана шундай чоралардандир. Ҳижрон, яъни ётоқхонанинг ўзида тўшакни бошқа қилиш ҳассос услуб бўлиб, аёл кишига ваъз-насиҳатдан ҳам кучлироқ таъсир қилади. Гаплашмаслик эса уч кундан ортиқ давом этмаслиги керак. Эрларнинг бундай эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани ҳали инсофини йўқотиб улгурмаган аёлларнинг «кўзини каттароқ очиш»га мажбур қилади.

Аммо шу чоралар ҳам фойда бермаса, аёл киши ўзининг ҳурматини билмай, ҳаддидан ошса, маънавий жазолардан хулоса чиқариб оладиган даражадан ҳам паст ҳолатга тушиб қолса, жисмоний таъзир беришга мажбур бўлинади. Аммо уриш деганда, табиийки, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини майиб қилиш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Уламоларимиз ушбу оятдаги «уриш»ни «мисвок ёки бирон бармоқ ила туртиш» деб тушунтирганлар.

Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом: «Еганингдан едирасан, кийганингдан кийдирасан, юзига урмайсан, ёмон сўз билан сўкмайсан, уйдан ташқарида ҳижрон қилмайсан», деган эканлар.

Кўриниб турибдики, ояти каримадаги «уриш»га берилган изн фақат пўписа учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир. Аввало, бу оятдаги «уриш» фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Бу «уриш» дўқ-пўписа, норозиликни билдириш, холос. Амалда эса деярли қўлланилмайди. Кўпчилик уламолар: «Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ», деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларни урмаслик таъкид билан тайинланган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ زَمْعَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لاَ يَجْلِدُ أَحَدُكُمُ امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا فِي آخِرِ الْيَوْمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин, куннинг охирида яқинлик қилгиси келиб қолиши ҳам бор», дедилар» (Имом Бухорий, Имом Термизий ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш» сўзида қаттиқ уриш назарда тутилмаганига яққол далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демаган бўлардилар. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда яна фойдаланаверилса. Аслида қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинга қўл кўтаришдан олдин кейин уни бағрига олиб ётишни ҳам, кўзи кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим. Уламоларимиз «хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар.

Аёл киши табиатан таъсирчан, ҳиссиётга берилувчан, шошқалоқ ва тез аччиқланувчи бўлади. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, унга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Шунинг учун ояти каримада:

«Аммо сизга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг», дейилмоқда.

Бу танбеҳ оилани мустаҳкамлаш учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик келтиради.

Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, динимизга, Қуръони каримга ўзича таъна тоши отишга уриниб, ўзи шарманда бўлган баъзи ғаразли кимсалар муқаддас китобимизни тадқиқот қилиб кўриб, ундаги сураларни тартибсиз жойлаштирилган, уларнинг кетма-кетлигида мантиқий изчиллик йўқ деган «айблар» топишган. Ҳар бир нарсани ўзининг заиф ақли, тор қараши билан, ноқис мезони билан ўлчашга уринган бу кимсалар нафақат суралар, ҳатто ояти карималарнинг кетма-кетлигида ҳам инсон ақли бовар қилмайдиган илоҳий ҳикмат борлигини қаердан билишсин!

Мазкур оятни ва унинг тафсирида айтиб ўтилган фикрларни қисқача такрорлаб кўрайлик. Аввало оилада эркакларнинг раҳбар этиб тайинлангани ва бунинг сабаблари айтилди.  Сўнг солиҳа аёлларнинг хуш ахлоқлари васф қилинди. Кейин эса, бунинг акси бўлган итоатсиз хотинларга кўриладиган чоралар айтиб ўтилиб, бу чоралар самара берса, аёлларга қарши бошқа чоралар кўрмаслик кераклиги таъкидланди. Шу икки қатор оятда қисқагина сўзлар билан оламшумул маънолар ифодаланди, оила низоми белгиланди, эр-хотин муносабатларининг ижобий ва салбий ҳолатлари муолажа қилинди. Айни пайтда, итоатли аёлларга нисбатан ҳаддан ошиш тақиқланиб, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари илоҳий қонун ҳимоясига олиниб, бу кимдир томонидан ўйлаб топилган, кимнингдир манфаати кўзлаб ёзилган тартиб-қоида эмас, балки барча нарсадан олий, улуғ Зотнинг – Аллоҳ таолонинг қонуни экани эслатилмоқда. Бугунги кунда дунёнинг етакчилари ҳисобланган Ғарб давлатларида оила институтининг аҳволи нақадар ҳалокатли жар ёқасига келиб қолгани барчамизга маълум. Аммо афсуски, ўзини мусулмон санаб юрганлар орасида ҳам оилага оид, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига, бурч ва мажбуриятларига оид қонун-қоидаларни билмайдиганлар, билса ҳам уларни писанд қилмайдиганлар пайдо бўлиб, жамиятимизда оилавий муаммолар, қўйди-чиқдилар кўпайиб қолди. Агар бунда кимсалар мазкур кўрсатмаларнинг шариатнинг ҳукми, Аллоҳ таолонинг амри эканини ҳис қилсалар эди, бугунги кунда ечимини кутиб ётган қатор муаммолар мутлақо вужудга келмаган бўлар эди. Биргина оятдаги ҳукмлар бузилмаса ёки уларга риоя қилинса, бутун инсониятнинг тақдирига, ўсиб келаётган авлоднинг келажагига хавф соладиган вазият юзага келиб қолмаган бўлар эди. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнггида Раббимиз «Албатта, Аллоҳ  олий, улуғ Зотдир» деб огоҳлантириб қўймоқда. Эр бўлсин, хотин бўлсин, ушбу кўрсатмаларга риоя қилмаган одам олий ва улуғ Зотнинг амрига осийлик қилган, У Зотнинг ҳукмига қарши чиққан бўлади.

Яна ояти каримада муҳокама қилинаётган оилавий муаммолар масаласига қайтамиз. Баъзида юқорида айтиб ўтилган чораларни қўллаш ҳам наф бермаслиги мумкин. «Қарс икки қўлдан» деганларидек, оиладаги келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан юз берса, бу зиддият кучайиб, эр-хотин уни биргаликда ҳал қила олмай қолишса, энди масалани оила сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Бундай ҳолатда бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга уриниб кўриш зарурдир.

«Агар (эр-хотиннинг) оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг».

Албатта, бундай ҳакамлар уларнинг ўзларидан, яъни эр-хотин рози бўладиган қариндошлардан ёки бегоналардан тайинланади. «Рози бўладиган» деб шарт қўйилаётгани ҳакамлар чиқарган ҳукм ҳар икки томонга мақбул бўлиши учундир. Шу боис ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландини биладиган, кўпни кўрган, Аллоҳдан қўрқадиган, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладиган кишилар бўлиши керак. Уларнинг асосий вазифаси эр-хотиннинг орасини ўнглашдан иборат. Шунинг учун ҳам ояти каримада «Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай» деб, ҳакамларга яраштирувчилик нисбати берилмоқда.

Баъзи уламолар худди шу тушунчадан келиб чиқиб, «Уларга фақат яраштириш, ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса: «Ҳолатни ўргангач, ислоҳнинг иложи бўлмаса, эр-хотинни ажратиб қўйишга ҳақлари бор, шунингдек, тегишли жазо чораларини, мол-мулкка доир масалаларни ҳам ҳал этишлари мумкин», дейишади.

Ҳазрат Усмон зун-нурайн розияллоҳу анҳу халифалик йилларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритгани тафсир китобларимизда нақл қилинган.

Яратганга шукрлар бўлсинки, юртимиз истиқлолга эришгач, динимизни ўрганиш ва унга амал қилиш, миллий қадриятларимизни тиклаш борасида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятимизнинг бугуни ва эртаси бўлмиш оила, эр-хотин муносабатлари, фарзанд тарбияси масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш болажон халқимизнинг асрий орзулари, минг йиллик диний ва миллий анъаналаримизга кўра энг муҳим долзарб вазифага айланди.

Узоқ муддат давом этган мустабид тузумнинг зарарли таъсирини йўқотиш, миллатимизга ёт тушунчалар, урф-одатларнинг ёшларимиз онгига сингдирилишига, соғлом инсоний фитратга зид бўлган турмуш тарзини сунъий равишда оммалаштиришга қарши курашишнинг энг муҳим омили – оилада, маҳаллада таълим-тарбияни кучайтиришдир.

Бугунги кунда айниқса, ёш оилаларда жуда кўп учраётган келишмовчиликлар, зиддиятларнинг бош сабаби – ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда йўл қўйилаётган хатолардир.

Ўғил болаларга «Сен келгусида оила бошлиғи бўласан, раҳбар бўласан, шунинг учун илм олгин, ҳунар ўргангин, ҳалол ризқ топиб, турмуш ўртоғингни, бола-чақангни боқишга тайёрлангин» деб тарбия бера оляпмизми? «Сенинг бир оғиз сўзинг билан номаҳрам қиз сенга ҳалол бўлади. Лекин яна бир оғиз сўзинг билан у сенга бегона бўлиб қолади. Тилингга эҳтиёт бўл, ҳаёт синовларига сабрли бўл, етти ўлчаб бир кес, турмуш ўртоғингни бойлиги, насаби, ҳуснига эмас, диёнатига қараб танла» деб панд-насиҳат қиляпмизми?

Ундай бўлса, нима учун уйланадиган йигитлар келин томондан келадиган мебель, идиш-товоқ, бош-оёқ сарполар учун хоналарини бўшатиб, қўл қовуштириб ўтиришибди? Нима учун сал нарсага жанжал кўтариб, ўдағайлаб, бировнинг боласини уриб, шартта жавобини бериб юборишяпти?

Қизларимизга «Сен келгусида уй бекаси бўласан, она бўласан, фарзанд тарбиялайсан, шунинг учун иффатли бўлгин, яхши ўқигин, рўзғор илмини ўргангин, хушмуомала бўлгин, итоатли бўлгин, бир умр янги оилада яшашга тайёрлангин» деб тарбия бера оляпмизми? «Бир оғиз ширин сўзинг билан бузилай деб турган оила сақланиб қолади, бир оғиз ўйламай айтган гапинг билан қариндош-уруғнинг орасига совуқчилик тушиб қолади» деб огоҳлантиряпмизми?

Шундай бўлса, нима учун қизларимиз очиқ-сочиқ кийиняпти, бўлажак куёвнинг бойлиги, насл-насаби ёки лавозимини суриштириб, ахлоқи, дунёқараши, дину диёнатига лоқайд бўлишяпти, ота-онаси не заҳматда қилган сарпо-суруқни миннат қилиб, арзимаган сабаблар билан жанжал чиқариб, гап ташиб, ёш умрини хазон қилишяпти?

Демак, фарзанд тарбиясида, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ҳали камчиликларимиз анчагина экан. Бу камчиликларни бартараф этишнинг энг самарали усули юқорида айтиб ўтилган илоҳий ҳикматларни ёшлигидан қулоғига қуйиб, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини ўргатиш, уларга миллий ғурур, ҳаё, ибо, ғайрат-шижоат туйғуларини сингдиришдир.

Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган, буюк алломаларни  дунёга келтирган ўзбек халқи бугунги кунда яна ўзлигини англаб, жаҳонга юз тутмоқда. Ота-боболаримизнинг асрий орзу-армони бўлмиш ҳуррият байроғи остида туғилган ёш авлодни Бухорий, Термизий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби буюк бобокалонларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялаш сизу бизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир. Бу оғир вазифани шараф билан адо этиш учун оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиши лозим. Оилани мустаҳкамлаш учун эса муқаддас динимизнинг юқорида айтиб ўтилган кўрсатмаларига оғишмай амал қилишимиз зарур. Оилада имон-эътиқодли, салоҳиятли фарзандлар етишиб чиқиши учун оиланинг низоми, пойдевори мустаҳкам бўлиши керак, ота-онанинг ўзи тарбияли, сабр-матонатли бўлиши, турмушнинг баланд-пастини, ҳаётнинг аччиқ-чучугини биргаликда тотиши керак. Ана шундагина жамиятимиздаги ҳар бир оила чинакам бахт саройига, роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловат масканига айланади.

Аллоҳ таоло оилаларимизни чинакам бахтиёр оилалардан қилсин, келин-куёвларимизнинг қалбига ўзаро меҳр-муҳаббат ато айласин, ҳар бир оилани мустаҳкам ришталар билан боғлаб, икки дунё саодатига эриштирсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

6693 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top