Мақолалар

Ҳ А Б И Б И М... !

Эй, Роббимнинг севикли қули!

Эй, Набийлар сардори!

Эй, Расуллар сарвари!

Эй, умматнинг беназир раҳбари!

Эй, саодат йўлининг машъали!

Эй, қалбимизнинг ҳузури!

Эй, кўнглимизнинг сурури!

Эй, ҳидоят элчиси!

Эй, гўзаллик тимсоли!

Эй, ибрат-намуна маёғи!..

Биз учун ҳаётингиз ибрат, йўлингиз суннат, меҳрингиз раҳмат, сўзингиз ҳикмат, фикрингиз неъмат...

Қанийди, биз ҳам асҳобларингиз каби Сизга муҳаббат қўя олсак, бутун вужудимиз ила вафодор бўлсак, ҳар бир сўзингизни қонун деб билсак, гапларингизни эшитишдан тўймасак, суннатингиз йўлида жон фидо этсак.

Эй ҳабибим, биз умматларнинг саодати, нажоти, зафари, ютуғи, ғалабаси бўлган аниқ йўлни тиниқ кўрсатиб бердингиз. Аммо биз гумроҳлар буни яхши англамай, баъзан беъэтибор бўлиб бормоқдамиз. Гоҳо нафсимизга эрк бериб, одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб кетсак, гоҳида эса билиб-билмай шайтонга малай бўлиб қолмоқдамиз.

Ҳабибим, нима бўлганда ҳам Сизни жонимиздан, ота-она, фарзанд ва молу дунёмиздан ҳам чандон яхши кўрамиз.

Шафоатингиздан умидвормиз, дийдорингизни кўришга иштиёқмиз, жаннатда ҳамнишин бўлиш илинжидамиз.

Тўғри, Сизни бу дунёда кўролмадик, сўзларингизни эшитолмадик, бирга яшай олмадик, қийналган вақтларингизда ёрдам беролмадик, ёнингизда бел боғлаб туролмадик, душманларингиздан ҳимоя қилолмадик, асҳобларингизга қўшилиб муаммоларингизни бартараф этолмадик, ислом равнақига ҳисса қўшолмадик. Лекин Сизни бутун вужудимиз билан, қошу кўзимиз билан яхши кўрамиз, севиб-ардоқлаймиз.

Ҳабибим, ҳар тун тушларимга кириб туринг. Қачон тушимга кирсангиз, эртасига кун бўйи ўзимни масрур ҳис этаман. Худди жаннат чаманида юргандек қувонаман. Гуллар ифорига тўйгандек завққа тўламан. Еттинчи осмонда учиб юргандек бахтиёр бўламан.

Мабода бирор тун тушларимга кирмай қолсангиз, ўзимни қўярга жой тополмай қийналаман. Тинимсиз салавотлар айтаман, шаънингизни улуғлайман, сийратингизни ўқийман, ҳаётингизни ўрганаман, дуо ва илтижолар қиламан. Мендан нима хатолик ўтибди деб нафсимни сарҳисоб қиламан, уни тергайман, қайғуга тушаман, азоб чекаман...

Тезроқ кун ботишини, тун бўлишини кутаман. Тушимга кирсангиз, ҳаммаси бир зумда унут бўлади, бари ортда қолади, яна янги завқ-шавқ бошланади.

Ҳабибим, Сизнинг йўлингиз саодат, раҳмат, фазилат, шарофат ва ҳидоят йўлидир. Сиз бизга энг юксак ахлоқ қандай бўлишини кўрсатиб ўтдингиз. Ўзингиз бунга риоя этиб яшадингиз, бошқаларни ҳам шунга чорладингиз.

Бу йўлни маҳкам тутганлар асло бадбахт бўлмайди, икки дунёда ҳам ҳурмат қозонади, хору зорликка маҳкум этилмайди.

Ҳабибим, Сизни севиш, муҳаббат қўйиш ибодат, савоб, мислсиз ажр. Сизни севиш, муҳаббат қўйиш гуноҳларга каффорот. Муҳаббатдан мосуволик эса тубанлик ва фалокатдир.

Ҳабибим, Сизга бўлган муҳаббатимиз асло сўнмасин. Ҳар бир ишда, турмушда, юриш-туришда, борингки барча ҳолимизда суннатингизга амал қилиб яшаш барчамизга насиб этсин!

 

Эркин ҚУДРАТОВ

2527 марта ўқилди

Мақолалар

Top