Мақолалар

Тарбия – келажакка сармоя

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади».

Бундан роппа-роса бир аср олдин маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний тарбия ҳақида куйиниб бундай деган: «Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга жавобан: биринчи – уй тарбиясидур. Бу Оналарнинг вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбиясидур. Бу Оталар, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур.

Менга савол берурлар: Қайси оналарни айтурсиз? Билимсиз, боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарниму? Ўзларида бўлмаган тарбияни қандай берурлар? Қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзи қиймаган, замондан хабарсиз оталарними айтурсиз? Аввал уларни ўзларини ўқутмаклик керакдур.Бу сўзлар кишини юрагини эзар, бағрини ёндирур...»

Ёшлар тарбиясини ―ҳаёт-мамот масаласи‖, деб таърифлаган мутафаккир нақадар ҳақ эканини барчамиз яхши биламиз. Чунки тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф йўқ. Ёшларнинг ҳаётда адашиши, тузатиб бўлмас хатолари тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.

Бу борада олиб борилган изланишларнинг аксари шуни кўрсатмоқдаки, тарбияда, аввало, ота-онанинг ҳиссаси катта. Бежиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра қимматлироқ мерос қолдира олмайди”, демаган.

Шу ўринда ҳаётий бир ҳақиқатни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Чунончи, ота-онасидан кўра бобо-бувиси қўлида улғайиб, уларнинг панду насиҳатларини олиб улғайган боланинг тарбияси мустаҳкам бўлади. Буни аниқроқ тасаввур қилиш учун шаҳарлардан кўра кўпроқ қишлоқларда улғайган бола бардошли, қатъиятли, иродаси мустаҳкам, маънавияти юксак бўлади. Бу билан шаҳарлик ёшларни айбламоқчи эмасмиз. Шаҳарларда ҳам бобо-бувисининг тарбиясини олиб, ҳаммага ибрат бўлаётган болалар бисёр.

Ҳар не бўлса-да, тарбияга асло беэътибор қараб бўлмайди. Машҳур ихтирочи Томас Эдисоннинг ҳаётига оид қизиқ маълумотни келтириш ўринлидир.

...Томас болалик уйидан кўчар чоғи бир пайтлар кийимлари сақланган шкафнинг юқорисидан онасининг севимли қизил ғилофли жомадони чиқди. Томас уни эҳтиёткорлик билан стол устига қўйиб очди. Онасига тегишли буюмлар орасидан чиққан сарғиш қоғозни олди. Мактуб остига унинг муаллимаси имзо чеккан экан. Бу имзо Томасга онаси билан боғлиқ хотирани эслатиб юборди.

У пайтда Томас биринчи синфда ўқирди. Ўша куни у муаллима унга онасига бериши зарурлигини тайинлаган мактубни волидасига келтириб берди. Хатга кўз ташлаётган онаизорнинг ғамгин кўзларида ёш айланди, сўнг фарзандини бағрига олди.

– Муаллимам нима деб ёзган экан? – қизиқиб сўради ўғил онасидан.

– У сени ўта қобилиятли эканингни, бу мактаб сенга тўғри келмаслигини айтиб, мендан сени бирор нуфузли мактабга ўтказишимни сўрабди, – дея  жилмайишга ҳаракат қилиб жавоб қайтарди она.

Жомадондан топилган мактубни Томас ўқиб ҳайратга тушди:

  • Ўғлингиз руҳий касал. Илтимос, уни ихтисослашган бошқа бирор мактабга жойлаштирсангиз. Ҳурмат билан муаллима. XIX ва XX асрнинг тенгсиз даҳоларидан бири Томас Эдисоннинг киприклари бехосдан намланди. Онасининг қанчалар оқила аёл бўлганига яна бир бор амин бўлди:
  • Менинг барча ютуқларим сабабчиси онамдир. У мени тушунар, ўз орзу-ҳавасларим йўлидан боришимга имкон яратган эди, – дея хотирлайди у.

Бугун АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизини айнан Эдисон кашфиётлари ташкил этаётгани гўзал тарбиянинг мевасидир.

Мухтасар айтганда, буюк ҳамюртимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади», дея таъкидлаган.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

 

3950 марта ўқилди

Мақолалар

Top