Мақолалар

Ватанга хиёнат қилувчиларнинг турлари

Туғилиб ўсган она юртига бўлган муҳаббатнинг энг гўзал намунасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини доимо она-Ватанга муҳаббатли бўлишга чорлаганлар. Ҳадиси шарифлардан бирида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳридан шундай марҳамат қилганлар:      
“(Эй Макка!)Агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим”, дейдилар.        

Бутун инсоният учун ўрнак бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ўз юртларини севиб ардоқлаганлар.

Ватанга хиёнат энг оғир гуноҳлардан биридир. Бир неча асрлар муқаддам соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур Ватанга хиёнатни қаттиқ қоралаб, битикларида бундай ёзган: “Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”. Шундай экан, ўз она юртига, халқига хиёнат қилган одамлардан ҳеч қачон дўст чиқмайди.

 “Хиёнат” сўзи луғатда бирор нарсага нисбатан зиммадаги мажбуриятни адо этмаслик, ўртадаги келишув ёки аҳдномани бузмоқлик деган маъноларда ишлатилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ватанга хиёнат деганда, инсон ўз юртига нисбатан зиммасидаги фуқаролик бурчини адо этмаслиги, унинг тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшмаслиги, аксинча тинчлигини бузишга ҳаракат қилиши тушунилади. Демак, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг зиммасида, унинг имконияти даражасида адо этиши лозим бўлган бурчлари мавжуддир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир қалбда имон билан куфр жамланмайди, ёлғон билан ростгўйлик бирга жамланмайди, хиёнат билан омонатдорлик бирга жамланмайди”, деб марҳамат қилганлар. Демак, хоин киши омонатсиз ва ишончсиздир. Омонатдор, ишончли кишилар ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар. Ундай одам ўз аҳли оиласига, фарзандларига, қавму қариндошларига, дўсту биродарларига ва табиийки, она Ватанига ҳам садоқатли, вафодордир. Ушбу ҳадис орқали ватанга хиёнат қилишнинг бир нечта турларини билиб олишимиз мумкин:

  1. Ёлғончилик. Одамларни, жамиятни ва давлатни алдаш – ВАТАНГА ХИЁНАТ;
  2. Омонатдорликни бузиш. Инсонлар ҳаққига (жони, моли, шани ва обрўйига) зулм қилиш, кишилар, жамият, давлат ва ватаннинг ишониб топширган омонатларига риоя этмаслик – ВАТАНГА ХИЁНАТ.

Демак, одамларни алдаб ёлғон гапираётганлар ҳамда кимсаларнинг моли, жони ва шанига путур етказиб уларга зулм қилаётганларнинг гуноҳлари ВАТАНга хиёнат қилишдек оғир гуноҳ билан тенг экан. Айнан мана шундай “тоифа”дагилар қўрқмасдан ватанига ҳам хиёнат қилиши ҳеч гап эмас. Ана ўшандайлар динни ниқоб қилиб, инсонларнинг энг нозик туйғулари – эътиқодий ҳисларидан фойдаланиб кишиларни тўғри йўлдан адаштиришга уринмоқда.

Хўш, ғараз ниятли бундай манфурларни қандай қилиб англаш мумкин? Бунинг жавоби оддий: уларнинг қилаётган амаллари ва гапларига эътибор бериш лозим. Агар сизга ниманидир таклиф қилаётган инсоннинг, айниқса дин номидан гапираётганларнинг сўзида ёлғон ва қилаётган ишида одамлар ҳаққидан қўрқмаслик бўлса билингки у ХОИН.   

Имом Мотуридий “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, дея хоинларнинг жазоси фақат ва фақат хорлик бўлишини таъкидлайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ватанни севувчи содиқлардан қилсин!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

3223 марта ўқилди

Мақолалар

Top