Мақолалар

Намозни қоим қилиш нима дегани?

Алҳамдулиллаҳ Роббил оламийн. Вассолату вассаламу ала ашрофил мурсалийн. Ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд.

Имом домлалар мавъизаларида “намозни қоим қилиш” деган жумла қулоғимизга чалинади. Шунингдек, китобларда ҳам шу жумлага кўзимиз тушади. Хўш, бунинг маъноси нима?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларини намозга буюрар экан, “Намоз ўқинглар!” демади, балки “Намозни қоим қилинглар!” деб марҳамат қилди. Қуръони Каримнинг қаерида намозга амр бўлса, ҳаммасида “қоим қилиш” жумласи келган. “Қоим қилиш” дегани “Тик турғазиш” деганидир. Демак, биз ўқийдиган намоз ўтириб қолган, ёнбошлаб қолган, ётиб қолган эмас, балки тик турган намоз бўлиши керак. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ

“...Намозни баркамол ўқинг, закот беринг...” (Бақара сураси, 83-оят).

Уламоларимиз бу борада келган далилларни ўрганиб, намозни қоим қилиш қуйидагича бўлишини айтганлар.

 

  1. Намознинг шартларини муҳофаза қилиш.

Намознинг шартлари деганда, намознинг ташқи фарзлари тушунилади.

Булар баданнинг таҳоратсизлик ва нажосатдан пок бўлиши, жой ва кийимнинг поклиги, қиблага юзланиш, вақтнинг кириши, авратнинг берклиги ва ният қилишдир.

Баданнинг нажосат ва таҳоратсизликлардан пок бўлиши кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ

“Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ, сизлардан бирингиз таҳоратсиз бўлса, то таҳорат олмагунича унинг намозини қабул қилмайди” дедилар.

Шу боис таҳоратни яхшилаб бажариш, истинжо, истиброларга жиддий эътибор бериш лозим.

Кийимнинг пок бўлиши кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ

“Ва кийимингни покла!” (Мудассир сураси, 4-оят).

Қиблага юзланиш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَمِنْ حَيْثُ خَرَجْتَ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِنَّهُ لَلْحَقُّ مِن رَّبِّكَ وَمَا اللّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ

“Қаердан чиқсанг ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Ва, албатта, бу Роббингдан бўлган ҳақдир” (Бақара сураси, 149-оят).

 

  1. Намознинг рукнларини муҳофаза қилиш.

Намознинг рукнлари деганда унинг ичидаги фарзлари тушунилади. Такбири таҳрима, қиём, қироат, руку, сажда, охирги ўтириш намознинг рукнлари дейилади.

Набий алайҳиссалом айтдилар: “Одамлар ўғирлайдиган нарсаларнинг энг ёмони намоздан ўғирлашидир”. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб намоздан ўғирлаш мумкин?” деб сўрашди. У зот: “Рукуъ ва саждасини тўлиқ қилмаслик билан” деб жавоб бердилар.

“Аллоҳу акбар” деб деб намозга киришгандан сўнг сано, тааввуз, басмалани шошмасдан ўқиш. Қўлларини боғлаб, киндик остида тутиб, қоматни тик тутиб туриш. Турганда эгилмай, қийшаймай туриш. Қироатни тажвид билан, шошмай ўқиш. Қироатдан сўнг “Аллоҳу акбар” деб рукуга эгилиш. Рукуда орқани текис тутиш. Рукуда “Субҳана Роббиял Азийм”ни дона-дона қилиб уч марта айтиш. Ушбу тасбеҳни айтаётганда худди қарға дон чўқигандек қилиб тез айтмасдан, оҳиста айтиш.

Рукудан бош кўтараётганда дона-дона қилиб “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейиш. Тик турганда бироз тин олиш, қадни рост тутиш ва “Роббана лакал ҳамд” дейиш. Кейин яна “Аллоҳу акбар” деб саждага бориш. Саждада бурун, пешонани ерга теккизиш, қўл ва оёқ бармоқларини ҳам қиблага йўналтириш. Тирсакларни ердан ва қориндан узоқ тутиш. Саждада ихлос билан “Субҳана Роббиял Аъло” деб уч марта айтиш. Ушбу тасбеҳни айтаётганда худди қарға дон чўқигандек қилиб тез айтмасдан, шошмай, оҳиста, дона-дона қилиб талаффуз қилиш. Рукнларни бажариш асносида заруратсиз ҳаракат қилмаслик.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани батамом қилмаган бир кишини кўриб: “Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатидан бошқа табиатда ўласан!” дедилар”. Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Қаъдада ўтирганда кафтларнинг бармоғини тизза кўзига тўғирлаб, сон устига қўйиб, ташаҳҳудни айтиш, саловот ва дуоларни ўқиш лозим.

 

  1. Намознинг хушуъсини муҳофаза қилиш.

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.

Хушуъ – қўрқув билан сокинликнинг аралашганидир. Банда намоз ўқир экан, у Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганини ҳис қилиб, ихлос билан, ҳар бир ўқиётган оят ва дуоларининг мазмунини англаб, қалбидан ўтказиб туриши керак. Банда намозда қалби ҳозир бўлиши лозим. Яъни намозда турганда хаёли бошқа тарафга чалғимаслиги керак. Намозда қалб ҳозирлигига эришиш учун ички ва ташқи омилларни бартараф қилиш лозим. Ички омил – хаёлга келувчи турли нарсалардир. Намозга киришдикми, хаёлимизда фақат намоз, ўқиётган сураларимизнинг маъноси туриши керак. Бозор, пул, бола-чақа, оғайнилар ва ҳоказоларни ўйламаслик керак. Ташқи омил -  рўпарамиздаги турли нақшлардир. Намозда турганимизда, олдимиздаги парда, эшик, девордаги нақшлар, чизиқларга кўзимиз тушганда, намоздан чалғишимизга сабаб бўлади. Шу боис намозга киришиш олдидан ўша нарсаларни олиб қўйишга эътибор бериш керак. Ана шу икки омил бартараф этилса, Аллоҳ таолонинг изни билан қалб ҳозирлига эришилади.

Хушуънинг маъноларига Қуръон оятларининг маънолари борасида тафаккур қилиш, ундан таъсирланиш, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаш ҳам киради.

Намоздаги хушуъ худди танадаги руҳ кабидир. Хушуъсиз намоз руҳсиз жасаддир.

         Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди”.  “Сунан” эгалари ривоят қилишган.

Намозни хушуъ билан ўқиш нажот топиш кафолатидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ

“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” (Мўминун сураси, 1-2-оятлар).

 

  1. Беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш.

Намозни вақтида, жамоат билан масжидда адо этиш ҳам намозни қоим қилиш омилларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَّوْقُوتاً

“Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

حَافِظُواْ عَلَى الصَّلَوَاتِ والصَّلاَةِ الْوُسْطَى وَقُومُواْ لِلّهِ قَانِتِينَ

“Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг” (Бақара сураси, 238-оят).

Намозга азон айтилганда, барча ишни тўхтатиб, азонга ижобат қилиш, намоз ўқишга уриниш ҳам намозни ўз вақтида ўқиш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло намозга нидо қилинганда барча ишни тўхтатиб, намозга боришга амр қилиб шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِي لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

“Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир” (Жумуъа сураси, 9-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Амалларнинг Аллоҳ таолога энг маҳбуби қайси?” деб сўраганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ўз вақтида ўқилган намоз...” деб жавоб берганлар. Муттафақун алайҳ.

Демак, намозни қоим қилиш уни Аллоҳ таоло буюрганидек, У рози бўладиган тарзда адо этишдир.

Мана шу тўрт шартни бажариб намоз ўқиган кишилар, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан намозни қоим қилган кишилар бўлишади.

Аллоҳ таоло барчамизни намозни қоим қилувчи бандаларидан айлаб, барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! ОМИН!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

6242 марта ўқилди

Мақолалар

Top