Мақолалар

“Макка овози” лақабли қори

Миср юрти ўзининг гўзал овозли, моҳир қорилари билан дунёга машҳурдир. Масалан, Комил Баҳтимий, Мустафо Исмоил, Рузайқий, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Маҳмуд Сиддиқ Миншавий, Маҳмуд Али Банно, Муҳаммад Табловий, Роғиб Мустафо Ғалваш, Абдулбосит Абдуссамад ва бошқаларни келтириш мумкин.

Шайх Абдулбосит Абдуссамад ўзларининг гўзал овозлари, тажвидлари билан маълум ва машҳурдирлар. Ушбу қоридан бир неча фарзандлар қолган. Фарзандлари оталари ҳақида баъзи фикрларни айтиб ўтишган.

Ёсир Абдуссамаднинг айтишича, оталари Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимҳуллоҳ ўғилларидан бирортасини урмаганлар. Оталари уларга мулойимлик ва муҳаббат билан муомала қилиб, доим насиҳат қилиб турардилар.

Ёсир Абдуссамад отаси ҳақида яна шундай деган: “Отамдан ўрганган муҳим нарсаларимдан бири — ростгўйликдир”.

Шайх Абдулбосит раҳимаҳуллоҳ барча қорилар билан яхши муносабатда бўлардилар. У киши кўпроқ Шайх Маҳмуд Али Банно, Шайх Рузайқий, Шайх Мустафо Исмоил билан яқин эдилар.

Шайх Абдулбосит раҳимаҳуллоҳнинг лақаблари кўп бўлиб, шулардан бири “Совту Макка” (“Макка овози”) лақаби эди. Чунки Масжидул Ҳаромда Қуръон тиловат қилишга рухсат берилган илк мисрлик қори Абдулбосит раҳимаҳуллоҳ бўлиб, бу рухсатни Саудия Подшоҳлиги берарди.

Шайх Абдулбосит раҳимаҳуллоҳ учта президент: Жамол Абдулносир, Анвар Садат, Муҳаммад Ҳусний Муборакни кўрганлар.

Шайх Абдулбосит раҳимаҳуллоҳнинг бир орзулари бор эди. Бу орзу Масжидул Ақсода яна бир бор Қуръон тиловат қилиш эди. Аммо вафотларига қадар бу орзу амалга ошмади.

Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ “Киши Қуръонни холис Аллоҳнинг розилигини, карамли юзини истаб, қалбидан тиловат қилса, уни тинглаётганлар бу тиловатдан таъсирланадилар” деганлар.

1988 йил 30 ноябрда вафот этган эдилар. Бу йил вафотларига 31 йил бўлибди.

Аллоҳ таоло Шайх Абдулбосит Абдуссамадни раҳматига олсин! Зурриёдларимиздан у кишига ўхшаган қориларни кўплаб чиқарсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

3130 марта ўқилди

Мақолалар

Top