Мақолалар

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИ ТАШБЕҲСИЗ ВА КАЙФИЯТСИЗДИР

 

Уламоларнинг Аллоҳ сифатларини форс тилида (Арабчадан бошқа тилларда) зикр этишлари жоиздир. Аммо «яд» сўзини Аллоҳга нисбат берилганда форс тилида «Дасти Худо» – деб зикр этилмагай. «Аллоҳнинг юзи» деб айтиш жоиз, лекин ташбеҳсиз ва кайфиятсиз айтилиши шарт. Аллоҳнинг узоқлиги ва яқинлиги ўртасидаги масофанинг узун-қисқалиги билан изоҳланмайди, балки яқинлик – банданинг мукаррамлиги, узоқлик – унинг хорлигидир. Итоаткор одам Аллоҳга яқиндир, лекин кайфиятсиз. Итоатсиз кимса Ундан узоқдир, лекин кайфиятсиз. Яқинлик, узоқлик, юзма­юз бўлиш, жаннатда ёнма­ён бўлиш, Унинг ҳузурида туриш кабиларни кайфиятсиз деб билиш зарурдир.

 

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: Қуръони карим Аллоҳнинг каломидир

 

Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ва мусҳафларимизга ёзилгандир. Унинг барча оятлари фазилат ва улуғликда Аллоҳнинг каломи бўлгани учун баробардир. Аммо баъзи оятларнинг ўқилиши ўзи фазилатли бўлса, бошқалари ундаги зикр этилган нарсалар сабабли фазилатга эгадир. Масалан, «Оятул­Курсий»да Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва сифатлари зикр этилган. Демак, унда иккита фазилат жам бўлган – зикр ва мазкур фазилатлари. Кофирлар тўғрисида келган оятларда фақат зикр фазилати бўлиб, мазкур этилганлар кофирлар бўлганлари учун иккинчи фазилат тушиб қолади. Шунингдек, Аллоҳнинг исм ва сифатлари фазилат ва улуғликда барчаси тенгдир, бир­биридан бу жиҳатдан фарқ этмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота­оналари фитрат (исломий табиат – ислом)да вафот этганлар. Амакиси Абу Толиб кофирлик ҳолида оламдан ўтган. Қосим, Тоҳир, Иброҳим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари, Фотима, Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсум – қизларидир.

 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳи акбар” китоби)

 

2579 марта ўқилди

Мақолалар

Top